Меню

Қашқадарё

11.12.2020 1288

Ижтимоий шериклик ва комплекс ёндашув

Давра суҳбати

Қарши шаҳрида "Ўзбекистонда давлат ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорликда таълим, ўзаро мулоқот ва заиф гуруҳларнинг радикаллашишга қарши барқарорлигини ошириш орқали зўравон экстремизмнинг олдини олишга кўмаклашиш" лойиҳаси доирасида давра суҳбати ўтказилди.

Қашқадарё вилояти "Yuksalish" ахборот-маслаҳат ресурс маркази ташаббуси билан ташкил этилган бу тадбирда вилоят адлия, ички ишлар, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, бандлик бошқармалари,  Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят вакиллиги, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармасининг мутасаддилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Давра суҳбати давомида юртимизда Халқ университетлари немис ассоциациясининг Ўзбекистондаги филиали ва бир қатор маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган мазкур лойиҳанинг тақдимоти ўтказилиб, унинг мақсади ва вазифалари, асосий тадбирлар ва кутилаётган натижалар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

- Ушбу лойиҳа доирасидаги фаолият ёшлар, меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оила аъзолари, одам савдоси ва зўравонликнинг бошқа турларидан жабрланган кишилар, ишсизлар ва хавфли гуруҳдаги аёлларни қамраб олади, - деди тақдимот вақтида "Yuksalish" ахборот-маслаҳат ресурс маркази раҳбари Зулфия Хайдарова.  - Уларнинг радикаллашувга қарши барқарорлигини оширишга кўмаклашиш учун турли давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда маърифий ва ўқув дастурлари амалга оширилади. Йўналишлардан бири ишсиз фуқароларга касб-ҳунар ва бизнес юритишни ўргатиб, энг мукаммал бизнес-ғояларни рўёбга чиқариш учун кичик грантлар ажратишдан иборат. Шунингдек, лойиҳа доирасида аҳолининг заиф гуруҳлари вакилларига бепул ижтимоий, психологик ва ҳуқуқий маслаҳатлар бериш йўлга қўйилиб, журналист ва блогерлар, кўнгиллиларнинг зўравон экстремизмнинг олдини олиш жабҳасидаги фаоллигини ошириш бошланди. Айни пайтда ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқиш учун манфаатдор ташкилотларнинг вакиллари иштирокида давра суҳбатлари ўтказиш назарда тутилган.

Тақдимот пайтида лойиҳа доирасида илғор тажрибаларни кенг тарғиб қилиш мақсадида кўнгиллилар учун халқаро ёзги оромгоҳ ишини ташкил этиш, журналистлар ва блогерлар ўртасида "Бағрикенглик - тинчлик сари йўл" танловини ўтказиш ва бошқа бир қатор тадбирлар аҳамияти ҳақида ҳам сўз юритилди.

Давра суҳбати иштирокчилари лойиҳани мувофиқлаштириш кенгаши таркибини тасдиқлаб, уни амалга ошириш юзасидан тузилган ҳамкорлик келишувининг бажарилиши билан боғлиқ масалаларни батафсил муҳокама қилишди.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!