Меню
Қашқадарё
“ИТ КУНИ”НИ АФЗАЛ БИЛГАН ЖОНИВОР
“Каштанка”ни бундан роппа-роса 30 йил бурун, яъни 1987 йилда, ҳикоя ёзилганига юз йил тўлганида ўқигандим. Ўқиганда ҳам бир ойнинг ичида нақ уч марта. Биринчи бор ўқиганимда тасаввуримда оддий бир итнинг дарбадарликда юриб, охир-оқибат аввалги хўжайинини топгани, қанча азоб беришса ҳам шу ҳаёти унга маъқул келгани ўрнашиб қолганди. Бироқ машғулотлар пайтида “Каштанка”ни таҳлил қиларканмиз, унинг биз билмаган, англаб етмаган, шундай бўлиши хаёлимизга ҳам келмаган талқинлари бор эканки, ҳикоя мазмунини яхшироқ тушуниш учун унга қайта-қайта мурожаат этишга мажбур бўлганман.
Баъзи тахминларга кўра, “Каштанка” ҳикояси ҳайвон ўргатувчи Владимир Дуров билан бўлиб ўтган воқеа асосида ёзилган. Фақат бунга ёзувчининг бироз ижодий фантазияси зеб берган, холос.
Муаллиф ҳикоя бош қаҳрамонига кўп эътибор қаратган. Ўқувчи кўз ўнгида доим оч-наҳор, қаровсиз қоладиган кўппак гавдаланади. Дурадгорнинг уйида унга овқат ўрнига тамаки ҳидлатишади. Айниқса, хўжайиннинг ўғли Федюшканинг куракда турмайдиган шафқатсиз қилиқлари унга жуда азоб беради. У “... бир парча гўштни ипга боғлаб Каштанкага ташлар, у ютиб юборгач эса, қаҳ-қаҳлаб кулиб, уни меъдасидан тортиб чиқарарди”. Бундан баттари бўлмаса керак...
Фақат итларгагина хос бўлган садоқат, вафодорлик унга етказилган озор, дилсиёҳлик ва чексиз ҳақоратларни унутишга мажбур қилади.
Китобни ўқир эканмиз, биз Каштанканинг нафақат турли вазиятлардаги аҳволини кузатамиз, балки унинг ҳис-туйғулари, қайғу, ўй-кечинмалари ҳақида ҳам биламиз. Бундай нозик бадиий услуби билан муаллиф ўқувчини ҳис-туйғу, фаҳм ва сезги идрокига асосланган ҳайвонот олами билан таништиришга ҳаракат қилади.
Бир тутам ҳикояда бир олам воқеа-ҳодиса содир бўлади. Каштанка адашиб қолганида у ўрганиб қолган одатий турмуш тарзи бутунлай ўзгариб, шоҳона ҳаёт пайдо бўлади. Ҳатто унга янги исм ҳам қўйишади – Тётка (“Холажон”). Унинг артистларга хос истеъдоди ҳам намоён бўлади.
Бу ерда Тёткани уришмасди, хушмуомалада бўлишарди, яхши овқатлантиришарди, аммо барибир Каштанка аввалги ҳаётини қўмсарди.
Циркда қўйилган томоша ҳикоянинг кульминацион нуқтаси. Каштанканинг собиқ хўжайинлари томошага тасодифан кириб қолишади. Одамлар орасидан ўзига таниш бўлган қадрдон овозларни эшитган Каштанка “қувончидан вангиллаганича улар томонга отилди”. У ўтмишдаги ҳаётига ошиқарди.
Ҳикоя тугагач, у ўқувчида баҳс-мунозара, тахмин ва талқинлар учун янгидан-янги фикрларни қалаштириб ташлайди. Ростдан ҳам, Каштанка нима учун аввалги хўжайинлари бағрига шундай бир меҳр, соғинч билан отилди? Ахир ҳайвон ўргатувчининг уйида у яхши яшаётганди-ку? Қолаверса, собиқ хўжайинлари унинг бошига “ит куни”ни солишганди-ку? Бу ерда итнинг ўз эгасига нисбатан вафодорлик туйғуси жўш уриб кетади. Балким Чехов итнинг хатти-ҳаракатидан камситиш, ҳақоратларни кўтаришга доим тайёр бўлган, ҳар қандай оғир меҳнатни ҳам эътироз билдирмасдан сўзсиз бажаришга одатланган инсонларга хос жиҳатларни пайқагандир. Бундай ғалати инсонлар ҳақида Некрасов шундай деганди: “Жазо қанча оғир бўлса, хўжайин янада қадрли, меҳрибон бўлиб кўринаверади”.
Ҳикоядаги воқеа ҳаётдагисига мутлақо тескари тарзда якун топади. Жаноб Жорждан фарқли ўлароқ, Дуров итни аввалги хўжайинларига қайтаришни истамаган. Итни турли “трюк”ларни бажаришга ўргатиш учун у қанча вақт сарфлаган. Ҳатто суд ҳам буни тан олади ва итни Дуровнинг ихтиёрида қолдириш тўғрисида ҳукм чиқаради.
Ҳикоянинг асл мақсади ҳар қандай тирик жоннинг ҳаётида, у инсон ёки ит бўлсин, яқинлик, садоқат, вафо, меҳр туйғулари, ўрганиб қолиш, боғлиқлик каби одатлар муҳим ўрин тутишини кўрсатиб беришдан иборат. Чехов буни уддалаган.
Каштанканинг ўз ўрганган дунёси у адашиб қолган кундан барбод бўлганди. У бошлаган янги ҳаёт эса бу беозор жонивор учун мутлақо нотаниш эди, бундай яшашга у ўрганмаганди. Шунинг учун ҳам имкон топган заҳотиёқ ўйлаб ҳам ўтирмасдан ўша аввалги, аянчли ва ночор ҳаётига қайтади, шуни афзал билади.
Муаллиф Каштанканинг мантиқсиз танловини кечиради. Ит итлигига боради, яъни ўз ҳис-туйғуларига бўйсунади. Ўз эгасига нисбатан садоқат ва вафодорлик эса итларга хос олижаноб фазилатлардан ҳисобланади. Ҳайвонлар ҳар қандай ҳақоратга, азоб-уқубатларга чидайди, аммо барибир ўз эгасига содиқ бўлиб қолаверади, ҳатто у ўлгандан кейин ҳам. Муаллиф фикрича, инсон учун бундай феъл-атвор мутлақо ёт.
Каштанканинг инсон боласи учун ғайритабиий кўринган танловининг бошқа бир жиҳатига ҳам эътибор қаратсак. Циркда у ўргатилган ҳайвонлар билан бирга, уларга яхши қарашади, бироқ улар эркин эмас. Қилаётган ишларининг фаҳм-фаросатига боришмайди, шунчаки онгсиз равишда бир нечта “трюк”ларни бажаришади, вассалом. Яхши нарсаларнинг эса тўлови бўлади. Каштанканинг танлови ўз эркинлиги фойдасига бўлди. Бунинг учун у чексиз азобларга ҳам, ҳақоратларга ҳам рози.
Чехов ҳикоясига бош қаҳрамон қилиб итни танлайди. Танқидчиларнинг фикрича, муаллиф ит образи орқали паст даражадаги одамлар, яъни майда амалдор – тор манфаатпараст, ўзгаларга тобе, ўз сўзига эга бўлмаган кишилар хатти-ҳаракатини киноя қилади. Бундайларга албатта бошқариб турадиган бир “хўжайин” керак. Уларга етказиладиган озор, ҳақоратлар жазо сифатида эмас, балки “хўжайин” томонидан кўрсатилаётган эътибор деб қабул қилинган.
Бош қаҳрамон – ўзини ҳимоя қила олмайдиган, Каштанка лақабли ожиз, бечора бир “Кўппак билан хонаки итдан туғилган тулки тумшуқ, сариқ ёш ит” одамларни икки тоифага: хўжайинлар ва буюртмачиларга ажратади. Биринчиси уни уришга ҳақли бўлса, иккинчисини Каштанканинг ўзи тишлашга ҳақли эди. Муаллиф бу билан паст мавқедаги майда амалдорлар ҳам қўлларининг чигилини ёзишга ҳақли эканлигига ишора қилади.
Чехов Каштанка образи орқали конкрет бир инсонни эмас, Россия империясининг аксарият аҳолисини ифода этади. Муаллиф ўз олдида бир ўлик, фаолиятсиз оммани тасаввур қилади. Иккинчи даражали персонажларга ўргатилган ҳайвонлар – Фёдор Тимофеич (мушук), Иван Иванич (ғоз), Хавронья Ивановна (чўчқа) киради. Бу образларда зиёлиларга тақлид қилувчилар “яширинган”. Булар, яъни кичик мартабали, паст даражали одамлар ўзларининг оғир турмушидан, уларга азоб бераётган хўжайинларидан мудом норози. Бироқ ҳаётларини ўзгартиришга ҳечам ҳаракат қилишмайди. Бу муте одамлар чексиз ғам-андуҳ ва ҳақоратларга тўла шундай йўлни ўзлари танлашган, чунки шунга ўрганишган. Бундайлар учун хўрланиш, камситилиш, таҳқирланишдан кўра бошқарувчининг йўқлиги катта фожиа. Агар бошқарувчи бўлмаса, авом халқ барча масъулиятни ўз бўйнига олишга мажбур бўлади. Бу эса бировнинг ақли, кўрсатмаси билан яшашга ўрганган киши учун осон иш эмас.
