Меню
Қашқадарё
ҚИЗҒАЛДОҚ ҚИШЛОҒИДАГИ ТЎЙКУРАШДА...
Тўғри, китоб жавонимда киши ўқиганда ичига сингиб кетадиган, ўқувчининг қалбини ларзага соладиган, қайта-қайта ўқишга чорлайдиган бундай асарлар кўп бўлмаса-да, бор. Хусусан, “Ёшлик” журналининг 2013 йил 6-сонини авайлаб-асраб келаман. Унда ёш ижодкор Нурилла Чорининг “Бўрон тинган кеча” ҳикояси чоп этилган.
Ҳикояни илк марта ўқиётган вақтимда унга таниқли адиб Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Лолазор” романидаги қуйидаги жумлалар иқтибос қилиб келтирилгани эътиборимни тортганди:
“... Жонузоқ араб сал гуппироқ одам эди. Унинг назарида бу ёруғ дунёда атиги иккита ҳурматга лойиқ одам бор эди: бири - галатепалик раис Раим Ғайбаров, иккинчиси – қамашилик раис Норбўта Шароф”.
Нурилла Чорининг “Бўрон тинган кеча” ҳикоясида ҳам қамашилик раис, кураш ва кўпкариларда баковуллик қилиб, эл-улус орасида катта обрў-эътибор қозонган ўша Норбўта Шароф ҳақида гап боради.
Келинг, ҳикоя мазмунига эътибор қаратамиз.
Қамашининг Чим қишлоғидан бўлган Норбўта Шарофнинг ёшлиги оғир йилларда ўтди. Қаҳатчилик, йўқчилик, ночорлик ҳамласи уларнинг оиласи учун ҳам бегона эмасди.
Орадан йиллар ўтиб, у ҳам тенгдошлари қатори қишлоғида очилган кечки мактабда хат-савод чиқарди. Элнинг корига ярашдек мақсад қўйган Норбўта ўтган умрининг олти йилини туман ижроия қўмитаси раислиги, қолган йигирма йилини эса жамоа хўжалигини бошқариш ишига сарф этди.
Норбўта раис эл кезар экан, доим ёнида Ибрайим аминнинг боласи - Шаймардон полвонни ўзи билан олиб юрар ва аксарият курашларда ғолиб бўларди.
Қаҳратон қиш кунларининг бирида Қизғалдоқ қишлоғилик Ташкан мирохур узоқ йиллардан буён ният қилиб юрган ишини бошлади (мирохур – подшоларнинг отбоқарлари бошлиғи, ҳикояда оқсоқол ўрнида қўлланган). Ташкан ўғил кўрмади, шу боисдан тўққизинчи қизини “ўғлим” атаб, тўй бошлади.
Аслида Ташкан бой одам эмасди, лекин кўнглининг бениҳоя кенглиги, жўрабозу ошнабозлиги зиёда эди.
Тўйга қаҳратон қиш бўлса ҳам юртнинг ҳар тарафидан меҳмонлар ёғилди. Мезбонлар эса келаётган меҳмонларни “қўниқхона”га (уйига) олиб кетишар, меҳмони келмай кечикаётганлари эса тўйбошилар билан жанжаллашишдан ҳам тоймасди.
Мана бу сатрларга эътибор беринг.
- Ҳўв, Тиркаш бува, бизга қўноқ йўқми? - дея ичкарилади муртига қор инган қорувли йигит.
- Меҳмоннинг ҳали қадами узилгани йўқ, - деди Эшон беписанд назар ташлаб. Тўйхонадаги бундай тортишувдан кўнгли тоғдек кўтарилган Ташкан одамлар орасидан сийлиқиб ташқарилади. Кўзидан ёш қалқиб, тошди... Елкаси нортуянинг ўркачидай силкинди, қайта-қайта учиб-учиб тушди.
