Меню

Қашқадарё

02.12.2017 1976

ЙЎЛЛАР РАВОН, ОДИМЛАР ШАХДАМ

Йўлларнинг республикамиз тараққиёти, халқимизнинг муносиб турмуш-тарзини таъминлашдаги аҳамиятини инобатга олган ҳолда, мамлакатимизда замонавий йўлларни барпо этиш, таъмирлаш, бир сўз билан айтганда, транспорт-коммуникация инфратузилмасини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг амалий самараси нафақат шаҳар ёки туман марказлари, балки чекка ва олис қишлоқларда ҳам кўзга яққол ташланаётир. Ўтган йиллар давомида дастлаб халқаро ва давлат аҳамиятига молик йўлларни яхшилашга эътибор қаратилиб, бу борада кенг қамровли қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилган бўлса, эндиликда минтақавий автомобиль йўллари, шаҳар кўчалари, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар йўлларини ҳам қуриш, таъмирлаш  борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги "2017-2018 йилларда минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир. Мазкур қарор билан тасдиқланган дастурда 2017-2018 йилларда мамлакатимизда 5454 километр хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқ ва овулларнинг кўчаларини капитал ва жорий таъмирлаш белгиланган бўлиб, шунинг  679 километри вилоятимиз ҳиссасига тўғри келади. Президентимизнинг ушбу қарорига асосан, вилоятимиз ҳудудларидаги минтақавий автомобиль йўлларини таъмирлаш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар дастури белгиланиб, тизимли ишлар олиб борилди. Хусусан, ички имкониятлар ҳам ишга солиниб, янада кўпроқ йўлларни таъмирлашга ҳаракат қилинди. Агар буни рақамларда келтирадиган бўлсак,  йил бошида республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан 169,41 километр, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 201 километр, минтақавий йўлларнинг жами 370 километрдан ортиқ қисмини жорий таъмирлаш режа қилинган эди.

- Ҳозирга қадар бу йўлларнинг қарийб 360 километр қисмида таъмирлаш ишлари тўлиқ ниҳоясига етказилди, - дейди "Қашқадарёавтойўл" ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилоти бош мутахассиси Собир Аманов. - Қолган йўлларда ҳам йил охирига қадар ишлар якунланади. Ушбу йўлларнинг 82,12 километр қисмига асфальт қопламаси ётқизилган бўлса, 288,2 километр йўллар тупроқ йўлдан шағал тўшамали йўлга айлантирилди.

Албатта, ўтган йиллар билан қиёслайдиган бўлсак, жорий йилда ички йўлларни таъмирлаш бўйича жуда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилганини кўриш мумкин. Натижада илгари транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ҳаракатланиши учун ноқулайлик туғдираётган кўплаб йўллар таъмирланиб, ҳудудлар ўртасидаги қатнов тубдан яхшиланди. Биргина Чироқчи тумани мисолида оладиган бўлсак, бу йил ҳудуддаги ички хўжалик йўлларининг 62 километрдан ошиқ қисми жорий таъмирланди. Бу туман фаровонлиги, транспорт-комуникация инфратузилмасининг такомиллашуви, ҳаракат хавфсизиги ва аҳолининг муносиб турмуш-шароити учун катта қулайлик яратади. Мисол учун, туман марказидаги Мустақиллик кўчаси анча тор, таъмирталаб, шу боис транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун қийинчилик туғдирар, мунтазам равишда  тиқилинчлар юзага келарди. Шу боис ушбу йўлнинг 500 метрлик қисми қайта таъмирланиб, эни 12 метрдан 22 метрга кенгайтирилди. Йўлнинг ҳар иккала томонидан пиёдалар йўлаклари қурилди. Натижада автомобиллар ва пиёдаларнинг бир-бирига халақит қилмаслиги,    эркин ҳаракатланишга имкон яратилди.

