Меню

Қашқадарё

02.10.2018 1556

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚДАГИ ТЕРРОРЧИ

1997 йилда Яккабоғ туманида туғилган Дониёр Қодиров ҳам интернетдан залолат излади, умрининг энг қимматли палласини ёвуз мақсадлар йўлида сарфлади ва топгани ҳам фақат иллат бўлди.

Фикримизни мухтасар қилсак-да, аслида ҳаммаси нимадан бошланганига бир қур назар солсак.

Бир неча йил олдин унинг онаси иккинчи турмушини Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида яшовчи И.Мўминов билан боғлади ва янги оила Яккабоғда яшай бошлади. Балки умр йўлларининг бу туташуви бир фарзанд тақдирида кескин ўзгариш ясаши мумкинлигини билганида, она бошқа йўл тутган бўлармиди. Аслида содир бўлган воқеаларда “янги ота”ни кўп ҳам айблаб бўлмайди. Унинг ягона дахлдорлиги – Россияга бориб ишлаб келиши, Ўзбекистонга қўнғироқ қилиб, оила аъзоларини чақириб олгани эди. 2015 йил 25 ноябрь куни она-бола Россия Федерацияси Москва области Истра районидаги И.Мўминов яшаб келаётган уйга етиб боришди. Кўп ўтмай “отаси” Дониёрни ишга ҳам жойлаштириб қўйди. Лекин Дониёр маошни ўз вақтида беришмаганини сабаб қилиб, ишни ташлаб, Солничногорск райони Новый Бакеева посёлкасидаги қурилиш фирмасига ишга кирди ва шу ердаги вагонда яшай бошлади.

У ҳар ҳафта якшанба куни Андреевка шаҳарчасидаги супермаркетга бориб, озиқ-овқат олиб қайтарди. Шундай кунларнинг бирида супермаркетда нотаниш бир одам келиб, ўзбек тилида сўз қотди:

- Кечирасиз, сизни бир танишимга ўхшатдим.

Дониёр ўша танишга фақат ўхшаш чиқди, холос. Бироқ асли Қирғизистондан бўлган Абдураҳмон деган янги танишга эга бўлди. Бир муддатлик суҳбатдан сўнг Абдураҳмон унга “Тақдиримиз ўхшаш экан, мен ҳам бошида қийналганман”, деди. Кейинги суҳбатларда Абдураҳмон “Эшитишимча, Ўзбекистонда фақат қариялар намоз ўқиши мумкин экан, ёшларнинг динга эътиқод қилишларига рухсат берилмас эмиш, намоз ўқиган шахсларни қамаб юборишар экан”, деб айтиб қолди. “Унисини эшитмаганман”, деди Дониёр. “Сиз билмайсиз, динга эътиқод қилувчиларни қамаб юборишган, ҳозир жазони ўтаб ётишибди”, деб  унинг қалбига фитна солишга уринди Абдураҳмон.

Ҳаммаси шундан бошланди.

Абдураҳмон унинг билимсизлигидан фойдаланиб, телефондан ҳижрат қилиш ва шаҳидлик ҳақидаги маърузаларни эшиттирди. Дин, соф ислом ғоялари ҳақида аниқ тасаввури бўлмаган ўсмирга бу гаплар мутлақо янгилик эди. У эшитганларига қизиқиб, бундай маърузаларни қаердан олишни сўраганида, Абдураҳмон ижтимоий тармоқларда профиль очиб берди, фойдаланиш имкониятларини ўргатди. Бора-бора у ўзи билиб-билмай фаол фойдаланувчига айланди.

- Энди бир неча ҳафта кўришмаймиз, мен бир жойга бориб келишим керак, - деди кунларнинг бирида Абдураҳмон. Сўнг қўшиб қўйди:

- Икки-уч йигитни жиҳод қилиш учун Сурияга чиқариб юборишим керак...

Кейин секин сўради:

- Сиз ҳам жиҳодга кетасизми?

Бу ҳақда ўйлаб кўрмаган Дониёр ҳозир боролмаслигини, онасини ташлаб кетолмаслигини билдирди.

- Бўлмаса, сиз диний маърузаларни “друзья”ларингизга тарқатиш билан шуғулланинг, даъватчи бўласиз, - деди Абдураҳмон.

Шундан кейин улар “одноклассники” ҳамда “fасebook” сайтларида турли номларда профиль очиб, ақидапарастлик ва фундаментализм ғояларни тарғиб қилиш ва жиҳодга чиқишга даъват қилиш билан шуғулланувчи виртуал жамоат аъзолари бўлган кишилар билан ёзишмалар олиб боришади. Амалдаги дунёвий давлатни заифлаштириш, ягона халифалик қуриш, Сурия Араб Республикаси ҳудудида жойлашган Ироқ ва Шом ислом давлати террорчилик ташкилотининг махсус ҳарбий мужоҳидлик ўқув базаларида ҳарбий тайёргарликдан ўтиш тўғрисидаги даъватларни интернет орқали тарқатишади.

Ўзбекистонда амалда бўлган давлат тузумини Конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга хизмат қилувчи “Туркистон ислом ҳаракати” диний экстремистик ташкилотининг “Жундуллоҳ” студияси томонидан тайёрланган жиҳод, жанг қилиш, “Толибон” ҳаракатини мадҳ этиш, Ўзбекистондаги турли соҳаларга нисбатан туҳмат сўзлар, ҳар ерда кофирларга қарши курашиш, ҳижрат каби мавзуларда ёзилган аудио ва видеофайллар, “Ҳизбут-таҳрир” диний экстремистик уюшмаси, “Ал-Қоида” халқаро террористик ташкилоти, “Таҳрир аш-Шом” экстремистик ташкилоти материалларини глобал тармоқ орқали тарғиб қилишади. Шунингдек, фуқароларнинг Сурия Араб Республикасидаги жангари экстремистик гуруҳларга бориб қўшилишлари учун махсус мурожаат эълон қилишади.

