Меню

Қашқадарё

25.08.2018 1699

ЙИРИК АНЖУМАН ОЛДИДАН ЁХБ МАХСУС ТАДБИР ЎТКАЗДИ

Таъкидлаб ўтиш жоизки, бундай йирик анжуман ўтказиладиган объектлар, ҳудуддаги меҳмонхоналар ва бошқа майдонларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳам энг муҳим вазифалардан бири саналади. Шу муносабат билан яқинда вилоят ИИБ ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ташаббуси билан Шаҳрисабз шаҳри марказида махсус профилактик тадбир ҳамда тактик ўқув машғулоти ташкил этилди. Унга вилоят ёнғин хавфсизлиги, фавқулодда вазиятлар, соғлиқни сақлаш бошқармалари, Шаҳрисабз шаҳар электр ва табиий газ таъминоти идоралари мутахассислари жалб этилди.

Тадбир аввалида тегишли соҳа ходимлари иштирокида Халқаро мақом санъати анжумани ўтказиладиган асосий бино атрофидаги турли иншоотлар, аҳоли турар жойларининг ёнғин хавфсизлиги ҳолати ўрганиб чиқилди.

Хусусан, хориждан ташриф буюрадиган меҳмонлар жойлашиши мўлжалланган 6 та меҳмонхона, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидан Шаҳрисабзга келадиган санъаткорлар ва бошқа меҳмонлар жойлашиши режалаштирилган “Беруний”, “Лочин”, “Зебинисо” ва Яккабоғ туманидаги “Ниҳол”, Китоб туманидаги “Алоқачи” болалар дам олиш оромгоҳлари, шаҳар марказидаги маҳаллалардаги 2585 та аҳоли яшаш хонадони, овқатланиш ва савдо шохобчалари ёнғин хавфсизлиги талаблари жиҳатидан тўлиқ қўшимча профилактик кўрикдан ўтказилди. Аниқланган камчиликларнинг айримлари жойида бартараф этилди, айримларини қисқа фурсат ичида бартараф этиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқ ва тушунчалар берилди.

Тадбир сўнгида Шаҳрисабз шаҳар ёнғин хавфсизлиги бўлими 7-ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисми томонидан махсус тактик машғулот ўтказилди. Машғулот жараёнида қисм ходимлари ҳудудда фавқулодда вазият содир бўлган ҳолатда фуқароларни қутқариш ва тиббиёт ходимлари келгунга қадар бирламчи тиббий ёрдамни кўрсатиш жараёнлари акс этган амалий вазифаларни бажаришди.

Мирзоҳид ОСТОНОВ

вилоят ИИБ ЁХБ бошлиғининг ўринбосари,

подполковник

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!