Меню

Қашқадарё

11.07.2017 2450

ЙОДЛАНМАГАН ТУЗ, ЗАРУР МЕЪЁРДА БОЙИТИЛМАГАН УН

Инсон организми микронутриентларни синтез қила олмайди ва захирада сақлаш қобилиятига ҳам эга эмас. Шу боисдан физиологик эҳтиёжни қондириш учун улар организмга мунтазам равишда ва етарли миқдорда тайёр ҳолда, яъни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тушиб туриши керак.

Болаларнинг аксарият қисмида, ҳомиладор ва эмизикли аёлларда кўплаб витаминларнинг етишмовчилиги темир моддаси танқислиги билан ҳамоҳанг учрайди. Бу эса, ўз навбатида, аста-секин яширин темир танқислиги ва темиртанқис анемия ривожланишига хизмат қилади. Ҳомиладорлик даврида аёлларнинг яхши овқатланмаслиги оқибатида болаларнинг кам вазн билан ҳамда чала туғилиши ҳолатлари юзага келади. Ҳомиладорликнинг бошланғич даврида  фолат кислотаси ва йод миқдори етишмовчилиги унинг кечишига салбий таъсир қилиб,  болаларда туғма нуқсонлар ривожланишига сабаб бўлади. Худди шунингдек, бошқа бир минерал модда ва витаминларнинг етишмаслиги оқибатида иммунитет пасайиши ва турли хил касалликлар вужудга келишига сабаб туғилади.

 Касалликларнинг 80 фоизи инсон организмида микронутриентлар танқислиги, яъни витамин ва минерал моддалар етишмаслиги оқибатида юзага келиши аниқланган. Бу эса, ўз навбатида, асосан оналар ва болалар орасида касаллик кўрсаткичларининг юқори бўлиши, шу билан бирга болаларнинг ақлий ва жисмоний камол топишига ҳам салбий таъсир этиши аниқланган. Ана шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини зарур витаминлар ва минерал моддалар билан бойитиш тизимининг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилган. Хусусан, 2007 йил 3 майда Ўзбекистон Республикасининг "Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида"ги ва 2010 йил 7 июнда "Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида"ги қонунлари қабул қилинган. Ушбу ҳужжатлар, қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Унни бойитиш миллий дастури" тўғрисидаги қарори талабларидан келиб чиқиб, 2011 йил 1 январдан бошлаб республикамиз ҳудудида 1-навли ун микронутриентлар билан бойитилган ҳолда ишлаб чиқарилмоқда.

Бойитилган озиқ-овқат маҳсулоти, бу - ишлаб чиқарилиши жараёнида микронутриентлар билан бойитилган маҳсулотлар бўлиб, улар таркибига темир (Fe), рух (Zn), тиамин (B1), рибофлавин (B2), никотинамид (PP) ва фолат кислотаси (B9) киради.

Шу ерда уларнинг айримларига изоҳ бериб ўтамиз. Муҳим микронутриентлар сирасига кирувчи элементлардан бири рух (Zn) бўлиб, у организмнинг ўсиши ва ривожланишида, асаб тизими ва иммунитетни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Узоқ вақт давомида болалар рационида рух танқис бўлганида паканалик, темиртанқис анемия, ақлий ривожланишнинг секинлашиши, жинсий етилишнинг кечикиши каби белгилар пайдо бўлиши мумкин. Катталарда рух танқислиги тери қопламаларининг қайтувчи шикастланиши, таъм ва ҳид билишнинг бузилиши, шунингдек, суяклар зичлиги мустаҳкамлиги пасайиши, иккиламчи иммунодефицит ривожланиши, организмнинг мослашувчанлик қобилияти пасайиши билан кечади.

Тиамин (B1) витаминининг етишмаслиги оқибатида "Бери-бери" деб аталувчи касаллик ривожланади. Касаллик юрак қон-томирлари, асаб, мушаклар тизими ва ошқозон-ичак йўлларини шикастлайди.

Йод танқислиги касалликларини камайтиришга қаратилган энг самарадор, хавфсиз, иқтисодий жиҳатдан қулай ва оддий профилактик тадбир, бу - йодланган ош тузидан фойдаланишдир. Вилоятимизда ишлаб чиқарилаётган 1-навли ун ва сотувга чиқарилган йодланган ош тузлари мунтазам равишда марказимиз ҳузуридаги лабораторияларда таҳлил қилиб борилади. Жорий йилнинг иккинчи чораги давомида лаборатория таҳлилидан ўтказилган йодланган ош тузининг 452 та намунасидан 212 тасида белгиланган йод миқдори қўшилмаганлиги, 1-навли бойитилган буғдой унининг 8 та намунасидан 4 тасида витамин-минерал аралашмаси миқдори    меъёридан кам эканлиги аниқланди.

Шу ўринда савол туғилади: бундай маҳсулотлар қандай йўллар билан савдода пайдо бўлган?  Ахир, талаб даражасида бойитилмаган ош тузи, меъёрда бўлмаган 1-навли унни истеъмолга чиқариш мамлакатимизда қонун доирасида тақиқлаб қўйилган-ку? Жойларда бу каби қонунга хилоф ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида марказ ходимлари мунтазам равишда озиқ-овқат маҳсулотлари сифати, яроқлилик муддати, санитария-гигиеник талабларга жавоб бериш ҳолатини назорат қилиб боришади. Мақсадимиз - аҳолига сифатли маҳсулот етказиб беришда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик.

Одилжон ОЧИЛОВ,

вилоят ДСЭНМ бўлим мудири

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!