Меню
Қашқадарё
ИТ ЙИЛИ НИМАЛАРНИ ВАЪДА ҚИЛМОҚДА?
Ота-боболаримизнинг мучал тақвимига кўра, кириб келаётган 2018 йил ит йилидир. Хўш, аждодларимиз ит йилининг хосиятларини нималарда кўришган? Қуйида бу йилнинг ўзига хос айрим жиҳатлари ҳақида фикр юритамиз.
ТИНЧЛИК, ХОТИРЖАМЛИК РАМЗИ
Кўринишидан анча жаҳлдор ва урушқоқ бўлган ит аслида мучал йилига номи берилган ҳайвонларнинг ичида энг кечиримли, тинчликсевар ва оғир-босиғи экан. Шунга монанд у ўзи билан бирга хотиржамлик, равнақ ва ўзаро уйғунлик олиб келади. Бу йилда тинчлик ва ўзаро тушуниш ҳукм суради. Статистикага кўра, ит йилида катта урушлар, исёнлар, инқилоблар, тўнтаришлар ҳеч қачон бошланмаган. Аксинча, турли ғалаёнлар, низоларнинг айнан шу йилда тўхтаганига кўплаб мисоллар топиш мумкин. Шу боис ҳам айрим шарқ халқлари ит йилини “кечирим йили” деб ҳам номлашади.
ОИЛАВИЙ ВАФО ВА САДОҚАТ УЛУҒЛАНАДИ
Ит оилавий қадриятларни энг улуғловчи жониворлардан бири экан. Шунга мувофиқ, бу йил оилавий қадриятлар ва муносабатларга эътиборли бўлиш талаб этилади. Йил давомида оила равнақи учун бирор катта ишни амалга оширишга киришганлар мақсадга эришиши осон кечади. Айрим манбаларда эса ит йилида бошқа йилларга нисбатан оила қуришлар сони кўп бўлиши кузатилганлиги ҳақида фактлар келтирилган.
ИТ МУЧАЛИ ВАКИЛЛАРИ
Ит мучалида туғилган кишиларга нисбатан қуйидаги сифатлар ишлатилар экан: адолатсизликка муросасиз, очиқкўнгил, тўғрисўз, жасур ва садоқатли.
Юқоридаги сифатларга монанд, ушбу мучал вакиллари яқинларини ҳар доим қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилади. Кўпчилик орасида гапиришдан кўра ўзгаларни тинглашни яхши кўради, бировнинг гапини, сирларини ҳеч қачон бошқага етказмайди. Бошқаларнинг камчилигини пайқаса ҳам пайқамагандек ўтиб кетади. Адолатсизликка қарши мардона курашади. Ишда жуда ташкилотчи. Ҳар қандай жамоани бошқариб кета олади.
Ит мучали вакиллари одатда жуда меҳнаткаш бўлишади. Виждонан ишлайди, тер тўкади. Улар мавқега ҳам ана шу тиришқоқлиги сабаб эришади. Пул йиғишни у қадар хуш кўрмайди. Бироқ ҳадеганда пул сарфлайвермайди ҳам. Пулни тириклик неъмати сифатида хотиржам қабул қилади. Қариндош-уруғ, яқин дўстларга моддий кўмак беришдан тўхтамайди.
БУ МУЧАЛДА КИМЛАР ТУҒИЛГАН?
Табиийки, биз юқорида санаб ўтган сифатларни ўзида мужассам этган киши аксарият ҳолларда катта обрў ва мавқега эриша олади. Демак, бу мучалда туғилганлар орасидан ҳам кўплаб ана шундай кишилар етишиб чиққан. Улар орасида Софи Лорен, Тереза она, Майкл Жексон, Жак Ив Кусто, Стивен Кинг, Уинстон Черчилль, Лайза Минелли, Сильвестр Сталлоне, Ги де Мопассан, Акира Куросава, Александр Твардовский, Бенжамин Франклин, Виктор Гюго, Александр Дюма, Эрнест Хемингуэй, Григорий Распутин, Юрий Гагарин ва шу каби машҳурлар бор.
ЖАҲОНГИР тайёрлади.