Меню

Қашқадарё

31.05.2022 1615

ЙИГИРМА ЙИЛДА ТЎҒРИЛАНГАН ХАТО

Сайёр қабул

Аҳоли билан бўладиган учрашувларда кўплаб кутилмаган ҳодисалар учраб туради. Аммо буниси бошқаларига сира ўхшамайди... Йигирма йил давомида ҳужжатларда ўғил бола бўлиб келган қизга ниҳоят ўзининг ҳақиқий исми ёзилган гувоҳнома берилди.

Бу воқеа кеча Деҳқонобод туманидаги Дуоб ва Теракли маҳаллаларида истиқомат қилаётган аҳоли вакиллари иштирокида туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими томонидан ўтказилган сайёр қабулда кузатилди.

Кимнингдир хатоси, бошқаларнинг лоқайдлиги туфайли шу пайтга қадар ҳужжатларда “Шафоатов Олим” деб юритилган Муқаддамдан-да бахтли одам бўлмаса керак ҳозир. У янги, ичида бош ҳарфлар билан дона-дона қилиб “Шафоатова Муқаддам Равшан қизи” деб ёзилган “Туғилганлик ҳақида гувоҳнома”ни қўлига олар экан, кўз ёшларини тия олмайди. Кўзларидан сизиб чиққан ҳар бир томчи нафақат юзини, йиллар давомида юрагида қолган дардларни, тенгдошларининг “Олим, Олим” деб чақиришларининг оғриқларини, хижолатда ўтказган йиллари ва жавоби қийин саволларнинг аламларини юваётгандек эди гўё.

- Бу ҳудудда йилига икки марта ана шундай тадбирлар ташкил этилади, - дейди туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими мудираси Озода Ашурова. -  Туман марказидан қарийб 180 километр узоқликда жойлашган тоғли ҳудудга фақат баҳорнинг охири ва ёз фаслида бориш мумкин. Қолган вақтларда кучли ёмғирлар ва қор автомашиналар ҳаракатини қийинлаштириб қўяди. Балки шунданми, ўзининг ҳаёт тарзи билан боғлиқ муаммолар ва масалалар билан машғул бўлган одамлар хат-ҳужжат ишларига кўп-да эътибор бермайдилар.

Дарҳақиқат, қабулдаги мурожаатларнинг ҳам ҳужжатлар билан боғлиқ бўлганлиги шундан.

Сайёр қабулда Озода Ашурова билан бирга туман оила, хотин-қизлар қўмитаси раиси Меҳри Йўлдошева ва туман ички ишлар бўлими катта инспектори, подполковник  Нодира Ражабова ҳам қатнашди.

Қабул давомида 17 нафар болага туғилганлиги, 8 та оилага эса никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномалар топширилди. Кўплаб фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Ажрим ёқасидаги оилалар билан суҳбатлар ўтказилди.

Албатта, сайёр қабуллар одамларнинг узоғини яқин, оғирини енгил, мушкулини осон қилаяпти. Муаммоларга ечим топишда муҳим ўрин тутаяпти. Ана шу саъй-ҳаракатларнинг натижаси ўлароқ, биргина Деҳқонобод туманининг  ўзида ўтган йилнинг дастлабки тўрт ойи билан таққослаганда, ажримлар сони 43 тадан 13 тага тушди.

Кеча сайёр қабулда яна бир оилага қувонч улашилди. Турмуш қурганига 4 йил бўлган, шаръий никоҳ орқали бир оила бўлиб яшаб келган келин-куёвга никоҳ гувоҳномаси топширилди.

Абдураззоқ ДАВРОН

Суратда: сайёр қабул жараёнидан лавҳа.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!