Меню
Қашқадарё
Йўналишли ҳаво “такси”си Қарши шаҳрига ҳам қатнайди
Ўзбекистон пойтахти ва бир қатор вилоят марказларини мунтазам авиарейслар билан боғлаётган юртимиздаги биринчи минтақавий авиакомпания - “Silk Avia” бугундан эътиборан Тошкент-Қарши-Тошкент йўналиши бўйича тижорий парвозларни амалга ошира бошлайди.
Маълумотларга кўра, Қаршига илк тижорий парвоз доирасида авиакомпания самолётининг бугун соат 19:00 да Тошкентдан учиб кетиб, 20:20 да Қарши халқаро аэропортига учиб келиши ва 21:10 да яна пойтахтга қайтиб кетиши режалаштирилган.
Янги авиакомпания флоти ҳар бири 70 кишилик сиғимга эга АТР 72-600 ўртамагистрал йўловчи ҳаво кемаларидан иборат. Бу замонавий самолётлар ёрдамида Тошкент-Қарши-Тошкент йўналишида ҳафтасига 4 марта (душанба ва пайшанба кунлари эрталаб ва кечқурун) тижорий рейслар йўлга қўйилмоқда.
Эслатиб ўтамиз: шу йил 20 апрель куни ҳаво оператори сертификатини олган юртимиздаги биринчи минтақавий авиакомпаниянинг ҳаво кемалари ўтган ҳафтада Қарши халқаро аэропортига техник-синов рейсини, шу ҳафтанинг бошида эса Тошкент-Самарқанд-Тошкент йўналиши бўйича илк кўргазмали парвозини амалга оширган эди.
Uzbekistan Airports компанияси бошқаруви раиси Рано Джураева минтақавий авиакомпанияга таъриф берар экан, у Ўзбекистонда нафақат аэропортлар тармоғи, балки туризмни ҳам ривожлантириш ва ишбилармонлик фаоллигини рағбатлантириш бўйича катта механизмнинг асосий қисми ҳисобланишини таъкидлади.
- Бу улкан механизмнинг ҳаракатланишига имкон берувчи кичик, аммо муҳим бир деталь, - деди Uzbekistan Airports бошқаруви раиси. - У ҳудудларни бир-бирига боғлаш, йўловчиларни А нуқтасидан Б нуқтасига ўз вақтида, тез ва арзон етказиб бериш функцияларини зиммасига олади. Буни, масалан, Тошкентдан Урганчга учиб, йўлда Самарқанд ёки Бухорода тўхтаб, йўловчиларни қолдириб, олиб кетувчи йўналишли ҳаво таксиси деб аташ ҳам мумкин.
Эълон қилинишича, минтақавий авиакомпания пойтахтдан Термиз, Навоий, Наманган ва Урганч (Бухоро ва Самарқанд орқали) шаҳарларига ҳам мунтазам авиарейсларни амалга оширади.