Меню

Қашқадарё

09.07.2019 1629

ИЖАРА УЙДАГИ ИСЛОВАТХОНА

Ҳали ёш, ақли жойида, ҳалол ишласа, изланса ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини топиб кетиши мумкин бўлган бу жувон афсуски кун кечиришнинг осон, аммо аёл номига номуносиб бўлган, жирканч йўлини танлади.

Жасмина Қарши шаҳрига келиб, ижарага уй олиб яшай бошлади. Энди ишлаш, пул топиш зарур эди. Кишида аниқ мақсад, ҳаракат бўлса, ҳалол меҳнатдан қочмаса, ҳар қандай вазиятда, ҳар қандай жойда ҳам ўзига муносиб иш топилади. Лекин аввалбошданоқ енгил-елпи ҳаёт тарзига ўч аёл худди шу йўлни танлади. Пул эвазига турли эркакларнинг шаҳвоний истакларини қондириш, ҳатто ўзига ўхшаш қизларни йиғиб, ижара уйини исловатхонага айлантиришдан номус қилмади.

У худди мана шу фаолияти учун қўлга олиниб, жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2018 йил 16 апрелдаги ҳукми билан айбдор, деб топилган. Белгиланган тартибда қонуний жазосини ҳам олган. Аммо жазодан тўғри хулоса чиқариб, ҳалол меҳнат билан шуғулланиш ўрнига яна эски "касби"ни давом эттира бошлади. Фақат қилмиши яна ошкор бўлмаслиги учун энди манзилни бошқа қилди, холос.

Жасминанинг янги қўним топган жойи Қарши тумани Боғобод массиви эди. У шу ердаги хонадонлардан бирини ижарага олиб, фарзанди билан яшай бошлади. Аввалги эски танишларига телефон қилиб, янги манзили ҳақида хабар бериб қўйишни ҳам унутмади.

Қарангки, тез орада унинг "иш"лари яна олдинга силжий бошлади. Енгил-елпи аёллар, шайтоний истаклари йўлида ҳаром-хариш ҳаёт тарзидан ор қилмаган эркаклар бу манзилга тез-тез ташриф буюриб турадиган бўлишди. Улардан бири Қарши шаҳрида яшовчи Асрор исмли йигит эди.

Бир ўртоғидан Жасмина ҳақида эшитган Асрор унга телефон қилиб, қизлар бор-йўқлиги ҳақида сўради. "Ҳозир йўқ, агар келаман десанглар чақираман" дея жавоб берди у.

Шундан сўнг, мижоз кечки пайт айтилган манзилга борди. Бу пайтда Жасмина ўзига аввалдан таниш бўлган, Қарши шаҳрида яшовчи Фаёза исмли аёлни ҳам чақириб қўйган эди.

Жасмина меҳмонхонасидан жой ҳозирлаб, Асрор ва Фаёзанинг шаҳвоний истакларини амалга ошириши учун шароит яратиб берди. Сўнг бу ҳожатбарорлиги эвазига йигитдан 75 минг сўм пул олиб, келишилганидек 25 мингини Фаёзага тутди. Бугунги даромаддан кўнгли тўқ бўлиб, энди "меҳмонлар"ни кузатаётган ҳам эдики, дарвозанинг тақилаб қолиши уни ҳушёр торттирди.

Ҳудудда ўз хизмат вазифасини ўтаётган ИИБ ходимларини ёлғиз аёлнинг ижарада яшайдиган уйига келган нотаниш кишилар  шубҳалантирган ва ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида эшик қоқишганди...

Жасмина Жабборова бу қилмиши учун яна бир бор суднинг қора курсисига ўтириши муқаррар. Бир марта берилган имкониятдан тўғри хулоса чиқармаган аёл учун эндиги жазо ҳам оғирроқ бўлади.

Шу ўринда яна бир гап. Одатда аёл шахсига таъриф берар эканмиз, кўз олдимизда нафақат ожиза,  нозик ҳиссиётлари ила яшовчи бир шахс, балки шу билан бирга матонатли, вафоли, садоқатли, ҳам жисмонан, ҳам маънан чидамли бир зот гавдаланади. Аммо орамизда ана шундай сифатлардан мосуво, аёллик, оналик номига доғ тушираётган аёлларнинг ҳам борлиги афсуслантиради кишини.

Лазиз ЮЛДОШЕВ,

Қарши тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими катта терговчиси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!