Меню
Қашқадарё
ИСТИҚЛОЛГА САДҚА БОШ
31 август - Қатағон қурбонларини ёд этиш куни
Эшпўлат Абдураҳмонов кўҳна шаҳарнинг Боғу баҳор маҳалласи жонкуяр фаолларидан бири, кўп йиллик меҳнат фаолияти халққа хизмат қилиш билан боғлиқ бўлган олижаноб инсон. Отахон билан унинг хонадонида узоқ давом этган суҳбатимиз мустабид коммунистик тузум туфайли халқимиз бошига тушган кўргиликлар, қатағон қурбонлари ҳақида бўлди. Чунки ўша машъум қаттол салтанат исканжасида миллатимиз бошидан кечирган жабр-зулм, тазйиқ, зўравонлик ва хунрезлик у туғилиб, вояга етган оилага ҳам бевосита дахлдор эди.
Қўлимда бундан бир йил олдин "Шаҳидлар хотираси" жамоат фондидан хонадон соҳибининг сўровига асосан келган жавоб хати турибди. Унда бундан 82 йил олдин шаҳид бўлган Иноят Қудратовнинг аянчли тақдири ҳақида маълумотлар берилган эди.
Иноят Қудратов 1902 йилда Шаҳрисабз туманининг Новқат қишлоғида туғилди. У қизил аскарлар яшил шаҳарни босиб олиб, ҳеч кимни аямай қирғинбарот қилганда, 18 ёшда бўлиб, Шаҳрисабзда кечган қонли воқеалардан хабардор эди. Отаси беклик даврида бойлар ерида чорикорлик қилиб оила боққан бўлса, у ҳам шу йўл билан кун кечирарди. Иноят қишлоқ масжиди қошидаги эски мактабда саводини чиқарган эди, яна шўролар ташкил қилган "саводсизликни битириш" курсида ҳам ўқиди, партия сафига кирди.
Камбағал деҳқон болаларидан янги тузумга содиқ кадрлар тайёрлаш мустабид тузум мақсадларидан бири эди. Иноят ҳам шу тоифадаги оилага мансублиги учун уни Самарқандга ўқишга юборишди. Икки йил давомида катта иштиёқ билан билим олди, битириш имтиҳонларини ҳам юқори баҳоларда топширди, эзгу орзу-умидлар билан она юрти - Шаҳрисабзга қайтди. Туман раҳбарлари уни ўқимишли, дипломли мутахассис сифатида обрўли идоралардан бирига ишга юборди. Иноят энди камбағал, йўқсиллар учун ҳам яхши замон келди деб ўйлаб, сидқидилдан ишлади, туманда амалга оширилаётган ишларда ўзини кўрсатди. Шу туфайли катта раҳбарлар назарига ҳам тушиб "кадрлар захираси" рўйхатига киритилди.
Иноят Қудратов Шаҳрисабзда бир-икки йил ишлаганидан сўнг Сурхондарёнинг Денов туманига ишга юборилди. Бу пайтда у шаҳарнинг Заргарлик маҳалласида яшовчи Миршариф заргарнинг қизи Ҳанифага уйланган эди. Бағрикенг, эрига садоқатли Ҳанифа Иноятнинг ҳаётдан эрта кетган биринчи турмуш ўртоғи дунёга келтирган икки ёш фарзанди - Исмат ва Раҳматга оналик қила бошлади.
Сурхон воҳасида Иноят Қодировга бахт-омад кулиб боқди. Бу ерда раҳбарлик лавозимида ишлаб, обрў-эътибор топди. Янги тузум ривожи, келажаги учун тинмай хизмат қилгани, ишида нуқсони бўлмагани учун раҳбарият уни янада масъулиятли лавозимга тавсия қилиб, ўз юрти - Қашқадарёга қайтаришга қарор қилди. Унинг янги иш жойи Қарши тумани, вазифаси - туман ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари бўлди. Иноят Қудратов шу лавозимда ишлаб турган 30-йилларнинг охирида Қашқадарё вилоятида, унинг маркази яқинидаги туманда ҳам мустабид тузум қатағон сиёсатининг янги шиддатли тўлқини бошлангани муносабати билан вазият оғир эди. "Аксилинқилобчи" айби қўйилиб, жуда кўп кишилар турмага ташланди, сургун қилинди. Бундан ҳатто қаттол ҳокимият тарафдорлари, унга сидқидилдан хизмат қилаётган раҳбарлик лавозимидаги инсонлар ҳам хавотирга тушган эди.
Ижроқўм раиси муовини бўлиб, туманда амалга оширилаётган ишларда фаол қатнашиб келаётган Иноят Қудратов бир кун келиб унга "Аксилинқилобий ўнг троцкийчи жосуслар ташкилоти маркази" аъзоси дея айб қўйилишини хаёлига ҳам келтирмаган эди. 1938 йил 10 февралда ЎзССР ички ишлар вазирлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси уни ана шу айб билан қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарди. Бундан соф виждонли бир инсон орқали хабардор бўлган Иноят Қудратов дарҳол оила аъзолари билан яширинча Бешкентдан чиқиб, Шаҳрисабзга - қишлоғига қайтиб келади. Аммо ички ишлар изқуварлари бир ҳафтага қолмай Новқатда пайдо бўлиб, уни Қарши шаҳрига олиб келишади. 25 февраль куни Бешкентдаги уйи тинтув қилиниб, ҳибсга олинади. Бир кун ўтиб, яъни 26 февралда уни сўроқ қилиш бошланади.
Советларнинг сўроқ тизими ниҳоятда даҳшатли эди. Қўрқитиш, қийноқ, маънавий-руҳий эзиш бунга хос хусусият бўлиб, Иноят Қудратов ҳам ана шундай синовлардан ўтди. Ҳеч қандай яширин ташкилот аъзоси эмаслигини айтди, совет ҳокимиятига душманлигини бўйнига олмади. Темир иродали, энди ўттиз беш ёшдан ошган навқирон йигит бундан кейинги тақдири нима бўлишини билмай, ҳибсхонада етти ярим ой кутиб ётди. Қамоқхонадаги шароит ниҳоятда азобли эди. Тарихнавис олим Поён Равшанов "Қамоқ салтанати" китобида ўша пайтда Қарши шаҳридаги икки қамоқхонадаги аянчли аҳволни шундай тасвирлаган: "...маҳбуслар, маҳбуслар... Уларнинг қамоқдаги аҳволини ўйлаганингда юраги орқага тортади кишининг. Моғор босган, тиқилинч ҳужралар, озиқ-овқатни қўйинг, ҳаво етишмаслиги оқибатида қанча кекса, заиф бандалар ҳаётдан кўз юмганлар. Тўшак йўқлиги, қуруқ ерда ётиш-туриш бориб турган азоб эди. Бир маҳбусга бериладиган улушни 4-5 та қамоқда ётган ейиши-чи? Сўроқ-суриштирувлар, тергов жараёнлари-чи? Булар силлиқ кечган эдими?" (Шу китоб. Тошкент. "Янги аср авлоди". 2014 й. 459-бет.).
Ниҳоят, 1938 йил 14 октябрда "учлик" суди (фавқулодда тезкор жазо суди, деб ном олган бундай институт совет давлати тарихида 40-йилларга қадар терговсиз, судсиз отувни амалга оширадиган қаттол сиёсий муассаса бўлган) Иноят Қудратовнинг "жиноий иши"ни кўришни бошлади. "Учлик" аъзолари маҳбус билан кўп вақтларини ўтказишмади, хўжакўрсинга савоб-жавоблар атиги 20 дақиқа давом этди. Олдиндан белгилаб қўйилган айблов бўйича уни олий жазо - отувга ҳукм қилди. Иноят Қудратов қачон, қаерда отилгани, дафн қилинган жойи ҳамон номаълумлигича қолмоқда. Бунинг боиси бор эди. Чунки, олий жазога ҳукм қилинганлар қамоқхоналарга тегишли "махсус объектлар" - жойларда отилган ва у шу ернинг ўзида дафн этилган. Бу "махсус объектлар" ўта сир сақланган, шу сабабли ҳозирда уларнинг қаерда бўлганини аниқ айтиш қийин.
Иноят Қудратов қаттол тузум жаллодлари томонидан 36 ёшида қатл этилганида унинг Ҳанифа Миршарипова билан никоҳидан бир ярим яшар Ҳидоят исмли ўғли, шунингдек, вафот этган биринчи хотинидан ҳам икки ўғли бор эди. Боқувчисидан ажралган Ҳанифа болалари билан жуда қийин аҳволга тушиб қолди, рўзғор тебратиш тобора оғирлашиб бормоқда эди. "Ҳужум" фабрикасида ишлаб, дўппи тикиш ҳисобидан топган даромади ўзи, уч боласи, кекса онасини боқишга зўрға етарди. У турмуш ўртоғидан қолган ёдгорлик - ўн бир ёшли Исматни, олти ёшли Раҳматни кўзида ёш билан болалар уйига топширишга мажбур бўлди. Кўп ўтмай, ёлғиз фарзанди Ҳидоят ҳам касалланиб вафот этди. Уйда онаси Икромой билан қолди.
Турмуш ўртоғи вафот этган Абдураҳмон Ҳайитов Ҳанифанинг қўлини сўраб, совчи юборди. Аммо эрининг сиймоси кўз олдига келиб, у бир кун қайтиб келади, деган умид билан, рўйхуш бермади. Бир неча кундан сўнг у яна одам юборди. Бу гал онаси Икромой қизи билан узоқ гаплашиб, никоҳга розилигини олди. Иккаласи оила қуришганда Иккинчи жаҳон уруши охирлашиб бораётган эди. Бу никоҳдан 1946 йил 23 ноябрда суҳбатдошим Эшпўлат Абдураҳмонов туғилди.
Абдураҳмон Ҳайитов ўқимишли одам эди, икки йил колхоз раиси бўлиб ишлади. Икки колхоз ўрнида йирик хўжалик ташкил этилгач, уни ферма мудири этиб тайинлашди. Бир йили қиш қаттиқ келиб, жамғарилган ем-хашак баҳоргача етмади. Фермадаги анча чорва моллари нобуд бўлди. Бунда асосий айбдор деб, Абдураҳмон Ҳайитовни судга беришди. Жазо муддатини ўз юртида эмас, Россиянинг Самара шаҳрида ўтказди. Ҳанифа эри қамоқда бўлган икки ярим йилда ўғли Эшпўлат билан моддий қийинчиликда ҳаёт кечирди. Аммо бу гал ҳам синовлардан омон-эсон ўтди. Эри қамоқдан қайтгач, ягона фарзанди Эшпўлатни иккаласи оқ ювиб, оқ тараб тарбиялади, олий маълумотли мутахассис бўлиб етишишига эришди. Эр-хотин неваралари атрофида қўша қариди.
- Волидаи муҳтарамам кўз очиб кўрган биринчи ёстиқдоши ҳақида тез-тез гапириб турардилар, - дейди Эшпўлат Абдураҳмонов. - Шўролар тузумининг унга нисбатан номардлик, ёвузлик қилганлиги, шу туфайли ҳаётни эрта тарк этгани, онаизоримнинг бошидан кечирган қийинчиликларини эшитиб, ич-ичимдан эзилиб кетардим. Айниқса, ўгай отамнинг тақдири шу кунгача номаълум қолаётганидан изтироб чекарди.
Онасининг армонли нидоси, унинг куюниб гапиришини Эшпўлат Абдураҳмонов ўзи учун васият сифатида қабул қилди. Онаси вафотидан сўнг Иноят Қудратовнинг қамоққа олинганидан кейинги тақдирини унинг кекса қишлоқдошларидан, таниш-билишларидан сўраб-суриштирди, республика, вилоятдаги кўпгина ташкилотларга мурожаат қилди. Аммо улардан аниқ маълумотли жавоблар ололмади. Эшпўлат Абдураҳмоновга яқин бир инсон тўғри йўл кўрсатиб, "Шаҳидлар хотираси" жамоат фондига хат билан мурожаат қилишни маслаҳат берди. Бу фонддан келган хатдан кейингина Иноят Қудратовнинг совет ҳокимияти қатағон сиёсати туфайли умри хазон бўлганлиги маълум бўлди.
80-йилларнинг ўрталарида собиқ иттифоқда бошланган "қайта қуриш" жараёнида қатағон қурбонлари ҳақидаги тарихий ҳақиқат ҳам тиклана бошланди. Уларнинг ҳибсга олиниши, тергов қилиниши, суд қилиниб, ҳукм чиқарилишига оид ҳужжатларни қайта кўриб чиқишга киришилди. Ноҳақ айбланиб, отиб ташланган фидойи инсонларнинг пок номлари тикланди. Шулар қаторида Иноят Қудратовга оид ҳужжатлар ҳам архивдан олиниб, синчиклаб ўрганиб чиқилди. 1989 йил 29 август куни Ўзбекистон ССР Олий суди уни оқлаш бўйича қарор чиқарди. Афсуски, бу хушхабар марҳумнинг оила аъзоларига етказилмади.
Иноят Қудратов - қатағон даврида ноҳақ отиб ташланиб, кафансиз, жанозасиз кўмилган минглаб ватандошларимиздан бири. Истиқлолдан сўнг пойтахтимиздаги "Шаҳидлар хотираси" ёдгорлик мажмуасида барпо этилган рамзий қабр Иноят Қудратов учун ҳам сўнгги манзилдир.
Мўмин АЗИЗОВ,
тарихчи-журналист