Меню
Қашқадарё
ҚИЗ – МОҲИР ТИКУВЧИ, ЎҒИЛ ЭСА МЕБЕЛЬ ЯСОВЧИ УСТА
- Тикувчилик цехини қизим, мебель ясаш цехини эса ўғлим юритаяпти, - дейди корхона бошлиғи Фахриддин Очилов. – Ушбу тармоқларни ўз маблағимиз ҳисобидан ташкил этдик. Германиядан келтирилган қиймати 300 миллион сўмлик дастгоҳлар ёрдамида барча турдаги уй-рўзғор буюмлари, офис мебеллари, тиббиёт жиҳозлари ишлаб чиқараяпмиз. Чеварлик цехимизда кўрпа-тўшак, матрас, аёллар либослари тикилаяпти. Бироз олдин Қарши шаҳрида бўлиб ўтган саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида қатнашиб, ўз маҳсулотларимизни намойиш этгандик. Бу ярмаркада бир қанча таълим ва тиббиёт муассасалари билан маҳсулот етказиб бериш бўйича катта миқдорда шартнома тузишга эришдик. Ҳозирги кунда мазкур буюртмаларни бажариш ҳаракатидамиз. Муҳим жиҳати, корхонамизда оиламизнинг барча аъзоси банд, бундан ташқари, қўшимча ишчи кучи ҳам ёллаганмиз.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очилгани, айниқса, оилавий бизнес ривожига катта эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлар экан, ишбилармон яратиб берилаётган мавжуд имтиёз ва имкониятлардан ўз ўрнида фойдаланиш ниятида эканини айтади. Бунинг исботи ўлароқ оилавий тадбиркор келгусида янги лойиҳаларни рўёбга чиқаришни режалаштирмоқда. Жумладан, чиқиндини қайта ишлаб, ундан харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш истиқболли йўналиш этиб белгиланган.
М.ЖЎРАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.