Меню

Қашқадарё

20.10.2020 1554

ЙЎЛСОЗЛАРИМИЗ СИФАТ ВА ИШИГА ОИД ТЕХНИК СТАНДАРТЛАРНИ НЕГА УНУТИБ ҚЎЙИШАЯПТИ?

Муаммо, мулоҳаза, муносабат

Яқинда телеканаллардан бирида Германиянинг "А-1" ҳамда "А-2" деб номланган йўллари ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди. Минглаб километрга чўзилган ушбу магистралнинг ойнадек ярақлаб туриши, унда қандайдир нотекисликлар умуман йўқлиги бошқа масала, йўлга хизмат кўрсатиш ҳам ҳавас қиларлик даражада ташкил этилган экан.

Масалан, асфальт қопламанинг кирланганлик даражаси белгиланган меъёрдан ошишига йўл қўйилмайди. Чунки бу шиналарнинг сирғалиш масофаси ортиб кетишига сабаб бўлиб, хавфни юзага келтириши мумкин. Йўл белгилари эса йўлнинг ҳолати, об-ҳаво шароити, фавқулодда вазиятлар содир бўлиш хавфидан, ҳатто қатновнинг кўп ёки камлигидан келиб чиққан ҳолда, тез-тез ўзгартириб турилади.

Масалан, ёмғир ёки туманли мавсумда тезликни одатдагидан чекловчи йўл белгилари қўйилади. Ҳаво очиқ вақтларда эса аксинча тез юриш мумкин ва бу йўл белгиларида ҳам акс этади. 

 Йўлда ҳайдовчи ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш ҳам аъло даражада. Сутканинг қайси палласи бўлсин, муаммо туғилса, йўл бошқармасининг хизмат кўрсатувчи гуруҳи ҳозиру нозир.

Хуллас, Германияда "А-1" ёки "А-2" йўлларини сақлаш, йўлда ҳаракатланаётган автомобиль ҳайдовчилари ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш учун жуда катта тизим ишлайди. Минглаб инсонлар шу соҳада меҳнат қилади. Буларнинг барчаси учун давлат хазинасидан жуда катта маблағ сарфланади.

Хўш, Германия ҳукумати йўлларни сақлаб туриш, ривожлантириб бориш учун шунча пулни нега сарф этмоқда? Уларга бу нима учун зарур?

 Ушбу саволларга фильм сўнгидаги бир лавҳадан жавоб топиш мумкин. Унда айтилишича, мамлакатнинг жаҳонда энг ривожланган давлатлар қаторига кўтарилишида йўл инфратузилмасининг аҳамияти чексиз. Улар орқали ҳар куни Германияга миллионлаб сайёҳлар, товар-маҳсулотлар кириб келади ёки чиқиб кетади. Европанинг бир қатор давлатлари ўртасидаги автомобиль ва юк ташиш оқимлари ҳам ана шу йўллар орқали боғланади. Буларнинг ҳаммаси жуда катта пул, валюта деганидир. Ёки  бошқача айтганда, йўллар - мамлакат иқтисодиётининг қон томирлари.

Энди ўзимизга қайтамиз.

Чекка ҳудудлардаги, ҳатто вилоят, туман ва шаҳарлар марказларидаги ички йўлларни қўя турамиз. Уларда йўл билан боғлиқ муаммолар қалашиб кетган.

Лекин, ҳар йили қайсидир йўлларда қурилиш, таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани, бу борада сўнгги йилларда жуда катта ўсиш кузатилаётганини ҳам тан олиш инсофдан. Мана, Қарши шаҳридаги энг марказий ва серқатнов йўллардан бири бўлган, ҳар икки тарафдан давлат аҳамиятидаги "А-378" магистрали билан туташ Насаф кўчасини олайлик. Кунда қаеридадир таъмир ишлари бўлаяпти. Аммо ҳеч эпақага келтира олишмаяпти. Бу йўлнинг аксар қисмида автомобилда эркин ҳаракатланиб бўлмайди.

Минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал деганларидек, биз ушбу йўлнинг бор-йўғи 2,5 километр қисмида учраган носозликларни фото тасвирга олдик.

  "Карвон" супермаркети олдидаги чорраҳадан йўлнинг Мустақиллик кўчаси билан кесишган қисми томон ҳаракатланар эканмиз, дастлаб темир қопқоғи асфальт қопламадан чамаси 20 сантиметрлар баланд кўтарилиб турган канализация қудуғи оғзига дуч келдик. Йўлнинг қолган қисми ҳам ўйдим-чуқур бўлгани боис, машиналар бу жойдан жуда эҳтиёткорлик билан, айланиб ўтаяпти. Агар ҳайдовчи мўлжални олдиндан олиб, шунга қараб эҳтиёт чорасини қилмаса, унинг устига чиқиб кетиб, машинага жиддий зарар етиши турган гап. Шунингдек, шошиб қолган ҳайдовчининг "колодец"га қоқилмаслик учун ҳаракат давомида машинасини тезликда ўнг ёки чапга олиши ҳам нафақат ўзи, балки оқимнинг бошқа иштирокчилари учун ҳам жуда хавфли.

