Меню
Қашқадарё
ИСТИРОҲАТ БОҒЛАРИДАГИ 59 ТА АТТРАКЦИОНДА ТЕХНИК КАМЧИЛИКЛАР МАВЖУД
Назорат ва натижа
Республика махсус комиссиясининг навбатдаги қарори билан 2020 йил 5 сентябрдан бошлаб қатор фаолият турлари, шу жумладан, парклар ва истироҳат боғларидаги аттракционларнинг белгиланган санитария қоидаларига риоя этган ҳолда ишлашига рухсат берилди.
Албатта, бу борадаги фаолият мамлакатимизга коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирларга мувофиқ бўлиши зарур. Шу билан бирга, мавжуд аттракционларнинг техник хавфсизлигини таъминлаш бўйича белгиланган доимий талаблар ҳам мавжуд. Уларга ҳар доим қатъий амал қилиниши шарт. Боиси, ушбу қурилмалардан ҳар куни юзлаб, минглаб кишилар, ёш болалар фойдаланади. Биргина эътиборсизлик, қурилмадаги техник носозликка бепарво қараш аянчли оқибатга олиб келиши мумкин.
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси мутахассислари томонидан бошқа масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда 13 та маданият ва истироҳат боғидаги 142 та аттракционнинг техник ҳолати ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш давомида мавжуд аттракционларнинг 83 таси бугунги кунда ишчи ҳолатда эканлиги, қолган 59 тасида эса техник камчиликлар мавжудлиги аниқланди.
Жумладан, Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғи ҳудудидаги 14 та, "Asinza-BZ" масъулияти чекланган жамиятига қарашли ASI паркидаги 5 та, "Femily" маданият ва истироҳат боғидаги 6 та, "Глобул хумо сервис" ХКдаги 1 та, шунингдек, туманлардаги истироҳат боғларида ўрнатилган қатор аттракционларга техник хизмат кўрсатилмасдан келинмоқда.
Ўрганиш якунларига кўра, аттракцион мулкдорларига ушбу қурилмалардан фойдаланишнинг техник талаблари бўйича тушунчалар берилиб, носоз аттракционларни ишлатмаслик, уларга белгиланган тартибда техник хизмат кўрсатилганидан сўнггина фойдаланиш мумкинлиги, бу борада қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганда қандай жазо чоралари қўлланилиши ҳақида огоҳлантирилди.
Фаррух ХИДИРОВ,
вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси масъул ижрочиси, сержант