Бундан ташқари, Дониёр Қодиров қурол-яроғ, портлатиш қурилмалари, портловчи, заҳарловчи, атрофдагилар учун хавф туғдирадиган бошқа моддалар ва буюмлар билан муомала қилиш усулларини, жанг амалий маҳорати ва кўникмаларини эгаллаш мақсадида Сурия Араб Республикаси ёки Афғонистон ислом давлати ҳудудида жойлашган жангарилар ўқув базаларига чиқиб кетишни мақсад қилиб, ушбу давлатларга бориш йўналишларини ўрганади. Лекин унинг бу режаси моддий маблағ тўплай олмагани сабабли амалга ошмай қолади.

Бу орада у хоразмлик Сулаймон Абдуллаев билан ёзишмалар олиб бориб, яқин орада Ўзбекистонга мужоҳидлар ҳужум қилиши, шу вақтда ичкаридан ёрдам бериш кераклиги, ғалабага оз қолгани, ҳужум бошланса, уни ҳам мужоҳидларга ёрдам берувчилар сафига қўшиб қўйишларини айтади.

Андижондан ишлаш мақсадида Россия Федерациясига борган Лутфулло Иномов ҳамда Ўринали исмли шахсни Суриядаги жангарилар лагерларига бориб, террорчилик фаолиятини амалга ошириш учун ўқувдан ўтишга даъват қилади.

Кўриниб турибдики, бир вақтлар дин ҳақида ҳеч нарсани билмаган Дониёр бу вақтга келиб анча “билимли” бўлиб қолганди. Шу сабаб кимни кўрса ва ўзига эргашишига ишонса, даъватга бериларди.

Бироқ унинг ўйлаганлари ўзи кутганидай бўлиб чиқмади. Қолаверса, вақт ўтиб, у боришни орзулаган Суриядаги ҳаракатлар қудратли давлатлар “ўйини”, бир гуруҳ кимсалар эса уларнинг қўғирчоғи эканлиги, бу замонда ҳеч қандай халифалик давлати бўлиши мумкин эмаслиги ойдинлаша борди.

Пайтавасига қурт тушган Дониёр юртга қайтса, қамалишини ўйлаб, Россиядан ер сотиб олиб, уй-жой қилиш, шу ер фуқаролигини олишга уриниб кўрди. Лекин Россия фуқаролигини олиш учун йиллар керак бўлишини билиб, Тожикистондан уй-жой қилиш ҳаракатига тушди. Лекин бунга онаси кўнмади.

Бу орада у “одноклассники”даги ҳамтовоқларидан Афғонистонга қандай кетиш мумкинлиги, қанча пул кетишини суриштиради. Бунга жавобан Суриядан Афғонистонга 100 га яқин жиҳодчи келаётгани, улар Афғонистондаги “биродар”ларга ёрдам бериб, кейин Ўзбекистонга ўтиши, шуларга қўшилиб, юртига қайтиши мумкинлигини айтишади.

Бироқ ўйлаганларининг ҳеч бири рўёбга чиқмагач, Ўзбекистонга қайтишга      мажбур бўлади, Москва-Бишкек йўналишидаги поезд билан Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрига келиб, Чимкентдан Тошкентга, у ердан уйига қайтади. Табиийки, бу ерда қиладиган ягона юмуш – қилган ишларига жавоб бериш эди.

Албатта, унинг ўзи буни хоҳлаган деб бўлмайди. Иложсизликдан таваккал қилгани аён. Ўйлаб кўринг: агар унинг Россияда қилган тарғиботлари ўз натижасини берганида, қандай оқибатларга олиб келарди? У Суриядаги тўс-тўполон, уруш юртимизда ҳам бўлишини истаганди-да. Ким бунга индамай жим қараб туриши мумкин?

Суд ҳайъати Дониёр Қодировга оид жиноят ишини кўриб чиқаркан, террорчилик фаолиятини амалга ошириш учун ўқувдан ўтиш, террорчилик   фаолиятида иштирок этиш   учун хорижга чиқиб кетиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали ҳаракатланиш мақсадида шахсларни ёллаш, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартириш, ҳокимиятни босиб олиш, қонуний равишда сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатиш, бир гуруҳ шахслар томонидан интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда диний    экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга,  фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган, аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни тарқатиш, шунингдек, экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутлари ва рамзий белгиларини тарғиб қилиш ҳаракатларини ҳисобга олди. Шунга мувофиқ, Дониёр Қодиров умрининг энг гуллаган 11 йилини озодликдан маҳрум тарзда ўтказадиган бўлди.

Ушбу жиноятда, жамиятда бир бузғунчининг пайдо бўлишида ота-онанинг, ён-атрофдагиларнинг ҳам “ҳиссаси” юқори. Фарзанд тақдирига, юриш-туриши, қилаётган ишига бефарқлик, лоқайдлик хавфли кимсани вояга етказди. Ҳолбуки бунга йўл қўймаслик чоралари ҳам кўп эди. Афсус, энди кеч...

Т.ПЎЛАТОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!