- Иш юзасидан ҳар куни шу йўлдан ўтиб-қайтаман, - дейди ҳайдовчи Анвар Шайманов. - Туман марказибўлгани учун, қатнов кўп, йўл тор, бунинг устига пиёдаларнинг ҳам шу ердан ҳаракатланиши сабаб йўлнинг ушбу қисмидан ўтишга анча қийналардик. Таъмирлаш ишларидан сўнг бу муаммолар барҳам топди. Қолаверса, йўлнинг текис ва равонлиги, атрофнинг ободонлаштирилганлиги, йўл бўйларига тунги чироқлар ўрнатилиши йўловчи ва ҳайдовчиларга қулайлик яратиш билан бирга, кишига ўзгача завқ бағишламоқда.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, вилоят маркази - Қарши шаҳрида ҳам ўтган йиллар давомида жуда катта ҳажмдаги қурилиш-бунёдорлик ишлари амалга оширилди. Шу аснода шаҳарнинг марказий кўчалари тубдан таъмирланиб, кенг ва равон йўлларга, йўл атрофлари эса гулу гулзорларга айлантирилди. Бироқ нисбатан кичик ва маҳаллалар орасидан ўтувчи йўллар анча    таъмирталаб бўлиб қолгани ҳам сир эмас. Жорий йилда вилоят марказидаги ана шундай йўлларнинг 19  нуқтасида таъмирлаш ишлари олиб борилиб,         14 километрида аҳвол яхшиланди.

Хусусан, жуда серқатнов йўл ҳисобланадиган Алишер Навоий шоҳкўчасининг анчагина қисми уйдим-чуқурлардан иборат бўлиб қолган, бу эса транспорт воситалари ҳаракатланишини қийинлаштириб, ортиқча вақт йўқотилиши, сарф-харажатлар ошишига олиб келмоқда эди. Жорий йилда ушбу йўлнинг Мустақиллик шоҳкўчаси кесишмасидан Хонобод шоҳкўчаси  кесишмасига қадар бўлган қисмига янгидан асфальт қоплама ётқизилди. Натижада машиналарнинг эркин ҳаракатланиши учун шароит яратилди.

Шунингдек, бу каби яна бир қатор кўчаларда таъмирлаш ишлари олиб борилди.

- Маҳалламиз ичидаги йўлларнинг аксарият қисми қайта таъмирланиб, текис ва равон йўлга айлантирилди, - дейди Пахтазор миттитуманида истиқомат қилувчи Нодир Муродов. - Хусусан, "Асака" акциядорлик тижорат банки вилоят филиали ёнидан "Жанубгазтаъминот" унитар корхонаси биноси ёнига қадар бўлган, яъни Мустақиллик ва Хонобод шоҳкўчаларини боғловчи кичик йўл ниҳоятда таъмирталаб бўлиб қолганди. Айниқса, ёғин-сочинли кунларда бу йўлдан автомобилда ҳаракатланиш ҳам, пиёдаларнинг йўл атрофидан юриши ҳам жуда қийин эди. Ҳамма жойда сув тўпланиб, ҳовузчалар ҳосил бўлиб қоларди. Шахсан ўзим машинада шу йўл орқали ишга қатнашга жуда қийналардим. Яқинда бу йўл таъмирланиб, текис ва равон кўчага айланди. Энди эса юрган сари юргингиз келаверади. Албатта, юртимизда олиб борилаётган шу каби бунёдкорлик ишларини кўриб, дили   яйрайди кишининг.

Келаётган 2018 йилда ҳам вилоятимизда бу борадаги ишлар давом этади. "Қашқадарёавтойўл" ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилоти томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, келгуси йилда 342,7 километр минтақавий йўлларни жорий таъмирлаш бўйича дастур ишлаб чиқилган. Шундан 95,4 километрини шаҳар ва туманларнинг марказий кўчалари, 247,3 километрини эса ички хўжалик йўллари ташкил этади. Таъмирланажак йўлларнинг 171,3 километри маҳаллий бюджет маблағлари, 171,3 километри эса Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланган. Мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, бу миқдор янада ошиши, таъмирланадиган йўллар ҳажми кўпайиши мумкин.

Бир сўз билан айтганда, автомобиль йўлларини, шу жумладан, маҳаллий аҳамиятга эга йўлларни қуриш ва таъмирлаш ишлари келгуси йилда ҳам қизғин давом эттирилади. Бу эса, энг аввало шаҳар ва қишлоқларимиз аҳолиси ва меҳмонларининг йўлларда қулай ҳаракатланиши, тирбандликларнинг олдини олиш барчанинг хавфсизлиги учун хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!