Меню
Қашқадарё
ИСТИРОҲАТ АЙЛАБ КЕЛИНГ...
Яқинда ишдан сўнг жиянларимни бир айлантириб келай, деб Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғига олиб чиқдим. Очиғи, истироҳат боғи ҳудудидаги ўзгаришларни кўриб ҳайратландим. Аслида шу яқин атрофдан деярли ҳар куни ўтаман. Бироқ яқин орада бу ерга ҳеч атайлаб келмаган ва сайр қилмаган эканман. Истироҳат боғига болаликдаги каби тез-тез келиб турмаганим учун ўзимни койиган бўлдим. Чиндан-да “парк”даги ўйин қурилмалари анча бойиган. Айниқса, хориждан келтирилган, бири-бирини такрорламайдиган аттракционларни кўриб, фаввораларнинг ҳузурбахш эпкинини ҳис қилиб, каттаю-кичикнинг кўзи қувнайди, баҳри дили яйрайди. “Ана энди бизнинг болаларга хорижлик тенгдошлари ҳавас қилса арзийди”, дея хаёлимдан ўтказдим.
Маълумки, бир пайтлар туман марказларидаги маданият ва истироҳат боғлари қаровсиз, ҳувиллаб қолганди. Боғ ҳудудида бор-йўғи уч-тўртта “чалажон” арғимчоқ ва ўриндиқ кўзга ташланарди, холос. Бу масканлар номигагина маданият ва истироҳат боғи бўлиб қолганди. Бугун эса барчаси ўзгарган. Истиқлол йилларида Юртбошимиз раҳнамолигида аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши ва бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, маданият ва истироҳат боғлари фаолияти такомиллаштирилгани, уларнинг замон талаблари даражасида жиҳозлангани, бу борадаги ишларга тадбиркор ва ҳомийларнинг ҳам жалб этилганининг амалий ифодаси бугун яққол кўзга ташланмоқда. Туманларда ҳам кўркам қиёфага эга, кўплаб ўйин қурилмалари ва аттракционлар ўрнатилган истироҳат боғлари сони ортмоқда, бугун улар аҳоли, кўзлари қувончдан порлаётган болажонлар билан гавжум.
Косон туманидаги болалар истироҳат боғи ҳақида ҳам шундай илиқ гапни айтиш мумкин.
- Ёдимда, анча йиллар олдин мазкур боғ қаровсиз аҳволда эди, - дейди косон туманилик Шокир Ахматов. – Икки ёки учта ўйин қурилмаси ва яроқсиз ҳолга келиб қолган ўриндиқлар кўзга ташланарди. Йўлакчалар анча тор эди, дарахт бор эдию аммо уларга умуман эътибор йўқ бўлган. Шу боис уни номигагина болалар боғи, дейиш мумкин эди. Унинг чеккалари чакалакзорга айланиб қолгани учунми, одамларнинг у томонларга ҳеч оёғи тортмасди. Кейинги йилларда унда олиб борилган бунёдкорлик,ободонлаштириш ишлари эса боғ қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди.Ҳозирги вақтда ушбу болалар боғи фарзандлари билан сайр қилиб юрган ота-оналарнинг севимли маскани ҳисобланади.
Ҳақиқатан, ундаги янги ўйин қурилмалари, эртак ва мультфильм қаҳрамонлари қиёфасидаги ҳайкалчалар, янгиланган ўриндиқлар, фаввора, музқаймоқ дўкони, экилган турфа дарахт ва анвойи гуллар боғ кўркига кўрк қўшмоқда.
- Фаолиятим давомида Европа, Осиё қитъаларидаги ўндан ортиқ мамлакатда бўлганман, - дейди Қарши давлат университети ўқитувчиси Парда Қурбонов. - Улардаги катта шаҳарлардаги бетакрор ландшафт намуналари, ажиб дам олиш масканлари, хиёбону боғ-роғлар ўз-ўзидан ҳар бир кишида катта таассурот қолдиради. Эътиборлиси, сўнгги йилларда юртимизда, хусусан, вилоятимизда амалга оширилаётган янгиланишлар, бунёдкорлик ишлари илғор хориж давлатларида кўрганларимни ёдга солади. Тез-тез шаҳар бўйлаб оилавий айланишга чиқиб турамиз. Ҳар гал Қашқадарё устидаги Амир Темур кўприги ва унга туташ ҳудуддаги хиёбоннинг тунги манзараси Дунай дарёси қоқ ўртасидан кесиб ўтган Европа мамлакатлари тунги манзарасидан кам бўлмаган салобат ва кўрк намоён этаётганига амин бўламан.
Олимларнинг айтишича, боғ ва хиёбонлар, яшил дарахтзорлар ҳар қандай шаҳарнинг иқлимига ижобий таъсир кўрсатган ҳолда унинг об-ҳавосини мўътадиллаштиради. Уларда сайр қилиш эса киши кайфиятини кўтаради, ўпкани тоза ҳаво билан тўлдириб, кишини янада тетиклаштиради.
Ўрни келганда қайд этиш жоиз, кейинги йилларда юртимизда, хусусан вилоятимизнинг барча ҳудудларида олиб борилаётган бунёдкорлик, шаҳарсозлик ишларида аҳоли дам олиш масканлари, яшил ҳудудлар ташкил этиш сайргоҳлар қуриш, мавжудларини замон талаблари даражасига келтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
- Кечқурун ёки дам олиш кунларида оила аъзоларимиз билан туманимиз марказидаги Алишер Навоий номли истироҳат боғига айлангани чиқамиз, - дейди Касби туманидаги 11-мактаб ўқитувчиси Танзила Тошпўлатова. - Янгиланган ва ўзгача чирой очган истироҳат боғида фарзандларимизнинг яйраб ўйнаши, уларнинг юз-кўзидаги қувонч бизга ҳам кўчгандек бўлади. Қолаверса, мазмунли ҳордиқ кишида ғайрат ва ишчанликни оширади. Шу боис бу ерга тез-тез келамиз.
Яна болалик дамларим эсимга тушиб кетди ва бу гал ёшимга мос тарзда ўйга толдим: “Нега ўша даврларда аҳолининг мароқли ҳордиқ чиқаришга, ота-оналар жажжи болаларини етаклаб сўлим боғларда сайр қилдиришга ҳақли эмасмиди?” Минг чандон ҳақли эди. Лекин бу собиқ тузум сиёсатига мос келмасди, холос. Уларга баркамол авлод эмас, даладан бери келмайдиган ишчи кучи афзал эди. Аҳолига дам олиш масканлари қуриб беришдан кўра пахта далаларини кенгайтириш уларга кўпроқ фойда келтирарди.
...Атрофга, бўлаётган ўзгаришларга боқаман ва баралла айтаман; борингга шукур Истиқлол!
Азизбек НОРОВ