Меню
Қашқадарё
Йўловчи ташувчи автокорхоналарга нима сабабдан 900 миллион сўм субсидиялар берилган?
Жорий йилда норентабель автобус йўналишларидан кўриладиган зарарлар ва фуқароларнинг айрим тоифалари транспортда бепул ва имтиёзли юриши туфайли олинмай қоладиган даромадларни қоплаш учун вилоят маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан ташувчиларга 2 миллиард 153 миллион сўм субсидиялар ажратиш назарда тутилган.
Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида ўтказилган навбатдаги матбуот анжуманида вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Нарзулла Номозов маълум қилди. ОАВ ходимлари ва блогерлар иштирок этган бу тадбирда вилоятимизда автобус ва микроавтобусларда йўловчи ташиш билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди. Хусусан, бошқарма бошлиғи автотранспортда йўловчи ташиш билан шуғулланувчи корхоналарга ўтган йилда юқорида қайд этилган сабабларга кўра 903,8 миллион сўм миқдорида субсидиялар берилганини айтди. Маълум бўлишича, ушбу маблағнинг 58,2 миллион сўми 2 та корхона ишлатаётган 5 та автобус йўналиши бўйича 2022 йил март, апрель ва май ойларида кўрилган зарарни, яна 845,6 миллион сўми эса шаҳар йўловчилар транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномага эга фуқароларни ташиш натижасида 4 та корхона (жами автобуслари сони 182 та) томонидан олинмай қолган даромадларни қоплашга йўналтирилди.
Шунингдек, матбуот анжуманида Қарши шаҳридаги Ислом Каримов кўчасида жамоат транспортининг тўсиқларсиз ҳаракатланишини таъминлаш учун алоҳида йўлак ташкил этиш, вилоят марказида замонавий автовокзал қуриш, Шаҳрисабз шаҳрида янги турдаги 22 ўринли микроавтобуслар тақдимотини ўтказиш режалари ошкор қилинди.
Транспорт соҳаси мутасаддилари журналистлар саволларига жавоб беришар экан, ўзини ўзи банд қилган такси ҳайдовчиларига лицензия варақасини бериш, йўлкира нархларини назорат қилиш, автобус бекатларидаги тирбандликларни бартараф этиш, автоматлаштирилган транспорт тўлов тизимидан кенг фойдаланишни йўлга қўйиш билан боғлиқ ва бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар билдиришди.
Ўз мухбиримиз
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар