Меню
Қашқадарё
ИСТИҚЛОЛ ШУКРОНАСИ!
Муаллим, устоз, олим, публицист, адиб ва шоир Абдиолим Эргашевнинг “Истиқлол шукронаси” китобида айнан иккинчи услуб устуворлик касб этганини кузатиш мумкин. “Истиқлол шукронаси” достони Мустақиллик ғояси билан тўлақонли суғорилган, юқори пардаларда истиқлолга интилган ва унга эришган Ватан тарихи, ўтмиши, кечирмишлари, эришмишлари мадҳ этилган яхлит бадиий асар сифатида намоён бўлса-да, достонда ижодкорнинг ўз дардлари, кечирмишлари, чиқармиш хулосалари, ўй-сабоқлари ҳам Ватан, халқ дардига омихталашган ҳолда қаламга олинган. Достоннинг илк сатрларини келтириш ушбу ўринда кифоя қилади:
Яшаган умримнинг қирқидир сароб,
Фирқа коммунизм ғоясин қўйди.
Темур, Навоийни билишим гуноҳ,
Маркс, Ленин десам яхши деб суйди.
Айниқса, достоннинг олти қисмдан иборат “Шукрона” дея номланган бўлимида шукроналикнинг динамик суратда ифодалаб берилиши шоирнинг ички “мен”и жуда бой ва мағзи тўлалигидан дарак беради. Бир неча сатрларга эътибор қаратайлик-а:
Ҳар кун қаршилаган тонгга шукрона,
“Ватан!” деб уйғонган онгга шукрона,
“Юртим озод” деган бонгга шукрона,
Руҳимда шукрона, танда шукрона.
Ана шу руҳ ва тан шукроналиги Ватан шукроналигига, унинг тақдирига шукроналик билан шу қадар чамбарчас боғланиб кетадики, бу ижодкорнинг истиқлолга бўлган юксак эътиқодидан аёнлик беради:
Жаҳоний харита:
“Бу – Ўзбекистон!”
Заминнинг бағрида жаннатий макон,
Улуғ халқ қалбида орият, имон,
Буюк келажакка одимлаб омон,
Дер: “Ватан-тақдирим, сенга шукрона!”
Ушбу шеърий мажмуадан ўрин олган бошқа шеърлар, тўртликлар, иккиликлар ҳам ўқувчини ўйлашга, гоҳо ижодкор ўйларию сабоқларидан ҳайратланишга ундайди. Тизгинсиз ўйлар, ҳаётнинг аччиқ ва беистисно хулосалари, ёрқин, аммо содда иштибоҳлар кишини бефарқ қолдирмайди. Айниқса, тўртликларнинг “қаҳрамонлари” бўлган олчоқ кимсалар, ялтоқи хушомадгўй зотлар, ҳасад халтаси тўла инсонлар, одамови, “ўлчови биқиқ”, ўзини зўр санайдиган, аслида эса саводсиз ва “кўр” тоифалар, меҳрсиз “дўстлар”ни мисралар аро кўп учратасиз, уларни кузата туриб, шоир ўй-хулосаларига бефарқ бўла олмайсиз. Айрим мисраларда эса шоирона иштибоҳ нақадар теран, нақадар файласуфона берилганига амин бўласиз:
Бир зум турса ҳамки, шабнам шабнамдир
Қуёшда товланар бир олам жамдир,
Юз йил ҳаёт кўриб шабнамча бўлмай,
Кетганлар умрига афсус ҳам камдир.
Шоирнинг иккиликлари ҳам бизга аччиқ-аччиқ сабоқ беришда давом этади:
Она ватан дейди, улуғ халқ дейди,
Аслида нафсининг ғамини ейди.
* * *
Бир бурда нон берсанг тўяди ўзи,
Лекин дунё беринг тўймайди кўзи.
* * *
Бургут дея тан олинди ғоз,
Асоси бор қўлида қоғоз.
Тўпламдаги бир қатор шеърларда ижодкор қалбининг туб-тубида чўкиб ётган дардлари, йиғилиб-йиғилиб мадда боғлаган оғриқли яраларини ёриб, гўё “Мана, огоҳ бўлинг сиз ҳам, муҳтарам ўқувчим, ўзингизга бир разм солинг, сиз қайси каслар тоифасига кирар экансиз ўзи?” дегандек сўроқлар бўй кўрсатади, ўқиганда ҳам оғир-оғир ўйларни пайдо қилади. Жумладан, “Қўрқаман”, “Сўнгги надомат”, “Дунёнгни қўй”, “Узр”, “Хаста”, “Пашшага озор жазоси”, “Ов”, “Қондош бўламиз”, “Қаранг”, “Ривоят” ва бошқа кўплаб шеърлар ана шундай ижод намуналаридир.
Албатта, бу ижод намуналарини чуқур мутолаа қилиб, мубоҳаса этган ҳар бир ўқувчи чуқур мулоҳазаларга чўмади, ўзи учун тегишли хулосалар чиқаради.
Туйғун ХОЛМАТОВ,
адабиётшунос