Меню

Қашқадарё

01.08.2024 5786

IT Park филиали - Кўкдаланинг янги "ўсиш нуқтаси"

Тараққиёт стратегияси

Кўкдала туманида қурилиши якунланган IT Park филиалида ёшларнинг зарур билим ва кўникмалар олиб, замонавий касб ҳамда бизнес турлари билан машғул бўлиши ва шу тариқа ҳудуднинг иқтисодий ва экспорт салоҳияти ошиши учун мустаҳкам замин яратилмоқда.

Маълум қилинишича, Кўкдалада IT Park филиалининг бунёд этилиши IT Park Uzbekistan ва туман ҳокимлиги томонидан ҳудудда қулай бизнес муҳити ва ривожланган инфратузилмани яратиш бўйича биргаликда амалга оширилган фаол саъй-ҳаракатларнинг натижасидир.

Умумий майдони 5 минг квадрат метрдан ортиқ бу уч қаватли бинода, хусусан,  "Zero Risk" ( "Нолга тенг таваккалчилик") дастурига қизиққан компаниялар фаолиятини бошлаш учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Бу дастур бўйича муайян талабларга жавоб берадиган резидентлар замонавий мебель ва техник анжомлар билан жиҳозланган офисларда жойлашиб, ўз фаолиятини тез ва самарали бошлашлари мумкин. Бундан ташқари, филиалнинг ҳар бир қаватида фрилансер (эркин ишчи)лар ўз  лойиҳалари устида қулай шароитларда ишлаши учун коворкинг зоналари ҳам мавжуд.

IT Park филиалида барча хоҳловчилар юқори сифатли IT-таълим олиб ва чет тилларини ўрганиб, кейинчалик туманни тарк этмасдан етакчи хорижий компанияларда ишлашлари мумкин бўлади. Ушбу мақсадларга эришишда маҳаллий ёшларга бизнес ва технологиялар соҳасида катта тажрибага эга бўлган ва  халқаро ҳамкорлар билан аутсорсинг жабҳасида муваффақиятли иш олиб бораётган Ўзбекистоннинг "MAAB Innovation" IT-компанияси ёрдам бермоқда. Хусусан, тез орада мазкур компаниянинг IT Park филиалидаги офисида синовдан муваффақиятли ўтган дастлабки ўқувчилар гуруҳи - 22 нафар йигит ва қизнинг ўқиши бошланади. Эътиборлиси, бу борадаги таълим жараёни нафақат дастурлаш курслари, балки ёш мутахассисларга халқаро компаниялар талабларига муваффақиятли мослашишга ёрдам берадиган "Soft skills" тизими бўйича малака оширишни ҳам ўз ичига олади. Ўқув курсларини муваффақиятли тугатган ёшларнинг "MAAB Innovation" компаниясининг ўзида иш билан таъминланиши ва келажакда чет элдаги йирик IT-лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этиши кафолатланади.

Янги филиал биносининг яна бир қаватини IT Park Uzbekistanнинг резиденти - Unicall компанияси офиси учун ажратиш режалаштирилган бўлиб, у хорижий ташкилотларнинг алоқа марказларида ишлаш (BPO хизматлари) учун мутахассислар ёллашни мўлжал қилмоқда.

Мутахассисларнинг эътироф этишича, Кўкдалада янги филиалнинг очилиши IT Park Uzbekistanнинг мамлакатимиз барча минтақаларига хорижий компанияларни жалб қилиш ва келажакда Ўзбекистонни глобал IT Hubга айлантиришга қаратилган муҳим стратегик лойиҳасининг ажралмас бир қисми бўлиб, унинг ёрдамида туманда йирик IT ва аутсорсинг компаниялари жойлашиши, янги иш ўринлари ташкил этилиши ва шу орқали ҳудуднинг барқарор иқтисодий ўсиши учун қулай имкониятлар ҳозирланди.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!