Меню

Қашқадарё

22.05.2018 2073

“ҚИЗИЛ КИТОБ” САҲИФАЛАРИДА

Жумладан, сув ҳавзаларининг ҳамда атроф-муҳитнинг ифлосланиш жараёни тезлашмоқда, табиий муҳитдан айрилган ҳайвонот дунёси камайиб, баъзи бир турлар эса умуман йўқ бўлиб кетаяпти. Яшил олам ва ҳайвонот дунёсига бешафқат муносабат туфайли “Қизил китоб”нинг кейинги нашрлари қалинлашиб бораяпти. Инсоният табиат билан уйғунликдагина мавжуд. Шундай экан, табиатга ҳурмат билан қараш, уни асраб-авайлаш ҳар бир инсоннинг бурчи. Қуйида вилоятимизда учрайдиган ва “Қизил китоб”дан ўрин олган, табиатдаги ўрни муваққат бўлиб қолган айрим ўсимлик турлари ҳақида маълумот берамиз.

ҚИЗИЛЕР АСТРАГАЛИ

Қизилер астрагали жануби-ғарбий Помир-Олойда тарқалган камёб, эндемик ўсимлик ҳисобланади. Бўйи 60 сантиметр келадиган ушбу кўп йиллик ўсимликнинг гули сариқ. Дуккаги тухумсимон ёки чўзиқ тухумсимон. У май ойида гуллаб, июнда мева беради. Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари Ҳисор тизмасида, Хўжагургут-Ота, Қизилсув, Оқсув дарёлари ҳавзаларида ҳамда Кўҳитанг тизмаси Кампиртепа бўлимида учрайди.

Уруғидан кўпаядиган ушбу ўсимлик денгиз сатҳидан 1400-1500 метр  баландликдаги туб жинслари Ер юзасига чиқиб қолган жойларда,  тошли тик ёнбағирларда ўсади. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника боғида 1979 йилдан буён маданийлаштирилиб, ўстириб келинади.

КЕССЕЛРИНГ САВРИНЖОНИ

Кесселринг савринжони - Ўрта Осиёда камайиб бораётган эндемик ўсимликдир. Кўп йиллик тугунак пиёзли ўт бўлиб, пиёзи чўзиқ тухумсимон, диаметри 1-3,5 сантиметр, қобиғи дағал, қора қўнғир рангли бўлади. Барглари 3-6 тагача, гуллари 1-4 та, оқ рангли. Февраль ойида гуллаб, меваси май-июнь ойларида етилади.

Тошкент, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё, Жиззах, Сурхондарё вилоятларининг Қурама, Чотқол тизмаларида, Туркистон, Зарафшон, Ҳисор, Нурота, Кўҳитанг тизмалари ва Чўлбайир тоғларида тарқалган. Ўзбекистондан ташқарида Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистонда учраши маълум.

Савринжонлар оиласига мансуб ушбу ўсимлик тоғ этакларидан то тоғ юқори қисмигача бўлган жойларда майда жинсли тупроқли ва шағалли ёнбағирларда ўсади. Табиатда якка-якка ҳолда ва тўп-тўп бўлиб учрайди. Гулларининг кўп миқдорда йиғиб олиниши ва ўсимлик тарқалган ҳудудларда чорва молларининг кўплаб боқилиши натижасида тобора камайиб бормоқда. Ботаника боғида 1967 йилдан буён экиб келинади.

КОМАРОВ АСТРАГАЛИ

Бу ўсимлик ғарбий Ҳисор тизмасининг вилоятимиздаги Кўл ва Шут қишлоқлари теваракларида тарқалган камёб тур ҳисобланади.

Уруғидан кўпаядиган Комаров астрагали бўйи 15-30 сантиметр орасидаги тиканли, сершох, тиғиз ёстиқча ҳосил қилувчи бутача.  Косачаси 9-11 миллиметр узунликда, найсимон, оқ-қора қалин туклар билан қопланган. Гултожи сариқ, туксиз. Июнда гуллаб, июлда меваси етилади. 

