Меню

Қашқадарё

20.10.2022 3020

Ижтимоий видеороликлар танловининг ғолиблари тақдирланди

Эътироф

Қарши шаҳридаги Маънавият масканида "Инсон қадри учун" туркумидаги ижтимоий видеороликлар танловининг вилоят босқичи ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги "Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан эълон қилинган мазкур танлов маданий мерос, миллий қадриятлар, маънавият ва маърифат ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг тарғиб қилишга қаратилгани билан эътиборлидир.

Танлов вилоят босқичига маънавий-ахлоқий фазилатлар, боқий анъана ва миллий қадриятлар, ижтимоий ҳамжиҳатлик, экологик маданият акс этган элликка яқин ролик келиб тушган бўлиб, иштирокчилар орасида профессионал видеоблогерлардан тортиб ҳаваскорларгача бор.

 Умумий натижаларга кўра, қуйидаги иштирокчилар ғолиб деб топилди:

1-ўрин - Умид Нормуродов, видеоблогер (Шаҳрисабз тумани)

2-ўрин - Сирожиддин Пўлатов, тележурналист (Китоб тумани)

3-ўрин - Бобур Элмуродов, журналист (Китоб тумани).

Қайд этиш лозим, 1-ўрин соҳибига 10 миллион сўм, 2-ўринга 7 миллион 500 минг ҳамда 3-ўринга 5 миллион сўм пул мукофоти берилади.

Шунингдек, иштирокчилар бир қатор номинациялар бўйича ҳам рағбатлантирилди. Уларнинг ҳар бири 3 миллион сўмдан пул мукофотига эга бўлишди.

Ғолиб ва совриндорларнинг барчаси танловнинг республика босқичида қатнашади.

Б.САЙФИЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!