Бу ердан яна 50 метр ўтсангиз, бундан-да аянчли ҳолатга гувоҳ бўласиз. Энди йўл ўртасидаги "колодец"да қопқоқ дегани умуман йўқ. Устига ёпиб қўйилган темир бўлаги эса номига турибди.

 Йўлда давом этар эканмиз, машиналарнинг жуда секинлашиб, тебрана-тебрана юраётгани эътиборимизни тортди. Чамаси уч-тўрт метр ердаги асфальт қоплама бутунлай кўчиб кетган, ҳосил бўлган чуқурлар сабаб йўл ўта яроқсиз ҳолга келиб қолган экан.     Бу ҳолатни ҳам тасвирга муҳрлаб, яна давом этдик.

Майда-чуйда камчиликларга умуман эътибор қаратмаётган бўлсак-да, йўл сира унай демасди. Боиси, автомобилларнинг эркин ҳаракатланишига имкон бермайдиган уйдим-чуқурлар шу қадар кўпки, беихтиёр ҳар куни шу ердан ҳаракатланадиган ҳайдовчиларнинг сабрига қойил деб юборасан киши.

Насаф кўчасидан Мағзон маҳалласига қайрилиш жойида яна бир ўта аянчли ҳолатга дуч келдик. Бу ерда йўлнинг шу қадар носозлигидан машиналар жуда секин ўрмалайди.  Ундан ўтгач эса йўлнинг ўртасидан қишин-ёзин қайнаб чиқиб турадиган, неча марта оғзи беркитилса-да, яна ҳосил бўлиб қоладиган "булоқ"қа дуч келасиз. "Булоқ"нинг кўзини беркитиш учун йўл неча маротаба кавланиб, қайта кўмилган, холос. Шунга яраша, "булоқ" ҳам ёпилиб қолгани йўқ. Таъмирчилар қўл учида беркитгани билан, ҳафта ўтмай яна сув чиқаверади.

Хуллас, йўлда давом этар эканмиз, "Сифат" супермаркети ёнидаги чорраҳага етиб келгунга қадар яна ўнга яқин ана шундай носозликларга гувоҳ бўлдик. Ачинарли жиҳати, булар битта йўлнинг бор-йўғи 2,5 километр, қолаверса, фақат бир томонга ҳаракатланиб бориш қисмидаги носозликлар эди.

Энди ўз-ўзидан савол туғилади? Хўш, йўлларимизнинг бу қадар аянчли аҳволга келиб қолишига сабаб нима? Уларни ҳечқурса ўз вақтида таъмирлаб қўйиш шу қадар имкони йўқ ишми?

Аслида бу - ечиладиган ва бартараф этилса бўладиган муаммо. Ҳозир ҳам қайсидир йўл таъмирланаяпти, қайсидир қайта қурилмоқда. Ҳар йили бу ишлар учун миллиардлаб маблағ сарфланаяпти. Аммо, негадир йўлга оид   муаммолар тугай қолмаяпти. Боиси, йўлларни қуриш, сақлаш билан боғлиқ тизим ишламаяпти. Ишлар номигагина бажарилмоқда, сифат йўқ. Шу йил қурилган ёки таъмирланган йўл бир йил ўтмай яроқсизга чиқаяпти. Гап лойиҳачидами ёки қурувчида, билмадигу созлаш ишларидан кўп ўтмай йўлнинг бир жойидан "булоқ" чиқса, бир жойи ўз-ўзидан чўкиб қолмоқда. Сифатни, яъни йўл қурилишидаги сифатни назорат қиладиган идоралар масъулларидан эса дарак йўқ.

Аслида йўл қурилишида унга ётқизилган қоришма турига қараб 18 йилдан 30 йилгача кафолат берилиши керак. Аммо бизда бунга ҳеч ким эътибор қаратаётгани йўқдек. Кечагина янги таъмирланган, қурилган йўллардан юрсангиз, ўзингиз ҳам шунга амин бўласиз.

Ўйлаймизки, мутасаддилар ушбу масалага эътибор қаратиб, кўрсатилган муаммоларни вақтида бартараф этишади. Зеро,    дунёга тобора кенг очилаётган Ўзбекистон учун ҳам Германияда бўлгани каби йўллар иқтисодиёт ривожи учун муҳим.

Ж.БОЙМУРОДОВ

БОБУРБЕК олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!