Меню
Қашқадарё
ЙИГИТЛАР БИРИНЧИ, ҚИЗЛАР ЭСА ИККИНЧИ БЎЛИШДИ
Айтиш керакки, Қарши шаҳри кетма-кет тўртинчи бор мамлакат кубоги баҳсларига мезбонлик қилди. Унда республикамизнинг деярли барча вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридан келган энг кучли теннисчилардан иборат жамоалар ғолиблик учун беллашишди.
Мусобақа регламентига асосан ўзаро тўқнаш келган жамоалар иккита яккалик ва битта жуфтлик баҳсларини ўтказишди.
Вилоятимизнинг эркаклар жамоаси “А” гуруҳида Тошкент шаҳри ва вилояти жамоаларига қарши муносиб ўйин ўтказиб, гуруҳда иккинчи ўрин билан чорак финалга йўл олди. Санжар Файзиев, Алексей Номозов, Омадбек Бобоқулов ва Аҳмад Ваҳобов каби истеъдодли теннисчилардан таркиб топган вилоятимиз жамоаси бу босқичда Наманган вилояти жамоасини 2:1 натижаси билан енгган бўлса, ярим финалда Андижон жамоаси “таслим этилди”.
Финал баҳсида вилоятимиз вакилларини анчайин кучли Тошкент шаҳри жамоаси қарши олди. Ҳал қилувчи баҳсларда Санжар Файзиев ва Алексей Номозовдан иборат жуфтлик вилоятимиз эркаклар терма жамоасининг ғалабасини таъминлади.
* * *
“А” гуруҳидан иккинчи ўрин билан чорак финалга чиққан вилоятимизнинг аёллар жамоаси бу босқичда Наманган жамоаси устидан ғалаба қозонди. Ярим финалда Бухоро жамоасига қарши иродали ўйин намойиш этган қизларимиз финалга йўл олишди. Финалда улар пойтахтлик қизларга ютқазиб, мусобақани иккинчи ўрин билан якунлашди.
Азизбек НОРОВ