Каштанканинг биринчи хўжайини Лука Александрович хонавайрон бўлган зодагонларнинг типик вакили. Лука “лукавить” феълидан олинган бўлиб, ҳийлакор, қув, муғомбир маъноларини беради. Бу исм орқали муаллиф ўз персонажига нисбатан салбий муносабатини билдиради. Лука Александрович “хўжайинлар” сирасига киради, бундайларсиз паст даражадагилар, яъни “Каштанка”лар ўз ҳаётларини тасаввур ҳам қилишолмайди.
Дурадгорнинг ўғли Федюшка ҳам юриш-туришидан, ҳали анча ёш бўлишига қарамасдан, отаси каби қаҳри қаттиқ, шафқатсиз ва қўпол бўлиб вояга етишини муаллиф олдиндан “башорат” қилади: “Унинг ёнида отасининг шапкасини кийиб олган Федюшка борарди”. Чехов бу билан худди отаси каби худбин, бешафқат янги хўжайин етишиб чиқаётганига ишора қилади.
Каштанканинг янги хўжайини оқкўнгил инсон. У ҳайвон ўргатувчи, масхарабоз. Чехов нима учун ижобий персонажга унчалик ҳам аҳамиятга эга бўлмаган бир касбни лойиқ кўради? Зиёлилар – тараққийпарвар кишилар аҳолининг қуйи қатламига муносиб ҳаёт тарзи юритишни таклиф этишади. Бироқ саводи ҳаминқадар бўлган юқори мартабали оқсуяклар назарида улар масхарабознинг ўзгинаси. Бундайларни ҳеч ким назарга илмайди. Улар турли қилиқлари билан томошабинларни кулдириб, кўнглини олишга ярайди, холос. Мана шунинг учун ҳам имкон бўлди дегунча Каштанка масхарабозни, у қанчалик меҳр кўрсатмасин уни, шунингдек, ўзига нотаниш бўлган ҳаётни ҳеч иккиланмасдан тарк этади. Муаллиф тақлидчиларни хушламайди. Улар авом халқ учун ҳам, давлат учун ҳам ҳеч қандай қадр-қимматга эга эмас.
Каштанка мисолида кўришимиз мумкинки, эгаси қандай одам бўлишидан қатъи назар, ит фақат унгагина содиқ, вафодор бўлади. Ҳеч қандай бошқа бир одам, агар у жуда яхши бўлса ҳам, хўжайинининг ўрнини боса олмайди.
Мавзунинг долзарблиги шундаки, у аввало ёш авлодни одоб-ахлоқ чегарасидан чиқмасликка ўргатади. Оқкўнгил, меҳр-оқибатли, тарбияли бўлишга, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзишга доим тайёр туришга чақиради.
Муаллиф Каштанкани кўп ҳолларда ўзи англаган дунёси билан ёлғиз қолдиради. Бундай пайтларда у аввалги ва ҳозирги ҳаётини таққослаб кўради: “бу ер яхшими ёки дурадгорникими, деб ўйлади. Бу ерда жиҳозлар оз ва бунинг устига хунук... Дурадгорнинг уйи эса ҳар хил нарсалар билан тўла: уникида стол, дурадгорлик дастгоҳи, бир уюм қиринди… Нотаниш кишиникида ҳеч қанақа ҳид йўқ, дурадгорникида эса доим елим, лак ва қириндиларнинг хушбўй ҳиди анқийди”. Ёзувчи ҳикояда Каштанкага хос бўлган ибора, ўхшатишлардан моҳирона фойдаланади. Масалан, “Орадан яхши бир суякни тозалагунча керак бўладиган бир муддат ўтди”.
Чехов ўзи билмаган ва хоҳламаган ҳолда болалар ёзувчисига айланди. Бу унинг юксак истеъдод эгаси эканлигидан далолат. В.Белинский бу ҳақда шундай деганди: “Болалар ёзувчиси бўлиш керакмас, шундай бўлиб туғилиш керак”. Дарҳақиқат, Чехов болалар ёзувчиси бўлиб туғилганлардан эди.
Ўзи жимитдекгина асар бўлса-да, у ҳақида билдирилган фикрларнинг салмоғи жудаям катта. Ҳар бир танқидчи, адабиётшунос ўз қарашлари талқинида баён этган хулосалар жамланадиган, ҳажм ўлчовига солинадиган бўлса, бир нечта томга жо бўладиган “масаллиқ” пайдо бўлиши ҳеч гапмас. Мана шуларнинг ўзи ҳам “Каштанка”нинг ҳали очилмаган қирралари бисёр эканлигидан далолат беради. Биз бу ерда фақат денгиздан бир томчини “таҳлил” қилдик, холос.
Мусо МУРОДОВ