Меню
Қашқадарё
ЁЛҒОНЧИНИНГ ОҒЗИДА ҲАТТО ҲАҚИҚАТ ҲАМ ИШОНАРЛИ БЎЛМАЙДИ
Сараланган сатрлар
Дунёда шундай ижодкорлар борки, бадиий асарлар ёзиш билан бирга ижтимоий-сиёсий фаолият билан ҳам фаол шуғулланиб, муҳим жараёнларга сезиларли таъсир кўрсатишган. Улардан бири ҳинд ёзувчиси ва жамоат арбоби Рабиндранат Тагор (1861-1941) саналади.
Аввало, қайд этиш ўринли, Тагор ижодий мероси жуда катта. 50 дан ортиқ шеърий тўпламлар, 12 та роман ва қисса, 100 дан ортиқ ҳикоя, 30 дан ортиқ пьеса, 2 мингдан ортиқ ашула, 200 га яқин публицистик мақола, мактаб дарсликлари, тил-адабиёт масалалари, Ҳиндистон фалсафаси ва динига оид кўп илмий асарлар ёзган. "Халқ қалби" номли қўшиғи Ҳиндистон Республикасининг, ватанпарварлик ҳақидаги "Менинг олтин Бенгалиям" қўшиғи эса Бангладеш Халқ Республикасининг миллий мадҳиясига айланган. 1913 йилда ижодкорга адабиёт соҳасида Нобель мукофоти берилган.
Тагор Калкутта ва Лондон университетларида ўқиган. Унинг яна бир муҳим хизматларидан бири Ҳиндистондаги барча миллат вакилларини, улар қайси табақа ва диний мазҳабда бўлишидан қатъи назар, озодлик учун курашда ягона иттифоққа бирлашишга даъват этганидир.
Қуйида адибнинг "Ҳалокат" романидан эътиборга молик лавҳаларни сараладик. Бу асарни Ҳамза Умаров ижросидаги Ромеш, шу билан бирга, Сушила, Нолинакха, Камола, Умеш, Хем каби қаҳрамонлари бўлган "Ганг дарёсининг қизи" бадиий фильми орқали яхши биласиз.
Роман 1902 йилда ёзилган. Адиб бу асарида Бенгалияда эски ҳаёт тартиблари емирилиб бораётганини бадиий акс эттиради. Бу асарни ўқиб чиқинг: оила ҳақидаги қарашларингиз янги ва яхши фикрлар билан бойийди.
* * *
Юлдузли осмонда мудом сайёралар ҳаракат қилади, аммо бу ҳол расадхоналарнинг бутун ускуналари билан мутлақо осойишта туришига сира халақит бермайди.
* * *
Ҳар қандай одам, борингки энг буюк олим ёхуд шоир бўлса ҳам, нафратга сазовор майда-чуйдаларсиз бир кун ҳам яшай олмайди!
* * *
Ёмғир фасли бошланди. Шаҳар аҳолиси учун бунинг ҳеч қандай фазилати йўқ, ўрмон ва далалар учун эса, бошқа гап. Ёмғирдан яшириниш учун бу фаслни шаҳарда уйлар том ва ёпиқ деразалари билан, трамвайлар туширилган дарпардалари билан, одамлар эса шамсиялар билан кутиб олади. Бироқ шунча эҳтиёткорликка қарамай, ҳамма жиққа ҳўл бўлиб, ҳаммаёқ лой-балчиққа тўлади; айни вақтда, ўрмонлар, дарё, адир ва тоғлар эса ёмғирни дўстдек табриклаб, қувноқ гулдираш билан қарши оладилар. Улар учун ёмғир муштоқона кутилган меҳмон, осмон билан ернинг бирлашувидан иборат бу қувноқ байрамда ҳамма шовқин ҳамоҳанг куйдай янграйди.
* * *
Дунё шундайки, унда дўстлик энг самарасиз машғулотга айланган.
* * *
Осмоннинг пешонасида ташвишлар тамғаси бўлган бирор ажин кўринмайди; тўхтовсиз интилишлардан ой нури хираланмасди; тун жимжит; тинимсиз жимирлаган саноқсиз юлдузлар билан тўлиқ коинот узоқ уйқуга толди. Фақат одамлар орасидаги низо ва ташвишларнинг ниҳояти йўқ. Бахт ва мусибат, машаққат ва фалокатлар кишилик жамиятини тўхтовсиз ҳаяжонга солиб туради, бир томонда чексиз коинотнинг мангу сукунати, иккинчи томонда ер юзидаги абадий курашлар!
* * *
Ёлғончининг оғзида ҳатто ҳақиқат ҳам ишонарли бўлмайди.
* * *
Одамлар рад этиб бўлмайдиган далилларга ҳам ишонмасалар, нима қиласан! Уларнинг, бошқалар нима дейишидан қатъи назар, ўйламай-нетмай, икки карра икки тўрт эмас, деб туриб олишлари ҳеч гап эмас, оқилона далиллар қора қорадир деб тасдиқлайди, бироқ муҳаббат эса қорани оқ деб туриб олса борми, ҳар қандай далилга қарши ҳужум бошлай беради.
* * *
Бир нарсани йўқдан бор қилмоқ чакана санъат эмас. Бунга ҳамма уринади, лекин баъзиларгина уддалайди.
* * *
Дунёда баъзан шундай одамлар учрайдики, биринчи кўришдаёқ ўзингга яқин оласан.
