Меню

Қашқадарё

05.04.2019 1630

ИЖРО ИШИ ҚЎЗҒАТИЛГАНИ ЭНДИ ТЕЛЕФОНГА SMS ШАКЛИДА КЕЛАДИ

Унга мувофиқ, 2019 йил 1 апрелдан суд ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнига медиация институти жорий этилди. Медиация - келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули бўлиб, у амалга оширилаётган пайтда ижро иши 15 кундан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб турилади. Бунда томонлар ўртасида ижро предметига доир келишув расмийлаштирилган ҳолларда ижро иши юритиш тугатилади.

2019 йил 1 июндан бошлаб   ижро ҳужжати келиб тушгандан бир иш куни ичида ижро иши қўзғатилади (ҳозирда 3 кун ичида қўзғатилади). Ижро ҳаракатлари кўпи билан икки марта кечиктирилиши (аввал неча марта кечиктирилиши мумкинлиги қонунчиликда кўрсатилмаган) мумкин.

Шунингдек, 1 октябрдан mib.uz веб-сайтида бепул асосда ижро ҳаракатлари интерактив давлат хизмати тизими жорий этилади. Ушбу тизим орқали, жумладан, интернет тармоғи орқали ундирувчи ва қарздор томонидан ижро ҳаракатлари боришининг барча босқичларини кузатиш, қарзни онлайн тарзда тўлаш ва ижро ҳужжати бажарилганини қайд этиш мумкин бўлади.

Ўз навбатида Мажбурий ижро бюроси томонидан 2019 йил 1 октябрдан бошлаб ижро ҳужжатларининг ягона электрон базасини юритиш тартиби жорий қилинмоқда. Бу ижро ишларининг тенг ва мутаносиб тарзда тақсимланиши, сифатли бажарилиши ва энг муҳими бу жараёнга инсон омилининг таъсири бўлмаслигини таъминлайди.

Дастлаб бу амалиёт эксперимент тариқасида 1 октябрдан бюронинг Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ва Навоий шаҳри бўлимларида жорий қилинади ва ижро ҳужжатларини давлат ижрочилари ўртасида автоматик тарзда тақсимлаш тартиби жорий қилинади.

Энди Мажбурий ижро бюроси органлари ҳам  келиб тушган ижро ҳужжатлари бўйича бюро маълумотларини электрон тарзда юритади.

Ўз ўрнида, ундирувчи ёки    қарздор электрон базасига кирган ҳолда ўзига боғлиқ ижро ҳужжати қайси босқичга келгани, ундириш жараёни қандай кетаётгани тўғрисида онлайн режимида маълумотлар олиш имконига эга бўлади.

Ижро иши қўзғатилгани ҳақидаги хабар ундирувчи ёки қарздорнинг электрон почтасига ёки мобиль телефонига SMS шаклида юборилади ва бунда хабарнинг юборилган ва унинг адресат томонидан олингани махсус автоматик тизим томонидан қайд қилиб борилади. Бу амалиёт "кўрмай қолдим", "бехабар эдим" каби турли тушунмовчиликларга, баҳоналарга чек қўйишга қаратилган.

Шунингдек, 2019 йил 1 октябрдан Мажбурий ижро бюросининг расмий веб-сайтида ижро ҳаракатларини автоматик мониторинг қилиш бўйича ҳақ олмасдан интерактив давлат хизматлари кўрсатиш тизимини татбиқ қилиш ижро жараёни иштирокчилари, умуман, аҳолига яратилаётган яна бир қулайлик саналади.

Қарорга мувофиқ, МИБга шартнома-воситачилик асосларида сотишга топшириладиган мол-мулкни интернет-дўконлар жумладан, мобиль иловалар, электрон тўлов тизимлари орқали сотиш тартиби; давлат божлари, маъмурий жарималар ва бошқа тўловларни электрон тўлов тизимларидан фойдаланган ҳолда интернет орқали тўлаш бўйича давлат хизмати; маъмурий жаримага тортиш тўғрисидаги қарорларни ижро этишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилмоқда. Бунда жаримага тортиш тўғрисидаги қарор топширилган санадан бошлаб ўн беш кун ичида жарима миқдорининг 70 фоизи ихтиёрий равишда тўланган тақдирда қолган суммани тўлашдан озод этиш назарда тутилади.

Мухтасар айтганда, мазкур ўзгаришлар фуқароларимиз, ижро ҳаракатлари бўйича томонлар, шунингдек, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига қулай муҳит яратиш, ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда ижро ҳаракатларида ортиқча вақт сарфига йўл қўймаслик, ҳуқуқий баҳс-мунозараларни ўзаро келишув асосида самарали ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Асқар ПАЙЗИЕВ,

Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!