Меню
Қашқадарё
ИЖОДКОР УЧУН ЭНГ МУҲИМИ - ҚАЛБ ЭРКИНЛИГИ
Сараланган сатрлар
Эшитган чиқарсиз, Президентнинг 2021 йил 26 мартдаги қарори асосида умумтаълим мактабларида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар иш бошлади ва ёш ўғил-қизлар иқтидори, ижодий қобилиятини рўёбга чиқаришга масъул этиб бириктирилди. Яна денг, ярим ставка маош ҳам тайин этилиб, тарғиботчининг хизмати ерда қолмайдиган бўлди. Қарорда мазкур лавозимда ижодкорлар - шоир, ёзувчи, журналист, шу билан бирга, она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари фаолият олиб бориши белгиланди.
Қарангки, вилоятда ижодкор зоти ҳам кам эмас экан: бояги ярим ставкалик маошни эшитган борки, ўзини ижодкорман, дейди, ҳеч қаерда чоп этилмаган бўлса-да, шеърлар қоралаб тураман, дейди. Ўнта, ўн бешта китобим чиққан, дея кўкрак керадиганлар-да кам эмас. Буларга назар ташлай туриб, таҳририятда ишлаган фахрийлардан бирининг "Шунча журналист бўлса, мақола қани?!" деган сўроғи беихтиёр ёдга келади...
Нима бўлганда ҳам шеър ёзган, китоб чиқарганнинг ҳаммаси чин ижодкорлик мақомига кўтарила олмаслиги аён ҳақиқат.
Булар-ку майли, "гул"ни "булбул"га қофиялаштириб юрганлар аслида танқиддан тубан туради, бироқ бир вақтлар ўзбекнинг буюк адиби Тоғай Мурод "Момо ер қўшиғи" қиссасида оёғи ердан узилган, Ғарбга соя сифатида қалам тебратадиган, ижод дея ота-она, оила, рўзғор ташвишларини, масъулиятни зиммасидан соқит этган ва охир-оқибат умри зое кетган қаламкаш образини яратган эди.
Ижоддан мақсад нима ўзи? Кимни ҳақиқий ижодкор деб атасак бўлади? "Момо ер қўшиғи"да бу саволга жавоб топасиз...
* * *
Ота-она орзу-ҳаваси ҳамиша эзгу бўлади.
Аммо ҳаёт ҳамишада ота-она орзу-ҳавасига эш бўла бермайди.
Ҳаёт бошқа, орзу-ҳавас бошқа.
* * *
Ижарасида эшикни ичкаридан қулфлади.
Шеърларини чалқанча ётиб ўқиди, тик туриб ўқиди, ўтириб ўқиди.
Турсун ўзини катта шоир ҳис этди.
Рўзномадаги расмига тикилди. Ўзини... XIX аср буюк шоирларига қиёслади.
"Йўқ, ўхшамайди. Буюклар соқол қўяди. Буюклар сархонали мундштук чекади".
Чин, қадимги улуғлар соқоли бор, сархонали мундштуги бор.
Нимага энди Турсун соқол қўймайди? Мундштук чекмайди?
Одамлар соқолини қиртишлаб юради. Одамлар папирос чекиб юради. Юра берсин! Одамлар ким бўлибди? Жайдари халқ-да!
Йўқ, жайдари халқдан фарқ қилмоқ лозим...
Турсун соқол қўйди. Турсун сархонали мундштук олди.
Турсун исм-шарифини пичирлаб айтди: Турсун Орзиқулов!
Исми шариф деганида шунча узун бўладими! Яна-тағин жарангламайди! Шоирлар исми шарифига ўхшамайди!
Ўзи, исми маъноси нима? Турсун, ўтирсин, ётсин... Шуям гап бўлди-ю!
Турсун ўз исми шарифидан... орияти келди. Ота-бобоси отидан... уялди!
Ўзига шоирона ном топишни ўйлади.
Неча-неча тахаллуслар топди. Ўзига ёқмади.
Охири, тарихдан келиб чиқди. Ўзини Паҳлавон Даҳо деб атади.
Паҳлавон Даҳо!
* * *
- Тоға, мен бир деҳқонман. Сиз ўқимишли одамсиз. Дунёнинг китобини ўқигансиз...
- Гап ўқишда эмас...
- Ўқишда, тоға, ўқишда. Чол-кампирлар ўзи емай-ўзи ичмай, сизларни ўқитади. Шулар ўқиб келиб, турмушимизни яхшиласин, еримизга қарасин, дейди. Сизлар эса тайёрига - шаҳарга чопасизлар. Шароит ёмон бўлса, мана сиз шоирсиз, ёзинг - уёқ-буёққа!
- Гап битта менда эмас.
- Биламан, гап битта сизда эмас. Бу азалдан бор гап. Уккағарлар ўқиб, битталаб шаҳарга қочади. Оқибат, қишлоқларимиз аввал қандай бўлса, шундайлигача қолиб кетади!
* * *
Даҳо назмдан кўнгли қолди.
Киши билмас, насрга ўтди. Ўзича насрни осон ўйлади.
"Барча насрчиларни ер билан теп-текис қилиб ташлайман!" - дея ният қилди.
Бир-иккита Марсель Прустча ҳикоя ёзди. Ҳикоялари ғоят ғариб бўлди. Ғоят хашаки бўлди.
Зафар қозониши амри маҳол бўлди.
Даҳо насрни йиғиштирди.
Юрди-юрди... Танқидга ўтди. Телба-тескари гаплардан иборат мақолалар ёзди.
Билмовчилар чапак чалди. Мақолаларни ўзига хослик, деди, янгилик, деди.
Билағонлар ичидан кулди. Даҳога читтак ижодкор, дея қаради.
Даҳо ушбу қарашлар мазмунини ич-ичидан ҳис этди. Танқидни-да йиғиштирди!
Адабиёт дея аталмиш боқий қасрни қандай олса бўлади? Адабиёт дея аталмиш кўҳна қасрга қандай кирса бўлади? Ўзи, Адабиёт дея аталмиш қаср дарвозаси борми? Бўлса, қаерда?
Даҳо ўйлади-ўйлади, Адабиёт остонаси қаердалигини билолмади.
Шунда, Даҳо Адабиётни гуруҳ-гуруҳ бўлиб олишга аҳд қилди.
* * *
Шуҳрат Умиралиев бир рўзномада "Она тупроқ образи" дея аталмиш мақола чоп этди.
Ушбу мақоласида Паҳлавон Даҳони кўкларга кўтариб улуғлади:
"Она-Ер - тупроқ демакдир. Тупроқ эса она юрт демакдир. Қатор асрларки, ана шу она-Ер буюк ўғилларини бағрига босиб аллалаб келади. Шу сабабдан оддий тупроқни пешонамизга суртамиз. Она-Ер, дея ардоқлаймиз. Она-Ер - онамиз!
Улуғ Навоий бу борада мана бундай ёзади:
Ўзини тутқувчи туфроқ ила ҳамвор қани?
Ҳазрат Яссавий эса бундай ёзади:
Бошим туфроқ, ўзим туфроқ, жисмим туфроқ...
Энди, ёрқин юлдузимиз Паҳлавон Даҳо бундай ёзади:
Ҳайқираман Цезардек - ҳайқириғим туфроқ...
Паҳлавон Даҳо Навоий билан Яссавийдан кейин учинчи бўлиб шеъриятга "туфроқ" образини олиб кирди.
"Навоий - Яссавий - Паҳлавон Даҳо!"
Даҳо мақолага тикилиб ўтирди-ўтирди... ўз-ўзидан уялди! Ўз-ўзидан қизарди!
Ич-ичидан танқидчи, дея аталмиш зотга ачинди.
"Бечора танқидчилар, - деди. - Булар мақташниям эплай олмайди! Навоий билан Яссавийдан кейин минглаб шоир бор, минглаб шеър бор, минглаб "туфроқ" сўзи бор! Ўзи, бу ерда қанақа "туфроқ" образи бор? "Туфроқ" сўзи бўлса, образ бўла берадими?"
Шундай бўлса-да, Даҳо Шуҳрат Умиралиев билан қўшқўллаб кўришди.
- Раҳмат, дўстим, раҳмат! - деди. - Сиз Белинский экансиз!
