Меню

Қашқадарё

02.02.2023 6684

Йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган сайғоқлар популяцияси тикланди

Қозоғистонда илгари йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган сайғоқлар популяцияси тикланди. Бу ҳақда ТАСС манбаси мамлакат экология ва табиат ресурслари вазирлиги вакили Андрей Кимга таяниб хабар тарқатган.

Сайғоқлар антилопаларга ўхшаш бўлган жуфттуёқли ҳайвонлардир. Улар Евроосиё чўлларида, тахминан 90 фоизи Қозоғистон ҳудудларида яшайди ва ўтмишда саноат учун ов қилинган. Бу ҳайвон 80 километр/соат тезликда югуришга қодир бўлиб, бурнининг ўзига хос тузилиши ҳам совуқда, ҳам чангли ярим чўл шароитида омон қолиш имконини беради.

"Улар сони 21 минг бошни ташкил этган 2003 йил билан таққосланса, бугунги кунда сайғоқлар сони тиклангани ҳақида гапириш мумкин. 2022 йилги рўйхатга олиш маълумотларига кўра, баҳорда 1 миллион 300 минг бошдан ортиқ сайғоқлар аниқланган", деган Андрей Ким.

1815 бош сайғоқ боласини "хонакилаштириш ва кейинчалик қишлоқ хўжалигига киритиш учун" қозоқ олимларига бериш режалаштирилган. Ушбу миқдор илмий ташкилотлар аризалари асосида шакллантирилган бўлиб, ҳайвонлар "қўраларда ярим эркин шароитда" сақланади.

Сайғоқлар ҳимоясиз тур сифатида тан олинган ва 1996 йилда Қизил китобга киритилган. Шунга қарамай, 1992 йилдан 2003 йилгача Қозоғистонда улар популяцияси 50 бараварга камайган. 2003 йилга келибгина сайғоқларни ҳимоя қилиш бўйича кўрилган чоралар натижа бера бошлаган ва сонида ўсиш кузатилган.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!