Меню

Қашқадарё

05.01.2017 2757

ИЖАРАГА ОЛИНГАН УЙДА НЕЧА КИШИ ЯШАШИ МУМКИН?

Бу борадаги саволларимизга Қарши шаҳар 2-сонли давлат нотариал идораси нотариуси Муҳаммад Али Умбаров жавоб берди.

Ижара шартномаси нима учун керак?

- Уй-эгаси билан ижарага олувчи ўртасида жуда кўп ҳолларда мунозаралар келиб чиқади. Бир томон уйдан кўнгилдагидек фойдаланилмаётганидан нолиса, иккинчи томон шароитларнинг яхши эмаслигидан ранжийди. Бунга тўлов билан боғлиқ муаммоларни ҳам қўшиш мумкин. Ўртада шартнома бўлмагани боис, ҳар икки томон ҳам ўзининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини асослашга қийналадилар.

Ижарага берувчи ва олувчи ўртасидаги келишув шартномавий муносабатларда ўз аксини топар экан, муаммоли ҳолатлар келиб чиққанида ҳам шартнома шартларини бажармаётган томон жавобгар бўлади.

Шартнома бўлмаса, жарима қўлланиладими?

- Фуқаролар ўртасида бинони, иншоотни ёки уларнинг бир қисмини, турар жойни ижарага бериш шартномасининг мавжуд эмаслиги ёхуд ижарага бериш шартномасининг мажбурий нотариал тасдиқланишига риоя қилмаслик маъмурий жавобгарлик белгиланишига сабаб бўлади.

Солиқ қандай тартибда ҳисобланади?

- Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 189-моддасига асосан, жисмоний шахсларнинг уй-жойни ижарага беришдан олинадиган даромадларига декларация асосида солиқ солинади.

Бунда мол-мулкини ижарага бериш орқали даромад олаётган жисмоний шахслар томонидан ижарадан даромадлар пайдо бўлган кундан эътиборан биринчи ой тугаганидан кейин беш кунлик муддатда дастлабки декларация ҳамда ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига жами йиллик даромадлари тўғрисида декларация тақдим этилиши керак.

Мол-мулкни ижарага беришдан даромад олиш тугаган тақдирда жисмоний шахс доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органини бу ҳақда ёзма хабардор этиши лозим.

Нотариусга қанча тўланади?

- Ижара шартномаларини нотариал тасдиқлаганлик учун “Давлат божи ставкалари”нинг тегишли бандига асосан шартнома суммасининг 1 фоизи миқдорида, бироқ энг кам ойлик иш ҳақининг  20 фоизидан кам бўлмаган миқдорда давлат божи ундирилади.

Ижара шартномасини тасдиқлаганлик учун давлат божи тарафларнинг келишувига асосан ижарага берувчи ёки ижарага олувчи томонидан тўланиши мумкин.

Оғзаки битим ҳам амал қиладими?

- Уй-жой ижара шартномаси фақат ёзма тарзда тузилиб, нотариал тасдиқланганидан сўнггина қонуний ҳисобланади.

Уй эрнинг номида бўлса, хотиннинг розилиги керакми?

- Турар жой эгаси ўзига тегишли мулкни ижарага беришида ижарага олувчи билан шартнома тузиши учун кўчмас мулк объектининг кадастр йиғма жилди, шу уйда доимий рўйхатга қўйилган шахсларнинг розилиги ҳамда улар ҳақида фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи томонидан берилган маълумотномаларни тақдим этади. Шу билан биргаликда, кўчмас мулк эр ва хотиннинг биргаликдаги мулки бўлган тақдирда, ҳар иккаласининг розилиги талаб этилади.

Гаровга қўйилган уй ижарага берилса...

- Гаровга қўйилган уйни ижарага бериш мумкин. Фақат бунинг учун  гаровга олувчининг розилиги ҳам талаб этилади. 

Шунингдек, ижарага берилаётган кўчмас мулк васийликдаги шахсга қарашли бўлса, васийлик ва ҳомийлик органларининг розилиги бўлиши керак.

Ота уйни ижарага олса, фарзандлари ҳам яшаши мумкинми?

- Бир киши ижарага олган уйда оиланинг бошқа аъзолари ҳам яшаши мумкин. Бунинг учун оила аъзоларини ҳам ижара шартномасига киритиш лозим. Кейинчалик шунга эҳтиёж бўлган ҳолатларда эса ижарага олувчи ижарага берувчи билан нотариусга бориб, янги оила аъзоларининг ҳужжатларини илова қилган ҳолда шарномага қўшимчалар киритиши мумкин.

Шартномани муддатидан олдин бекор қилса бўладими?

- Ижарага бериш шартномаси тарафларнинг келишуви билан бекор қилинади. Шунингдек, тарафлардан ҳар бири бошқа тарафни уч ой олдин ёзма равишда огоҳлантириб, истаган пайтда шартномадан воз кечиши мумкин. Шартномада номуайян муддатга тузилган мулк ижараси шартномасини бекор қилиш ҳақида олдиндан огоҳлантиришнинг бошқа муддатлари ҳам белгилаб қўйилиши мумкин.

Бир томон шартларни бажармаса-чи?

- Тарафлардан бири уй-жойни ижарага бериш шартномаси шартларини бажармаган тартибда ҳам иккинчи томоннинг талабига биноан шартнома суд тартибида бекор қилиниши мумкин. Шунингдек, низоли вазиятлар ҳам суд тартибида ҳал этилади.

Ж.БОЙМУРОДОВ ёзиб олди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!