Меню
Қашқадарё
Ижтимоий аҳамиятли лойиҳанинг муҳим босқичи
Вилоятимиздаги энг фаол нодавлат нотижорат ташкилотларидан бири – “Юксалиш” ахборот-маслаҳат ресурс маркази “Ўзбекистонда зўравон экстремизм ва радикаллашувнинг олдини олишга кўмаклашиш” лойиҳасининг учинчи босқичини амалга оширишга киришди.
Илгари хабар берганимиздек, мазкур лойиҳа юртимизда Германия Федерал ташқи ишлар вазирлигининг молиявий кўмагида Deutsche Gesellschaft für Internationale Zusammenarbeit (GIZ) GmbH ва Немис халқ университетлари ассоциациясининг (DVV) Ўзбекистондаги Филиали томонидан маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари билан шерикликда рўёбга чиқарилмоқда. Унинг биринчи босқичи доирасида вилоятимизда 2020 йил октябрь – 2022 йил март ойлари оралиғида аҳолининг заиф гуруҳлари вакилларига касб-ҳунар ва бизнес асосларини ўргатиш, юридик, психологик ва ижтимоий маслаҳатлар бериш, улар ва ҳамкор ташкилотлар ходимлари учун маънавий-маърифий машғулотлар ўтказиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилди.
Шу йилнинг май ойида эса лойиҳанинг иккинчи босқичи бошланиб, бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайтирилди. Жумладан, Қарши шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида вилоят бандлик бош бошқармаси билан ҳамкорликда очилган бепул касб-ҳунар ўрганиш курсларида тўртта йўналиш (тикувчилик иши, компьютер саводхонлиги, қандолатчилик иши ва официантларни тайёрлаш) бўйича машғулотлар давом эттирилди. Бунга қўшимча равишда Қарши шаҳридаги 2-сектор штаби ҳудудида яна бир йўналиш – “Иссиқхона хўжалиги ва кўчат етиштириш” бўйича курслар ташкил қилиниб, хотин-қизлар ва ёшларга томорқачилик, гулчилик, кўчатчилик ва иссиқхоначилик сир-асрорларини ўргатиш йўлга қўйилди.
Айни пайтда лойиҳа доирасида Ғузор туманида “Sunbula Luxe Tourizm” масъулияти чекланган жамияти ҳузуридаги “Sunbula” ўқув маркази негизида ҳам қандолатчилик бўйича ўқув курслари очилиб, қишлоқ ҳудудларида яшовчи ёшлар ва хотин-қизларга касб-ҳунар ўргатиш бўйича қўшимча шароитлар яратилди. Муҳими, ҳар бир янги йўналиш учун мўлжалланган ўқув хоналари биринчи босқичдаги сингари замонавий асбоб-ускуна ва жиҳозлар, зарур хом ашё ва материаллар билан таъминланди. Мураббийлар сифатида эса ўз ишининг моҳир усталари ҳамда тажрибали ишбилармонлар жалб қилинди.
Шу тариқа лойиҳанинг иккинчи босқичи доирасида, 2022 йил май-сентябрь ойлари давомида касб-ҳунар курсларини 273 нафар киши (шундан қарийб 95 фоизи хотин-қизлар) тамомлаб, махсус сертификатларга эга бўлди.
Эътиборли томони, лойиҳа доирасидаги бепул курсларнинг ҳар бир тингловчиси тадбиркорлик асослари ва бизнесни режалаштиришни ҳам ўрганиб боради ва тадбиркорликни бошлаш учун зарур билимларга эга бўлади. Битирувчилар ўртасида ўтказилган бизнес-ғоялар танлови ғолибларига эса зарур асбоб-ускуна ва жиҳозлар сотиб олиш учун кичик грантлар ажратилмоқда.
Лойиҳанинг биринчи босқичида бундай грантларга Қашқадарёдан 2 нафар киши сазовор бўлган эди, иккинчи босқичда эса вилоятимиздан яна 3 нафар киши кичик грантга лойиқ кўрилди. Хусусан, Қарши шаҳрилик Зумраднинг Олтибоева тикувчилик иши, Косон туманилик Дилнавоз Тўхтаеванинг қандолатчилик, Қарши шаҳрилик Илҳом Зариповнинг эса фотостудия хизматлари соҳаларига оид бизнес-ғоялари танловда энг истиқболли, деб эътироф этилди ва бу битирувчиларга кичик грантлар ажратилиб, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун зарур барча асбоб-ускуналар ва анжомлар олиб берилди. Бугунги кунда уларнинг барчаси ўз бизнесини бошлаб юборган.
Курсларда таҳсил олган ҳар бир тингловчи, шунингдек, маънавий-маърифий машғулотларда ҳам иштирок этиб, ўз дунёқарашини кенгайтириш ва интеллектуал даражасини ошириш имконига эга бўлди, глобал фуқаровийлик ва бағрикенглик каби тушунчаларнинг асл моҳиятини теран англади. Шу билан бир қаторда барча тингловчилар учун жабрланганларга биринчи ёрдам курсатиш бўйича ҳам махсус курслар ташкил қилинди. Уларни ўтказишга тажрибали тренер-шифокор жалб этилиб, зарур анжомлар ва кўргазмали воситалардан фойдаланилди.
Лойиҳа доирасида мақсадли гуруҳ вакиллари учун юридик, психологик ва ижтимоий маслаҳатлар бериш давом эттирилиб, 2022 йил май-сентябрь ойлари мобайнида оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган ёшлар ва хотин-қизларга малакали юрист, психолог ва ижтимоий ходим томонидан 600 дан ортиқ маслаҳат тақдим этилди.
Шу йил май ойида “Юксалиш” АМРМ томонидан вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси билан ҳамкорликда “Журналистика ва блогерликка йўл” медиамактаби ташкил этилиб, унда мазкур соҳаларга қизиқувчи ёшлар учун журналистика жанрлари, медиасаводхонлик, блог яратиш ва юритиш, видеороликлар ва видеоконтент тайёрлаш каби мавзуларда назарий ва амалий машғулотлар ўтказилди. Яқинда бу медиамактабнинг илк битирувчилари – 15 нафар ёш журналист ва блогерга сертификатлар топширилди.
Шунингдек, жорий йил июль ойида Қарши шаҳрида “Юксалиш” АМРМ ҳузурида интеллектуал мунозара клуби иш бошлади ва у тез орада ёшларнинг энг долзарб муаммолари муҳокама қилинаётган очиқ майдончага айланди. Ташкилотда очилган кичик ахборот-ресурс марказида жамланган китоблар ва рисолалар ҳам асосан ёшлар, шу жумладан, ёш волонтёрлар учун мўлжалланган бўлиб, уларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳияти янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Лойиҳа доирасида амалга оширилган шу ва бошқа бир қатор ишлар “Юксалиш” АМРМ ва унинг ҳамкор ташкилотлари вакиллари иштирокида “Ёшлар бандлигини таъминлашда ижтимоий ҳамкорликнинг роли: тажриба, ёндашув ва истиқболлар” мавзусидаги давра суҳбатида муҳокама этилди. Таъкидланишича, мазкур ижтимоий аҳамиятли лойиҳанинг кейинги – учинчи босқичида ушбу йўналишдаги фаолиятни давом эттириб, унинг қамрови ва кўламини янада кенгайтириш режа қилинган.