Меню

Қашқадарё

07.12.2023 3338

Йирик банклар иқлим ўзгаришига қарши курашишни фаоллаштиришга ваъда берди

Дубай шаҳрида ўтаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича 28-конференцияси (COP28)да дунёнинг ўнлаб етакчи кредит компаниялари, жумладан, Жаҳон банки қўшма баёнот имзолади. Бу ҳақда Reuters хабар тарқатган.

Ҳужжатда улар иқлим ўзгаришига қарши курашишни фаоллаштиришга ваъда берган. Манба маълумотларига кўра, банклар сайёрани қутқариш учун "имкониятлар ойнаси" тез қисқариб бораётганини тан олган. Айни вақтда баёнотда қазиб олинадиган ёқилғи йўналишидаги лойиҳаларни молиялаштиришдан воз кечиш масаласи тилга олинмаган.

Ўтган йили дунё молия муассасалари иқлим билан боғлиқ лойиҳаларга рекорд миқдорда маблағ (61 миллиард доллар) ажратган. Бироқ бу етарли эмас. Бинобарин, БМТ бош котиби  Антониу Гутерриш COP28да қазиб олинадиган ёқилғилардан воз кечиш сайёрани қутқаришнинг ягона йўли эканини қайд этган.

Шунингдек, банклар лойиҳаларнинг иқлимга таъсирини кузатиш бўйича умумий ёндашувни ишлаб чиқишга ва ушбу соҳадаги инвестиция имкониятларини аниқлаш учун таҳлилларни кенгайтиришга ҳам ваъда берган.

Бундан ташқари, дунё молия муассасалари мамлакатларни иқлим ўзгаришига мослаштириш, жумладан, хавфларни суғурталаш ва бардошлиликни ошириш бўйича чора-тадбирларни молиялаштиришни кўпайтириш ниятида.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!