Меню
Қашқадарё
ҚИЗИЛ РАНГЛИ МАҲСУЛОТЛАР
Кундалик ҳаётда истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг, айниқса, мева-чевалар, полиз маҳсулотлари ва сабзавотларнинг турли-туман рангда бўлиши киши руҳига сингиб кетган ва бу омил ўзига хос психологик, физиологик ва биокимёвий қўзғалишларни вужудга келтиради. Чунки ранглар бир-биридан фарқ қиладиган тўлқин узунлигига эга бўлиб, кўриш анализаторида ўзига хос тебраниш тўлқинларини юзага келтиради. Бундай физикавий омил ўз навбатида тегишли нерв импульсларини вужудга келтириб, марказий нерв системасининг ҳар хил ядроларида ўзига хос қўзғалиш ҳиссини уйғотади (мамнунлик, дарғазаблик, осойишталик ва бошқалар). Натижада киши қизил рангга нисбатан безовталаниб ҳаракат қилса, яшил рангда тинчланади ва ҳоказо. Шунингдек, муайян рангга эга нарса-буюм ўзига хос маълум бир физиологик реакция қўзғатиб, ушбу жиҳат киши онгида умр давомида шартли рефлектор ҳолатда мустаҳкамланади. Масалан, сап-сариқ бўлиб пишган лимон бўлакларидан оқиб турадиган шира тановул қилинмаса ҳам кучли сўлак ажралишига олиб келади. Ёки оловда тутаб пишаётган қўнғир кабоб кимни бефарқ қолдиради, дейсиз?
Ранглар таъсирида юзага келадиган физиологик реакцияларни ўрганиш бўйича шундай тажриба ўтказилган. Стол устига қўйилган помидор махсус мосламалар ёрдамида ўткир кўк, бодринг қизил, лимон бинафша тусда тасвирланган ва кишиларга уларни олиб истеъмол қилиш таклиф қилинган. Ҳеч кимда ғалати рангдаги маҳсулотларга нисбатан одатдаги сўлак ажралиши, иштаҳа кузатилмаган (улар ўз таъмларини тўлиқ сақлаган бўлишига қарамасдан хўрандаларга аччиқ бўлиб туюлган).
Демак, соғлом овқатланишда истеъмол қилинадиган таомлар одатланилган ранги-рўйига қараб танланса, ундан максимал ҳолда баҳраманд бўлинади.
Қуйида айрим маҳсулотларнинг инсон организмида чақирадиган ўзига хос физиологик реакциялари ҳақида тўхталамиз.
Қизил рангли маҳсулотлар (қизил олма, лавлаги, қалампир, олча, қизил карам, малина, ертут, помидор, тарвуз ва бошқалар).
Одатда қизил ранг ўзидан иссиқ нур тарқатади ва шунинг учун у асаб тизимини қўзғатувчи хусусиятга эга. Ички секреция безлари фаолияти ҳамда моддалар ва энергия алмашинувини кучайтиради, қон айланиши ва юрак ишини жадаллаштиради. Ҳўкиз билан жанг қилувчи тореадорларнинг қизил матодан фойдаланиши ушбу ранг кучли қўзғатувчанлик хусусиятга эга эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Истеъмол қилинадиган таомда ушбу рангдаги маҳсулотлар сероб бўлса, кишида иш қобилияти кучаяди, кайфият яхшиланади, чидамлилик ошади. Бундай ранг жаҳлдор, тез аччиғи чиқадиган, жиззаки одамларга салбий таъсир кўрсатади, уларнинг қизил рангли таомларни камроқ тановул қилганлари маъқул.
Тўқ сариқ рангли маҳсулотлар (зардоли, сабзи, апельсин, хурмо, қовоқ, мандарин ва бошқалар).