У замонларда тўйлар курашсиз, кўпкарисиз ўтмасди. Ташкан ҳам кураш берадиган бўлди. Курашга Норбўта Шароф баковул бўлди. Аммо, Қизғалдоқ аҳли ўша куни танг аҳволда қолди. Чунки Норбўта Шарофнинг полвони Шаймардонга қарши кўкрак кериб чиқадиган мард йўқ эди. Шунда қишлоқнинг орияти учун Бухор мулла бир тадбир топди. У ёнига Қулмат деган ўспиринни чақириб деди:
- Болам, Қулматбой, Қулмухаммадбой, ҳозир Изиллоққа – Бўри тўпдан Ўроқнинг уйига борасан. Сиздан Ташкан мирохур хафа, де. Бормасангиз мирохурнинг кўп йиллик тугуни яна чийралиб қолар экан, дегин. Бухор мулла айтди, дегин. Чоп, тўйхонаю қўноқ тушган уйлардаги истаган отингни мин. Фақат Норбўта Шарофнинг тўриғига тегмасанг бўлгани. (Қаранг, Норбўта Шарофнинг ўзигина эмас, тўриқ оти ҳам қанчалар эъзозланган...) Чоп, болам, чоп...
Кўп вақт ўтмай Ўроқ мулланинг ёнига келди. Мулла Бухор унга деди:
- Сиздан бошқа биров Шаймардоннинг ёқасидан ушлаёлмайдиган кўринади, иним.
- Эй, бу нима деганингиз бўлди? Мен олишга ишқибозман. Ўзим тенги билан ҳам олишаман, тўғри. Лекин катта полвонлар билан қачон олишувдим.
Ҳа, Шаймардон ёш, новқур, кучга тўлган, айни пайтда давраларнинг зўри бўлиб келаётган йигит. Ўроқ эса ундан ёши анча катта, бунинг устига ҳар доим ўрта даражадаги полвон бўлган. Шу боис, у Шаймардон билан кураш тушишни қатъий рад этади, мулла Бухор эса қаттиқ туриб, уни даврага тушишга ундай бошлайди.
У ишонч билан Шаймардоннинг елкасидан тутади:
- Қўрқманг, полвон, сизни Шаймардон йиқита олмайди. Айтганимдай бўлмаса, Бухор тилидан кофур дейсиз.
Хуллас, мулланинг анча жон койитишидан сўнг, ҳайрон қолган Ўроқ махсум Шаймардон полвон билан кураш тушишга рози бўлади.
Адиб воқеанинг давомини шундай ҳикоя қилади:
Даврада Шаймардон полвоннинг қўлини баланд кўтариб, талабгор излаётган баковулнинг қаватига юрак ютиб биров яқинлашмади. Бундан элсаройликлар қанча мамнун бўлса, қизғалдоқликларнинг боши шунча хам эди. Шу боис, Ўроқ махсумнинг даврага кирганини биров билмай қолди.
Норбўта Шароф Шаймардон полвоннинг талабгори Ўроқ полвон эканини элга эълон қилди. Уларнинг чакмони устидан баковулнинг ўзи белбоғ боғлади. Томошаталабларнинг бутун вужуди кўзга айланган: лаб жуфтламай, киприк қоқмай даврага тикилади. Полвонлар аввал қўшқўллашиб саломлашди. Сўнг Шаймардон ўнгдан давра айланди. Рақиби унга эргашди. Бир-бирига юзланганча чап оёғидан ўнгини ярим қадам олдинга ташлаган полвонлар бироз энгашди. Гўё қанот қоқиб турган хўрозлардай бир-бирига тикилди.
Шаймардон полвон рақибига тикилганча… ўн яшар болага айланди.