* * *
...ижодкор учун энг муҳими қалб эркинлиги. Қалб эркинлиги эса қалб хотиржамлиги демакдир, қалб сокинлиги демакдир. Ўзини четга олишидан мақсад, ўз қалбини сокин сақламоқдир. Қачонки, ижодкор қалби сокин бўлса, ундан етти ухлаб тушга кирмаган сатрлар булоқдек отилиб чиқади.
* * *
Даҳо сесканиб кўз очди. Кўзларини уқалади. Теварагига аланглади. Дераза токчасида тахлоқлик китобларга назар солди: Ги Белле, Франк Венай, Лионель Рей...
Қўлига қалам олмишдан буён ушбу китобларни қўлдан қўймади.
Даҳо ейиш учун нонга зор бўлди. Аммо Жак Рубони ўз нархидан йигирма баробар қиммат нархда сотиб олди.
Даҳо кийиш учун кўйлакка зор бўлди. Аммо Андре Дю Бушени ўттиз баробар қиммат нархда сотиб олди.
Ўзини ташқи дунёдан холи олди. Тўй-маъракалардан оёғини тийди. Ошна-оғайнилар билан бориш-келишни бас қилди. Радио-телевизорни ўчириб қўйди.
Даҳо ақл-ҳушида Ғарб бўлди, ишонч-эътиқодида Ғарб бўлди.
Даҳо гандираклаб-гандираклаб қўзғолди. Суянмиш суянчиқларидан бўлмиш Марк Делуз китобини олди.
Ўнг келмиш бетини очди. Бетда "Мен қандай қичқира оламан" шеърини кўрди.
Энди ўз китобини олди. Биринчи бетини очди. Марк Делуз шеъри билан Паҳлавон Даҳо шеърини солиштирди.
Ўзини... ўзини Марк Делуздан кам кўрмади!
"Марк Делуздан қаерим кам? - деди. - Сатрма-сатр олиб қаралса, Делуздан юксак бўлсам юксакдирман, лекин кам эмасдирман. Мана... бир-бировимизга жуда ўхшаймиз. Айнан ўхшаймиз! Марк Делуз ким, Паҳлавон Даҳо ким, билиб бўлмайди! Фарқимиз, Делуз француз, мен ўзбекман".
* * *
Баданда бўлмаса, модернизм, футуризм, дея эталмиш оқимлар ўта берсин!
Кўнгилда бўлмаса, сюрреализм, дадаизм, дея аталмиш оқимлар ўта берсин!
Бари-бари оқимлар баданда йўқликдан бино бўлди!
Бари-бари мактаблар кўнгилда йўқликдан бино бўлди!
Бадиий санъат яратилмишдан буён юзлаб оқимлар яратилди, юзлаб мактаблар яратилди.
Барчаси-да ўз вақтида бир довруғ солди. Барчаси-да ўз даврида бир шов-шув бўлди.
Барча оқимлар ўтди-кетди, барча мактаблар ўтди-кетди! Фақат номлари қолди!
Аммо асл бадиият қолди! Асл санъат қолди!
* * *
- Афғонистонда ичгани сув йўқ, шоир ака, сув ости кемаси нима қилади?
- Нега сув йўқ? Амударё-чи? Қадимий Жайҳун?
- Мен Афғонистонда бўлганим билан душман юзини кўрганим йўқ, шоир ака.
- Унда, нима иш қилдингиз?
- Озиқ-овқат омборхонасида ишладим.
- Ана, ана! Сиз озиқ-овқат бермаганингизда лашкар оч қолар эди, жангда мағлуб бўлар эди! Орден-медаллардан борми?
- Сандиқда бир-иккита бор эди шекилли.
- Ия, нимага сандиқда ётади? Тақиш керак, олиб тақиш керак! Мана, отахонларимизни қаранг, кўкраклари ялт-юлт қилади! Кўз қувонади! Сиз ҳам тақинг-да!
- Қўйинг, шоир ака, қўйинг, уяламан.
- Соддасиз, Авазбой, соддасиз. Уялсангиз, бу дунёда очдан ўласиз!
НАСРИДДИН тайёрлади.