Бундай рангли таомлар овқат ҳазм қилиш тизими фаолиятини яхшилайди, сийдик-таносил аъзоларига ижобий таъсир қилади, қон айланишини, талоқ ишини яхшилайди, ўт ажралишини кучайтириб танани қизитади. Яна у юрак иши кучсизланганда ва тутқаноқ тутганида фойдали ҳисобланади.
Сариқ рангли маҳсулотлар (маккажўхори, банан, тухум сариғи, лимон, шафтоли, сариёғ, пишлоқ ва бошқалар).
Бундай рангли овқатлар кишининг ақлий қобилиятини, фикрлашини, ақл-идрокини ўстиради. Сариқ ранг меъда, ичаклар, жигар фаолиятини яхшилайди, иштаҳани очади, кўриш қобилиятини, асаб тизими фаолиятини рағбатлантиради, организмни қувватлантиради.
Яшил рангли маҳсулотлар (карам, кўкат, яшил сабзавот ва мевалар). Ушбу ранг асаб тизимини тинчлантириб, юракнинг уриш тезлигини, маромини меъёрлаштиради, қон босимини туширади.
Бу рангдаги маҳсулотларни истеъмол қилиш билан бош оғриғи, чарчашнинг олди олинади, кўриш билан боғлиқ жараёнлар яхшиланади. Яшил ранг етишмаганида қизиққонлик, асабийлашиш, нотинчланиш ҳоллари юзага келади. Шуниси ҳам борки, яшил рангли маҳсулотларни кўп истеъмол қилиш ўт суюқлиги концентрациясини ошириб, ўт йўлларида тош ҳосил бўлишига олиб келиши мумкин.
Зангори рангли маҳсулотлар.
Бундай ранг ўзининг организмга таъсир этиши билан яшил рангга яқин туради. У асаб, юрак-қон тизими фаолиятини яхшилайди, қон босимини туширади, маромини меъёрлаштиради. Уйқу келтиради, танани совутади. Ушбу ранг яна томоқ оғриши, овоз бузилиши, сариқ каби касалликларни даволашда фойдали. Зангори рангнинг ўзига хос ноёб хусусиятларидан бири шуки, у иштаҳани пасайтиради. Шу боис ортиқча овқат еб, семириб кетадиганлар фойдаланадиган идиш-товоқларнинг зангори рангда бўлиши анча фойда келтиради.
Шунинг учун бўлса керак, ота-боболаримиз томоқ оғриғи, кўк йўтал бўлган болаларга шифо топиш учун ҳаво ранг идишларда овқат едириб, шу рангли пиёлалардан чой, сув ичиришган.
Кўк рангли маҳсулотлар (шу рангдаги барча егуликлар).
Бу ранг ичаклар фаолиятининг бузилиши, томоқ оғриғи, кўкйўтал, бўқоқ, сариқ, ҳар хил санчиқлар, юрак дукиллаши, бош оғриғи, уйқусизлик ва бошқа бетобликларни бартараф қилишда фойда беради. Юрак-қон тизими фаолиятини яхшилайди, қон босимини туширади, юрак уриши маромини меъёрлаштиради. Ушбу ранг кўз касалликлари, глаукома (кўксув, назла), катарактани даволашда анча қўл келади. Кўк ва яшил ранглар кучли шаҳвоний қўзғалувчанликда тинчлантирувчи хусусиятга эга.
Бинафша рангдаги маҳсулотлар (смородина, маймунжон, бақлажон, бинафша рангли қароли, узум ва бошқалар) биринчи навбатда асаб тизимини тинчлантиради ва шу боис руҳий безовталанишни бартараф қилади. Бинафша ранг уйқуни яхшилайди, ақлий қобилиятни кучайтиради. Лекин ушбу рангдан жуда кўп фойдаланиш кишини тушкунликка (депрессия ҳолати) тушириши мумкин.
Шониёз ҚУРБОНОВ, биология фанлари доктори, профессор
Шаҳноза ҚУРБОНОВА,биология фани ўқитувчиси