* * *
Ишчан одамларда бир нуқсон бўлади: улар ҳамиша бошқаларнинг қурбига унча ишонқирамайдилар. Бошқа биров уларнинг ишига қўл урса, албатта, ҳамма ишни бузади, деб ҳайиқиб турадилар.
* * *
Биз ҳаммамиз нақадар ожизмиз! Парвардигори олам ота қалбига меҳр солган бўлса-да, отанинг қўли калта - тақдирни ўзгартира олмайди.
* * *
Агар ҳар бир уйда китобдан олинган воқеаларга қараб иш тутилганда, ҳаётга тоқат қилиб бўлмай қоларди!
* * *
Дунёда ўзингга ёқадиган нарсани жуда оз учратасан киши, нарсалар қандай бўлса, уларни шундайлигича кўра билиш лозим. Менимча, олижаноблик ҳам шундан иборат.
* * *
Динни ўзлари учун шунчаки бир одат деб билганлар, яқин кишиларни адолатсизлик билан айблаб, бадном қилиш учун худо уларни махсус яратган деб ишонадилар. Дунёда дин номидан савдо қилувчилардан кўра разилроқ ғийбатчини қидириб тополмайсан.
* * *
Яқинларининг нуқсон ва хатоларини муҳокама қилган кишиларнинг ақли паст, хулқи шубҳали, юраги тош бўлади.
* * *
Агар биров маҳрумият жафосини чекмаган экан, демак, бирор нарсага ҳам эга бўлмаган. Риёзат чекмай маънавий камолотга эришиб бўлмайди; фақат маҳрумият эвазига топган нарсамизгина қалбимизнинг жавҳари бўла олади. Дунёвий бойлик бизнинг кўз ўнгимизда кулга айланиши мумкин, уни йўқотган одам бахтсиз: бироқ унинг учун йўқотиш - қимматроқ бир нарсани топиш имкониятидир.
Бордию, биз бирор нарсадан маҳрум бўлиб, бош эгиб, қўл қовуштириб, итоаткорлик билан: бу инъом - фидойилик инъоми, қайғу ва кўз ёшларим инъоми дея олсак - унда ўткинчи нарсалар абадий бўлади, биз учун одатдаги нарса санамга айланиб, юрагимиз ибодатхонаси хазинасида абадий сақланади.
* * *
Фақат ўз қатъиятинг билан ҳеч нарса қилолмайсан. Шароит ҳамиша қулай бўлавермайди.
* * *
Улуғ кишиларни, яхшиси, узоқдан ҳурмат қилмоқ лозим, ўз синглингни ундай кишига эрга бериш эса - хатардан холи эмас. Мақолни эсингда тут: "тиканни тикан билан чиқарадилар".
* * *
Мунофиқ ҳақиқат нималигини қаёқдан билсин? Ҳақиқат - олтинга ўхшайди, уни сунъий йўл билан вужудга келтириш мумкин эмас.
* * *
Ўз аъзойи баданимизни вайрон қилишга ҳаққимиз йўқ, уни биз яратган эмасмиз.
* * *
Нимаики ҳақиқатда бизники бўлса, уни йўқотишимиз мумкин эмас. Нимаики аслида бизники бўлмаса, фақат шундагина жудо бўлишимиз мумкин. Бирор нарса қўлдан чиққандан кейингина, унинг бизники ёки бизники эмаслиги равшан бўлади.
* * *
Агар мен битта ҳам шогирди йўқ, фақат устозлардан иборат бир жамиятда бўлсам, номус қилардим. Унда насиҳатгўйларнинг шовқинидан бирор нарса ўрганиш мумкин бўлмай қоларди.
* * *
Албатта, жамиятда ғилофини йўқотиш жиноят саналади. Бироқ қилич ҳам, одам ҳам бутунлай ғилоф ичидагина туравермайди-ку? Қиличнинг ғилоф ичида қоладиган қисми ҳамма вақт бир хил, фақат дастасигина устанинг хоҳиши ва санъатига мувофиқ зийнатланган бўлади. Кишилик жамияти ғилофининг ташқарисида шахснинг ўзига хос фазилатларини зуҳур этиши учун бир оз ўрин қолиши зарурлигини инкор қилмассиз, ахир!
* * *
Оламнинг тараққиёти учун масъулият юкини ўз зиммасига олганлар, бошқаларнинг уйларида нималар бўлаётганини аниқлашни ўзларининг энг биринчи вазифаларидан бири ҳисоблайдилар; улар ҳатто етишмаган маълумотларни ўзлари тўлдириш қобилиятига ҳам эгадирлар. Бунингсиз олам камолга эмас, заволга қараб кетган бўларди.
* * *
Агар сиз бошқаларга одат бўлмаган бирор ишни қилгудай бўлсангиз, уни қанча яширманг, барибир кўрадилар, ҳолбуки одатдаги машғулотга ҳеч ким эътибор қилмайди.
* * *
Мен оддий бир одамман, ерда хокисорларнинг хокисоридек ўрним бор, холос.
* * *
Бахтсиз аёл учун ғамхўрлик қилишни ўз зиммасига ола биладиган эрлар дунёда жуда кам учрайди.
* * *
Бурч ҳақидаги тушунча ҳозирги аср болаларида ўтмишдагиларга қараганда тамомила бошқа.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.