Меню

Қашқадарё

20.03.2020 1037

ЁЛҒИЗ ОНАГА ШИФЕР, УЙ-ЖОЙГА МУҲТОЖЛАРГА ЭСА ЕР БЕРИЛДИ

Наврўз қадриятлари

Меҳр-оқибатли бўлиш, қариялар, ёлғизлар ҳолидан хабар олиш, муҳтожларга ёрдам кўрсатиш кўп минг йиллик тарихга эга Наврўз байрамининг асосий қадриятларидан биридир. Эътиборли томони, бугун бу қадриятларимиз янада оммалашиб, маънавий ҳаётимизнинг узвий бир бўлагига айланиб бормоқда.

Ана шу қутлуғ айём кунларида Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан ёлғиз онага 50 дона шифер олиб берилди. 1 нафар фарзанди билан Қарлиқхона маҳалласида яшайдиган бу аёл уйининг деворини тиклагани, аммо том қисмини ёпишга имконияти етмаётганини айтиб, ёрдам сўраганди.

Шунингдек, шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан Шоҳбекат маҳалласида яшовчи аёлнинг икки ўғлига ҳамда Шайхали маҳалласида истиқомат қилаётган фуқарога уй-жой қуриш учун 2 сотихдан ер ажратиб берилди.

Шоҳбекат маҳалласидаги икки хонали каталакдек уйда шу пайтга қадар тўрт оила яшаб келган. Онахон шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилиб, икки ўғли учун ер участкаси ажратиб беришни сўраган эди. Шайхалида эса 6 сотихли ҳовлида бешта оила бирга яшаган. Аёлнинг бир нафар фарзанди ногирон. Энди у ажратилган ерда ўзи учун янги уй қуриш имкониятига эга.

Табассум маҳалласида яшовчи аёл эса 2-гуруҳ ногирони. Ўзи юра олмайди. Етти йилдирки, тўшакка михланиб қолган. У ногиронлик аравачаси сўраб мурожаат қилганди. Шу куннинг ўзида аёлга ногиронлик аравачаси топширилди, дея хабар бермоқда Қарши шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!