Меню
Қашқадарё
ЙЎЛЛАРИМИЗДАГИ ЯНГИ "ИННОВАЦИЯ" БИР ЙИЛ ҲАМ ХИЗМАТ ҚИЛМАДИ
Луқма
Ўтган йили серқатнов йўлларга пиёдалар ўтиши учун мўлжалланган "зебра"ни эслатиб юборадиган, бироқ, кўндалангига туширилган чизиқлар пайдо бўлди.
Кейинчалик масъуллар томонидан бу чизиқлар шовқин ҳосил қилиш воситаси бўлиб, серқатнов йўлларда хатарнинг олдини олиш, одамлар ҳаётини асраш мақсадида жорий қилингани ҳақида маълумот берилди. Яъни, транспорт воситаси чизиқдан ўтаётганда шиналар қалтираши натижасида овоз чиқиб, ҳайдовчининг ҳушёрлигини оширар экан.
Ўша вақтда турли оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда бу инновацион лойиҳа ўзига хос муҳокамаларга ҳам сабаб бўлиб, кўпчилик шундоқ ҳам аксар йўлларимизда ўйдим-чуқурлар тўлиб ётган бир пайтда ҳайдовчининг ҳушёрликни йўқотишига имкон йўқлиги, қолаверса, шовқин ҳосил қилувчи чизиқ учун сарфланган маблағлар таъмирлашга йўналтирса, тўғрироқ бўлишини эътироф этган эди.
Ҳозир бу ҳақда тўхталмоқчи эмасмиз. Диққатимизни тортган жиҳат, айни пайтда ўша шовқин ҳосил қилувчи чизиқларнинг аксарияти емирилиб, шовқин ҳосил қилмай қўйган. Тез орада улардан асар ҳам қолмаслиги бор гап.
Билишимизча, шовқин ҳосил қилувчи чизиқлар учун ҳар бир нуқтада 850 минг сўмдан кўпроқ маблағ сарфланган. Бугун ўша маблағлар эвазига шу ишни амалга оширганлар, яъни буюртма ижрочилари ютди, холос. Балки ушбу "инновация"ни йўлларимизда татбиқ этишдан асли мақсад ҳам шу бўлгандир? Аксинча, соз йўлни қазиб, ер остидан алланималар тортиб ўтганлар чала, қўл учида ямаб қўйган нуқталар ҳам яхшигина шу вазифани беминнат бажариб турганди-ку!
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.