Меню

Қашқадарё

14.07.2018 2199

ЙИРИК ИННОВАЦИОН ЛОЙИҲА, 4 БОСҚИЧЛИ ТИЗИМ, ХАРИДОРГИР МАҲСУЛОТ ВА 2 МИНГДАН ОШИҚ ИШ ЎРНИ

Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан бу борада бир нечта ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва улар асосида пахта хом ашёсини ишлаб чиқаришни ташкил қилишда соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, соҳада бозор механизмларини жорий этишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилди. Мамлакатимизда биринчи бор маҳаллий тўқимачилик саноати корхоналари томонидан фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига пахта хом ашёси сотиб олиш учун тўғридан-тўғри буюртма бериш, яъни кластер тизими босқичма-босқич йўлга қўйилмоқда.

Ғузор туманида янги барпо этилаётган “G‘uzor tekstil impeks” масъулияти чекланган жамиятининг иш жараёни ҳам ана шу усулда амалга оширилади. Мазкур жамият директори ўринбосари Соҳиб Бобоев вилоятдаги энг йирик инновацион пахта-тўқимачилик кластери бўлиши кутилаётган ушбу лойиҳа, бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида бир қанча маълумотларни берди.

Ҳамма иш ерни шудгорлашдан бошланади

- Биламизки, кластер усули деганда маълум корхонанинг хом ашё етиштиришдан тортиб, уни тайёр маҳсулот сифатида бозорга чиқаришга қадар бўлган жараённи ўзи бошқариши тушунилади.

Буни “G‘uzor tekstil impeks” масъулияти чекланган жамияти мисолида оладиган бўлсак, ушбу корхона дастлабки ишни ерни шудгорлашдан бошлайди. Кейин чигит экади, ғўза парваришлайди, ҳосилни йиғиб олади, толани қайта ишлайди ва ундан аввал мато, сўнг кийим-кечаклар ишлаб чиқариб, ўзи бозорга сотади. Натижада, бутун бошли тизимни назорат қилади. Керакли навни экиш, яхши меҳнат қилиш ва кўпроқ хом ашё етиштириш имкони ўзига боғлиқ бўлади.

Айни вақтда жамиятда бунинг учун пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Хусусан, Миришкор туманидан 10 минг гектар, Сурхондарё вилоятининг Ангор туманидан эса 3,5 минг гектар ер майдони узоқ муддатга ижарага олиниб, хом ашё етиштирилаяпти.

Миришкор туманида жамият томонидан пахта хом ашёсини етиштиришга мўлжалланган йирик тармоқ барпо этилади.

Шу мақсадда яқинда хорижда ишлаб чиқарилган  70 га яқин замонавий ҳайдов тракторлари харид қилинди. Яна 100 дан ошиқ ишлов тракторлари, 300 дан ошиқ ер ҳайдаш, текислаш ва    бошқа ишловларни бериш учун мўлжалланган зарур ускуналарни сотиб олиш режалаштирилган. Бир сўз билан айтганда, ҳудудда субъектнинг йирик хом ашё етиштириш хўжалиги барпо этилади. Бу борадаги ишлар жамият томонидан таъсис этилган фермер хўжалиги томонидан бошқарилади. Ўз навбатида фермер хўжалиги ҳар бири 500 гектар ер майдонига эга 20 та кичик агро участкага бўлинади.

Шунингдек, фермер хўжалиги ҳудудида замонавий машина-трактор парки, марказлашган ўғит омбори, ёнилғи қуйиш шохобчалари ҳамда 100 та дала шийпони барпо этилиб, ишчилар учун барча шарт-шароит яратилади. Бу ишлар учун 56 миллиард сўм маблағ сарфланади.

Қарийб 500 киши меҳнат қиладиган тармоқда ҳар гектар ердан 3,5 тонна ингичка толали пахта хом ашёси етиштириш мўлжалланмоқда.

Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида ҳам ишлар худди шу тарзда йўлга қўйилади.

Иккинчи босқичда хом ашё қайта ишланади

- Қишлоқ хўжалиги тармоғида ҳосил йиғиб олингач, буёғига ишнинг иккинчи босқичи бошланиб, пахта дастлабки қайта ишлашга йўналтирилади.

Бу лойиҳа ҳам Миришкор туманида ташкил этилади. Лойиҳа доирасида туман ҳудудида замонавий пахта қабул қилиш маскани, пахта хом ашёсини қайта ишлаш заводи ҳамда тола ва чигит сақлаш омборлари қурилади.

Хом ашёни дастлабки қайта ишлаш тармоғини барпо этиш билан боғлиқ ишларни жорий йил сўнгига қадар тугатиш мақсад қилинган.

Ғузорда ип-калава ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади

- Чигитдан ажратилган тола учинчи босқичда Ғузор туманига олиб келиниб, шу ерда ундан халқаро сифат стандартларига тўлиқ жавоб берадиган ип-калава ҳамда трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Айни вақтда бунинг учун жамиятга туман марказига ёндаш ҳудуддан 9 гектардан ортиқ ер майдони ажратилиб, бу ерда МЧЖнинг бош офиси ҳамда толани қайта ишлаш корхонасини қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Корхонада пахта толасини қайта ишлаш энг замонавий технологиялар асосида амалга оширилади. Ҳозирги кунда бундай технологияларни етказиб бериш ва ўрнатиш бўйича бир нечта хорижий компаниялар билан шартномалар имзоланган. Қурилиш ишлари якунланиши билан ушбу технологияларни келтириш жараёни бошланади.

Корхона 2019 йил якунига қадар тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, қиймати 45 миллион АҚШ долларини ташкил этадиган мазкур лойиҳа тўлиқ амалга оширилиши натижасида ҳудуддаги 800 нафардан ортиқ фуқаро муқим иш ўрнига эга бўлади.

Миришкорда кийим-кечак тайёрланади

- Лойиҳанинг тўртинчи босқичида Ғузордаги корхонада тайёрланган сифатли ип-калава ва матодан кийим-кечак тайёрланади.

Бунинг учун Миришкор туманида яна бир йирик корхонани барпо этиш ишлари бошланмоқда.

Ушбу корхонада замонавий технологиялар асосида тайёр кийим-кечаклар ишлаб чиқарилади. Маҳсулот корхона бренди остида маҳаллий ва хорижий бозорга чиқарилади.

2019 йилнинг сўнгига қадар ишга тушириладиган бу корхонада 500 нафарга яқин йигит-қиз меҳнат қилади.

Қаршида бўёқ ва ёғ заводи қурилади

- Юқоридаги ишлар ҳам “G‘uzor tekstil impeks” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган йирик лойиҳанинг ҳаммаси эмас. Лойиҳа доирасида Қарши шаҳрида ҳам иккита йирик ишлаб чиқариш тармоғи барпо этилади.

3 гектардан ошиқ ҳудудни эгаллайдиган мазкур ишлаб чиқариш ҳудудининг бир қисмида толага ранг беришда фойдаланиладиган турли бўёқлар ишлаб чиқарилади. Яъни, барча ишни ўзи бажараётган корхона бўёқ учун кетадиган маблағни ҳам бегона қилмайди.

Шунингдек, шу ерда пахта чигитидан ёғ ишлаб чиқариш заводи барпо этилади. Жамиятнинг пахта майдонларида етиштирилган хом ашёдан ажратиб олинган чигит мазкур заводда қайта ишланиб, ундан ёғ, кунжара, шелуха ва совун каби маҳсулотлар ажратиб олинади. Уларнинг ҳар бири тайёр ҳолатда, жумладан, пахта ёғи махсус идишларга қадоқланиб, сотувга чиқарилади.

2020 йилда ишга тушадиган ушбу корхонада 300 га яқин иш ўрни яратилади.

Лўнда қилиб айтганда, “G‘uzor tekstil impeks” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган лойиҳа асосидаги кластер “уруғдан-тайёр маҳсулотгача” тизимида ишни йўлга қўйиш имконини беради. Шу билан биргаликда, унинг доирасидаги тармоқларда 2 мингдан зиёд йигит-қиз учун иш ўринлари яратилади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!