Меню

Қашқадарё

31.10.2024 396

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларни "бир ёқлама ва итоаткор" қилиб қўйиши мумкин

Норвегия ҳукумати ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари учун ёшга доир янги чеклов киритишни режалаштирмоқда. Тақиқ 15 ёшдан кичик болаларни кўзда тутади. Бу ҳақда The Guardian манбаси бош вазир Йонас Гар Стере гапларига таяниб хабар берган.

Ҳукумат раҳбари бу "қийин жанг" бўлишини тан олиб, болаларни "алгоритмлар ҳокимияти"дан ҳимоя қилиш учун сиёсатчилар аралашиши кераклигини айтган. Унинг сўзларига кўра, ижтимоий тармоқлар белгиланган мақсадлар учун ишлатилмаяпти ва фойдаланувчиларни "бир ёқлама ва итоаткор" қилиб қўйиши мумкин.

Мамлакатда айни вақтда ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга оид 13 ёш чегарасидаги чеклов амал қилади. Бироқ оммавий ахборот воситалари ўтказган тадқиқот 9-11 ёшли болаларнинг ярмидан кўпроғи барибир ушбу платформалардан фойдаланаётганини кўрсатган.

Ҳукумат болалар чекловни четлаб ўтишига йўл қўймаслик учун қўшимча чоралар кўришга, жумладан, ижтимоий тармоқлар учун ёшни назорат қилиш тизимини ишлаб чиқишга ваъда берган. 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!