Меню

Қашқадарё

10.08.2017 2111

ИЗЧИЛ ВА САМАРАЛИ ИСЛОҲОТЛАР ЖАРАЁНИ

“Нуроний” жамғармаси ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимлари ҳамкорлигида ташкил қилинган тадбирда маҳалла раислари, маслаҳатчилари ва фаоллари, нуронийлар иштирок этди.

“Нуроний” жамғармаси республика   бошқаруви раиси ўринбосари Шуҳрат   Усмонов, жамғарма вилоят бўлими раиси Январ Иноятов, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раисининг кексалар ва фахрийлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Шермамат Ражабов, Шаҳрисабз шаҳри ҳокими Исмат Нусуров, Шаҳрисабз туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Шаҳло Раҳмонова ва бошқалар мамлакатимизда нуронийларнинг бой ҳаётий тажрибасидан унумли фойдаланиш, маҳалла институтини жойларда халқнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш борасидаги ислоҳотлар эл-юртимизнинг тинч ва фаровон ҳаётини, барқарор соғлом муҳитни таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлашди.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида бу борадаги ишларни тизимли давом эттириш бўйича зарур вазифалар белгиланган. Унга кўра, жамоатчилик асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари (овуллар, қишлоқлар, маҳаллалар)да фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари – кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий қилинди.

Мазкур маслаҳатчилар кексалар турмуш сифатини янада яхшилаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштирокини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишга кўмаклашади. 

- Ҳар бир инсон бу ёруғ оламда яшар экан, албатта, бахтли бўлишни орзу қилади, - дейди “Нуроний” жамғармаси Деҳқонобод тумани бўлинмаси раиси Кенжа Эшбоев. - Айниқса, кекса ёшдаги нуронийлар меҳр оғушида, ҳурмат-иззатда яшашига нима етсин. Худога шукур, бу бахт бизнинг қарияларга насиб этган. Ҳукуматимиз кекса авлод вакилларига чексиз ҳурмат-эҳтиром кўрсатаяптики, бу уларнинг  яшашга бўлган интилишини янада кучайтиради. Шундай экан, бу ғамхўрликларга жавобан кексаларимиз ҳам фаол бўлиши, мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этишга ҳисса қўшиши, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни таъминлаш ишида жонбозлик кўрсатиши, ёшлар тарбиясида масъулиятни ўз зиммаларига олиши лозим.

Шунингдек,  тадбирда Президентимизнинг жорий йил  3 февралда қабул қилинган “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида жамиятимизда ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришда, ёш авлодни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини, кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида маҳаллаларнинг аҳамияти ва нуфузини янада ошириш лозимлиги қайд этилди.

Ўқув-семинар иштирокчилари шўъбаларга бўлиниб, уларда нотинч оилаларни соғломлаштириш, ҳуқуқбузарликлар ва ажримларнинг олдини олишда нуронийларнинг вазифалари, тўй-маросимларни миллий анъаналаримизга мос равишда ўтказишнинг зарурияти, нуронийларнинг маҳаллалардаги ёшлар билан ишлашдаги ўрни, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда диний идоралар билан ҳамкорлик масалалари сингари мавзуларда амалий машғулотлар олиб борилди. Машғулотларда мавжуд муаммолар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан амалий таклифлар билдирилди.

Тадбирда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев иштирок этди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!