Меню
Қашқадарё
ЎҚИТУВЧИНИНГ АХЛОҚ ВА ЭТИКА НОРМАЛАРИГА ЗИД ҲАРАКАТЛАР СОДИР ЭТИШИ ТАҚИҚЛАНАДИ
Педагоглар бевосита таълим-тарбия билан шуғулланиши лозим шахслар бўлса-да, яқин-яқингача уларнинг, айниқса, мактаб ўқитувчилари мисолида оладиган бўлсак, фаолиятига мутлақо алоқаси бўлмаган ишларга мунтазам жалб этиб келинганига гувоҳмиз. Ваҳоланки, педагог ходимларни уларнинг лавозим мажбуриятлари билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай бошқа ишга жалб қилиш қонун билан тақиқланади.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги Қонунида таълим ташкилотлари педагог ходимларининг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлиши қайд этиб қўйилган.
Шунингдек, уларнинг касбий фаолиятига аралашишга, таълим олувчиларнинг билимларини тўғри ва холис баҳолашга таъсир кўрсатишга, хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмайди.
Педагог ходимлар: ўз шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш; замонавий педагогик шаклларни, ўқитиш ва тарбия воситаларини, усулларини эркин танлаш ҳамда улардан фойдаланиш; касбий фаолиятини амалга ошириш учун уларга зарур шарт-шароитлар яратилишини талаб қилиш; ўқув, илмий ва услубий йўналишлардаги ахборот-ресурс марказларининг хизматларидан бепул фойдаланиш; таълим ташкилотини бошқаришда, шунингдек, таълим ташкилотининг фаолияти билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишда иштирок этиш; ўз касбий ҳуқуқларини ва умумий манфаатларни ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш учун педагог ходимларнинг жамоат бирлашмаларига бирлашиш; ўз касбий фаолиятига аралашувдан ҳимояланиш; давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул тиббий кўрикдан ўтиш (давлат таълим муассасалари ва ташкилотлари учун); таълим олувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда иштирок этиш каби қонун ҳужжатлари билан мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқларга эга.
Жамиятда ҳуқуқ устувор экан, мажбурият ҳам у билан ёнма-ён туради. Худди шундай, ҳуқуқлари эътироф этилган педагоглар учун ҳам фаолиятга оид қатор мажбуриятлар бисёр. Жумладан, таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳурмат қилиш; ўқув машғулотларини сифатли ўтказиш; ахборот-коммуникация технологияларидан, ўқитиш ва тарбиянинг илғор ҳамда инновацион шакллари ва усулларидан фойдаланиш; таълим олувчиларнинг психологик ва ўзига хос хусусиятларини, жисмоний ва руҳий саломатлигини, физиологик ривожланишини ҳисобга олиш, жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган шахсларни ўқитиш учун шарт-шароитлар яратилишига эътибор қаратиш; вояга етмаган таълим олувчилар билан таълим-тарбия ишларини уларнинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари билан ҳамкорликда олиб бориш; таълим ташкилотининг уставига ва (ёки) бошқа таъсис ҳужжатларига, ички меҳнат тартиби қоидаларига риоя этиш; ўз малакасини мунтазам равишда ошириб бориш, эгаллаб турган лавозимига мувофиқлик жиҳатидан даврий аттестациядан ўтиш; тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтиш педагог ходимлар учун шарт эканлиги қонун билан белгиланган.
Алоҳида таъкидлаш жоиз, педагог ходимларга педагогик фаолиятни амалга оширишда ахлоқ ва этика нормаларига зид ҳаракатлар содир этиш тақиқланади.