…Пешиндагидек бўрон қўпган кун. Унинг пешонасидан бир одам ўпди. Маҳкам қучоқлаб, манглайини манглайига тиради ва: “Бу оламнинг савдоларини бир кун ўзинг ечасан, менга осон тутма, отангни ҳам кутма. Шу кунгача ғайридин олиб кетган бирор одам қайтмади. Кишининг молига тегинма. Қўлинг ҳалол, нима иш қилсанг-да, бир кун биз томонга Худойқул деб излаб бор. Етимни Яратган яхши кўради, бошини ёрмайди. Ўзингни эҳтиёт қил…” деб, икки қоп сомон остидан фақат боши кўриниб турган оқ бурун, олақашқа саманга марҳумани юклади. Шаймардон биянинг ортидан йиғлаб чопди. Йиқилди, қорга ағанади. Шу ётганча олдинга тикилиб қолди. Тим қора дум қорда судралиб борарди…
Аввал сарбон, кейин бия, сўнг қорда қолган дум изи бўронда кўринмай кетди. Бияни етаклаб кетган одам – бодомқовоқ, қийиқкўз, ўсик қош, кенг бурун, кулча юзли, буғдойранг киши эди. У қартайиш ўрнига ёшариб, кичрайиб, бугун қаршисида турибди.
Шаймардон бу одамни икки марта излади: аввал урушга кетиш арафасида дараклаб келди. Билдики, бия етаклаган сарбон элнинг мулласи экан, ўтиб кетибди. Онаси омонатини топширганида «ур-тиқ», «от-от» замон эди. Отаси ҳам шунинг қурбони эканини кейин англади. Иккинчи марта урушдан қайтгандан сўнг қидирди. Худойқулдан қорахат келди, деб эшитди. Шу билан тоға томиридан, она авлодидан умидини узиб кетди. Худойқулнинг эл ичра Ўроқ отини олганини эса, кимсадан эшитмади. Бугун у қаршисида!..
Полвоннинг қомати “алиф” бўлди. Рақибининг ёқасини тутишга чоғланган қўллари тўқсонга тўқнашиб, асога кучи келмайдиган илклардай шалвираб қолди. Бирдан ортига тисланиб, қўлини осмон қадар кўтарганча “курашмайман” ишорасини берди.
Давра – ҳангу манг. Нима бўлганини ҳеч ким билмай қолди.
Осмон тоқидаги узун пардек булутнинг қишлоқ тепасидаги жойи тугундек. Гўё сомонйўлида бораётган “нортуялар” ҳориб, давра устида чўккан. “Йўловчилари” эл-улусни кузатган, кузатгану шу кузатишда жим тарқалаётгандек эди. Оломон ҳам қандай йиғилган бўлса, яна шундай тарқади.
Туни билан қўноқхоналарда Ўроқ махсум ва Шаймардон аминнинг тақдиридан гурунг қизиди. Қишлоқ аҳли бомдодда Шаймардон полвоннинг қабристонда қироат билан фотиҳа ўқиётганини эшитди.
Қизғалдоқдан қайтаётган отлиқлар орасида икки киши унсиз сўзлашдилар. Норбўта Шарофнинг кўзлари “олишганда отангни аяма, дейишарди. Бу ёғи қандай бўлди, Шаймардон?” деганини уққан полвоннинг кўзлари “Бир кун бу танни тупроққа топширар бўлсам, манзил-маконимга қўяр одамнинг қандай ёқасидан олай, оқсоқол?!” дерди.
Ҳикоя якунида Норбўта Шароф кўнглидаги гаплар қуйидаги жумлалар билан тугайди:
“Олам яшарса, Норбўта Шароф ёшарса, Шаймардон эмас, мен олишаман, деб даврага отилиб кирса... Эҳ, қани энди шундай бўлса. Шундайлар бўлса...”
Хуллас, адиб ўқувчини Норбўта Шароф билан таништириш асносида, халқимизнинг миллий анъаналари, урф одатлари, қишлоқ одамларига хос жайдарилик, тантилигу меҳр-оқибатни шу қадар чиройли таърифлайдики, беихтиёр ўзингизни ана шу одамлар орасида ҳис этасиз.
Ўролбой ҚОБИЛ