Тоғнинг юқори қисмидаги тош-шағаллар ва гипсли ёнбағирларда ўсадиган ушбу ўсимликни сақлаб қолиш учун махсус муҳофаза тадбирлари ишлаб чиқилмаган.

ҚОРАПОЯ МОЙҚОРАҒОН

Унча баланд бўлмаган сершох бута бўлиб, барглари кумушранг, ҳар икки томони ётиқ қалин туклар билан қопланган. Баргчалари 4-5 жуфт, чўзинчоқ. Ёнбаргчаларининг асоси учбурчак. Июнда гуллаб, июль-август ойларида меваси етилади. У Ҳисор тизмасидаги тоғларнинг ўрта қисмидаги шағалли ёнбағирларида ва арчазорларда ўсади. Табиатда онда-сонда учрайдиган ушбу ўсимлик уруғидан кўпаяди.

Қорапоя мойқорағон ўсимлиги аҳоли томонидан асосан ўтин сифатида ишлатилади. Алоҳида муҳофаза чоралари ишлаб чиқилмаган. Табиатда  мавжуд тупларини сақлаб қолиш учун назорат ташкил этиш, биологик хусусиятларини ўрганиш, маданийлаштириш йўлларини ишлаб чиқиш зарур.

ҚУДРОЙИ НЎХАТ

Бўйи 20-30 сантиметр, пояси тик ёки сал ёнбошлаб ўсувчи, асосан пастки қисми шохланган, сийрак безчали туклар билан қопланган кўп йиллик ўт. Гуллари бинафша-ҳаворанг. Дуккаги қавариқ, чўзиқ, узунлиги 2,5 сантиметр. Май-июнь ойларида гуллаб, июль-август ойларида меваси етилади.

Вилоятимизнинг Қизилдарё ҳавзаси Тошқўрон қишлоғи ҳудудида тарқалган қудройи нўхат тоғларнинг ўрта қисмидаги қояларда ўсади. Уруғидан кўпаяди. 1996 йилда 20 та ўсимлик қайд этилган бўлиб, Ҳисор давлат қўриқхонасида муҳофаза этилади.

МАЙДА ГУЛЛИ ОКСИТРОПИС

Ҳисор тизмасида Қашқадарё, Тўполон, Сангардак дарёлари ҳавзаларида тарқалган бўлиб,  бўйи 10-20 сантиметр, пояси кўп йиллик ўт. Барглари тухумсимон чўзиқ, баъзан кенг-наштарсимон, узунлиги 5-12 миллиметр ўткир учли, баъзан тўмтоқ, дағал оқ туклар билан қопланган. Август-сентябрь ойларида гуллаб, сентябрь охирида меваси етилади.

Тоғнинг ўрта ва юқори қисмларида тошли ва майда зарра тупроқли ёнбағирларда, очилиб қолган қизил туп жинсларида якка-якка ҳолда ўсувчи бу ўсимлик уруғидан кўпаяди.

СВЕТЛАНА ГУЛСАФСАРИ

Гулсафсардошлар оиласининг вакили бўлган мазкур ўсимлик Ғарбий Помир-Олойда учрайдиган камёб эндемик тур саналади. Барглари ўроқсимон, эни 3-4 сантиметр, силлиқ, четлари оқ ҳошияли, учи ўткир. Гуллари сариқ тусда, 1-2 та бўлади. Апрель ойида гуллаб, май ойида мева беради.

Светлана гулсафсари Ҳисор тизмасининг ғарбий қисми, Қизилча, Қўрғонтош, Торқопчиғай қишлоқлари атрофида тарқалган. Асосан қизил қумтошли тупроқларда ўсади. Мазкур тур табиий ўсиб турган жойларининг қисқариши ва чорва молларининг боқилиши    туфайли камайиб кетган. Ушбу камёб турни сақлаб қолиш учун муҳофаза чораларини ташкиллаштириш лозим.

Манбалар асосида Ш.БОЗОРОВА тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!