Меню

Қашқадарё

08.02.2024 7708

"ЙЎЛИНИ ҚИЛИНГ..."

Қатралар

У мактабга важоҳат билан кириб келди:

"Ҳей, директор! Бу нимаси? Нега ўқитувчи ўғлимни уради? Болани-я?! 8-синф ўқувчисини-я?! Нима ҳаққи бор? Ота бўлиб ҳали ўзим бурнига чертмаганман. Бегона ўқитувчи урса-я?! Бунга чидаб бўладими? Чидаб бўлмайди! Буни шундай қолдирмайман! Қолдиролмайман! Борадиган жойимга бораман! Ёзадиган жойимга ёзаман! Ўша ўқитувчининг ўғлимга кўтарган қўлларини..."

Орадан уч йил ўтиб, у яна мактабга келди:

"Ассалому алайкум!.. Яхшимисиз, ака?.. Шу десангиз... Бир илтимос бор эди-да... Ўғлимизни ҳеч йўлга солиб бўлмаяпти. Гапга кирмайди. Айтгани айтган, дегани деган... Ўлгудай қайсар. Тунов кун чўнтагидан сигарет топиб олдим... Нос ҳам чекяпти.... Кеча ярим тунда уйга келди. Ичган... Ўқувчиям ароқ ичадими, ака?.. Ҳайронман, кимга ўхшади бу?.. Онасига синф раҳбариям шикоят қилибди, уч кундан бери мактабга келмаётганмиш. Эрталаб сумкасини кўтариб кетади... Қаерга бориши мумкин?.. Тушунмай қолдим... Сиз кўпни кўргансиз. Бир йўлини қилинг... Ёрдам беринг, жон ака..."

НАТИЖА

Теп-текис, равон йўлга ахлат тўкиб юборди у.

Ўзи ҳам юришга йўл тополмай қолди сўнгра.

ОРИЯТ

Мактаб директори қўлига тутқазган иссиқ кийим-бошга қайрилиб ҳам қарамай синфдан чиқиб кетди бола.

Ҳазм қилолмади у етимлиги учун кўрсатилган бу мурувватни...

Назарида иккинчи марта ўлгандай бўлди отаси...

ЧИВИН

Ўргимчакка яқин борганди тўр ичида қолиб кетди Чивин.

ҚАЛАМ

Қалам қурбон бўлди сўзга айлана-айлана. Аммо қурбонликка арзимади ёзган  сўзи.

Нодоннинг қўлига тушиб қолган эди у...

АНГЛАШ

 Болалигида ўзини англамаганди сўзини ҳам англамади улғайгач.

АРИҚ

Униси ариқ қазиди.

Буниси ариқни кўмди.

Сувнинг нималигини билмади Буниси.

ТУХУМ

Ҳали пати ҳам чиқиб улгурмаган жўжа жизғанак бўлди қозоннинг ичида...

ЎЧ

Баъзан шилқимлиги учун боплаб жавобини олган айрим йигитлар ёмонотли қилишади гулдай қизларни ҳам.

Худди деворга илинган гўштни ололмай, "пуф, сассиқ", деб кетган тулкига ўхшаб...

ЁМҒИР ТОМЧИСИ 

"Ўзи кетар ёр-ёр, ўзи келар ёр-ёр. Барибир қайтаркансан, нима қилардинг енгиллик қилиб? Жимгина ўтирмайсанми?" деди ёмғир томчисига кўлмакдаги сув.

Ёмғир томчиси деди:

"Юрган - дарё, ўтирган - буйра, ошна. Мен булут бўлиб суздим, осмонни кездим. Дунё кенг экан, уни кўринг экан. Ҳали яна кетаман ва ўзимни ташна гиёҳларга тутаман. Жон бўламан томирга ва сингиб кетаман ерга. Ҳаёт суви бўламан, кўлмак суви эмас...".

НЕЪМАТ АКАНИНГ ҲИКОЯСИ

Шаҳрисабзда бир армани этикдўз қўлимдаги пакетни олиб кўзига суртди.

Мени қучоқлаб олиб гир айланди. Сабабини тушунмадим. Балки бурним арманларникига ўхшаб кетгани учундир ёки ёзувчилигимни ҳурматидир, деган хаёлларга бордим.

Қайтишда йўлда бир дўконга кириб егуликлар харид қилдим. Сотувчи қўлимга мен этикдўз арманга қолдирган пакетга ўхшаш халтача тутқазди. Лоп этиб арманнинг туфлимни олаётиб қилган хатти-ҳаракатлари ёдимга тушди.

Пакетнинг устида арман ёзуви бор эди!..

Лола ЎРОҚОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!