Меню
Қашқадарё
ЙЎЛКИРАНИ КЎТАРИШ ТУГУЛ ҲАЛИ ЙЎЛОВЧИ ТАШИШГА ҲАМ РУХСАТ БЎЛГАНИ ЙЎҚ
Акс-садо
Бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда “Қарши-Бешкент” йўналишидаги “Дамас” ҳайдовчилари 3 минг сўмдан йўловчи ташиётгани, сунъий равишда кўтарилган йўлкира аҳоли эътирозига сабаб бўлаётгани ҳақида хабар тарқалганди. Ушбу постга вилоят транспорт бошқармаси қуйидагича муносабат билдирди:
“Аввало шуни айтиш жоизки, мамлакатимизда коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида эълон қилинган карантин сабаб барча кўринишда йўловчи ташишга чеклов ва тақиқ жорий қилинган. Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 30 мартдаги тегишли қарори бунга асос бўлиб хизмат қилади. Ваҳоланки, бу тартиб ҳали расман бекор қилингани йўқ.
Қолаверса, йўловчи ташиш учун лицензияга эга бўлган таксиларга белгиланган талаблар бўйича етказиб бериш хизмати кўрсатишгагина рухсат берилган, холос.
Бу ҳақда вилоятимиздаги йўловчи ташувчи барча корхоналар қатъий огоҳлантирилган, транспорт воситаларини (автобуслар, микроавтобуслар, элтиб бериш хизмати кўрсатмайдиган енгил автомобиллар) йўналишларга чиқармаслик сўралган.
Аммо бугунги кунда йўловчи ташиш билан шуғулланаётган айрим ҳайдовчилар карантин талабларига хилоф иш тутишмоқда. Мазкур ҳолат уларни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 54-моддаси 2-қисми (эпидемияга қарши курашиш қоидаларини бузиш) билан жавобгарликка тортишга асос бўлади.
Бу каби қоидабузарликларни аниқлаш ва айбдорларни жазолаш ҳуқуқ-тартибот органлари, хусусан, ички ишлар ходимларига юклатилган.
Йўлкира масаласига келсак, мавжуд қонунчиликка кўра, вилоятимизда муайян йўналишлар учун йўловчи ташиш тарифлари тегишли ҳудудий комиссия қарорига кўра белгиланади.
Амалдаги тарифларга ҳали расман ҳеч бир ўзгартириш киритилмади. Бу вазиятда ҳам такси ҳайдовчилари йўлкирани ўзбошимчалик билан ошириб олгани ойдинлашади”.