Меню

Қашқадарё

02.08.2016 2098

ИСТИҚЛОЛ - ИҚБОЛ ЙЎЛИ

РУБОБНИНГ ЗЎРИ ШУ БЎЛАДИ

"Дада, менга пианино олиб беринг". Бир кун ишдан қайтсам қизим ёшига хос эркалик билан сўради. Телевизордан кўргандир, ё бирор қўшнининг уйида бўлса, ҳаваси кетгандир, ўксимасин, деган ўй билан эртаси куни ўйинчоқ пианино олиб келдим.

- Остона ҳатлаб кирарканман, қизим саломини ҳам унутиб қўлимга ёпишади. Севинади. Бироз "мусиқа машғулоти"дан чарчагач, раҳмат айтишни ҳам унутмайди.

Йўл-йўлакай шу хаёллар оғушида келганим лаҳзада барбод бўлди. У қўлимга қайрилиб ҳам қарамади. Бир оғизгина сўз айта олди холос: "Мен каттакон пианинони айтувдим". Тўғриси, бу воқеа менга бироз таъсир қилди. Уйқумдан ҳаловат қочди. Беихтиёр болалик йилларимни эслай бошладим...

Болаликда рубобим бўлишини орзу қилардим. Мен ҳам отамнинг ҳоли-жонига қўймай, рубоб олиб беришини сўрайверардим. Қаёқда? У вақтлар рубоб у ёқда турсин, унинг симини ҳам топиш мушкул бўлган. Боламан-да, қаердан билай? Бир куни кўча болалари билан ўйнаб қайтсам, отам қўлига яшик тахтаси билан қарши олди. Икки четига мих қоқиб, сим тортилган. "Мана, ўғлим, рубобнинг зўри шу бўлади". Севинчим ичимга сиғмаган. Қўлимдан қўймай юрганман. Уйга ким келса, мақтанишни ҳам канда қилмаганман. Кенг ёқали кўйлак кийиб, бўйинбоғ тақиб, ойна қаршисида қўшиқ куйлаганларим ҳам ёдимда.

БЎЙИДАН ДИДИ БАЛАНД

Ўтган йили. Кузнинг сўнгги кунлари. Бозор дарвозасида қўшнимни учратиб қолдим. Ёнида эндигина биринчи синфда ўқиётган ўғилчаси. Одатий таомилга кўра ҳол-аҳвол сўрашдик.

- Нимасини айтасиз, - дейди у. - Ўғилчага кеча бир этик олиб борувдим. Киймайман деб туриб олса, денг. Бугун ўзини олиб келиб, ёққанига алмаштириб кетаяпмиз. Ҳозирги болаларнинг таъби нозик. Асилидан кийгиси келади.

- Йўқ, - дейман мен. - Таъби нозик эмас, диди ўсган.

- Биз тўғри келган нарсани кийиб кетаверардик. Йўқ эдиям-да. Ҳозир қаранг, бозорларимиз турли-туман кийим-кечакка тўла. Ҳам дидингизга, ҳам чўнтагингизга мос. Яна аксарияти ўзимизнинг моллар, - дейди қўшни гапимни тасдиқлагандай.  

Учинчи синфда ўқийман. Ўша йили қиш қаттиқ келган. Акаларим талаба бўлгани учунми ё рўзғоримиз "ғазна"си чиндан ҳам "оқсоқ"ланиб қолганми, мактабга боришга қишлик кийимим йўқ эди. Бир куни нотаниш одамлар келиб, синфимиздан беш-олти болага қишлик кийим - одмигина куртка, этик, бош кийим беришди. Уларнинг орасида мен ҳам бор эдим. Ҳарқалай янги. Яна текин. Севинмай бўладими? Уйга юриб келдимми, учиб келдимми, билмайман. Дарвозадан киришим билан мақтанишга тушдим. Негадир ўшанда отамнинг кўзларида ёш айланганини аниқ-тиниқ кўрдим. Биринчи марта савлатли, қатъиятли, элнинг маслаҳатгўйи бўлиб улгурган, узоқ йиллар ўқитувчилик қилган одамнинг кўзида ёш айланиши эди. Энди-энди билсам, ўшанда кам таъминланган оила болаларига давлат томонидан ижтимоий ёрдам сифатида кийим-кечак тарқатилган экан. Эҳтимол, шу олий маълумотли, тайин ишли отамнинг кўнглига оғир ботгандир. Таъсирлангандир.

Бугун-чи, ўқитувчилар элнинг олди, ўзига тўқ одамлар.

БУ БОЛАЛАР ЧЕМПИОН БЎЛАДИ

Қиш ўтиб, баҳорнинг илиқ кунлари бошланади. Мактабдан қайтишимиз билан сумкани бир чеккага отамизу матодан ясалган қўлбола коптокни олиб кўчага отиламиз. Қий-чув, чанг-тўзонда то шомгача футбол ўйнаймиз. Уйга ҳориб кириб келамиз. Аммо "копток"ни эҳтиётлаб олиб қўямиз. Ахир, эртага ҳам футбол бор...

Орадан йиллар ўтди.

- Болаларнинг тўп тепишини қаранг, ҳали булар ўзбек футболини жаҳонга олиб чиқади, - нотаниш одамнинг гапидан хаёлларимни йиғиб оламан. Замонавий футбол майдончасида, спорт формалари ўзига ярашиб турган болаларга яна диққатимни қаратаман. Аммо жавоб беришга шошилмайман. Суҳбатдошим эса гапдан қолгиси келмайди.

- 15-20 йил олдин қишлоқ жойларда ана шундай ихчам, шинам ва замонавий спорт майдончалари қурилади, деса биров ишонмасди. Болалигимиз чанг кўчада, топилса резина тўп, топилмаса консерва қути тепиб ўтиб кетди, - дейди у жилмайганча. - Мен футболчи бўлишни жуда орзу қилардим. У вақтларда ихтисослашган академиялар ҳам йўқ эди-да. Энди орзуларимни болаларимда кўрмоқчиман. Худо хоҳласа, улар футбол юлдузи бўлади. Бунинг учун шароит ҳам, имконият ҳам етарли.

* * *

Кечки овқат олди дастурхон атрофида жам бўламиз. Юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, ҳар соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳаётдаги инъикоси ҳақида ота-ўғил узоқ суҳбатлашамиз. Мавзу кетидан мавзу, шукроналик ортидан шукроналик ёғилиб келаверади. Бир-бир, узуқ-юлуқ юқорида хотирлаганим, болалик дамларимни ҳам эслаймиз. Бу воқеалар ҳам тарихнинг қай бир саҳифасида қолиб кетди. Ўшанда истиқлолнинг илк йиллари эди. Мустақилликка эришган ўзбек халқи эртанги кунига бўлган қатъий ишонч ва узоқни кўзлаган одилона сиёсат туфайли ўшандай кунларни бирбағирликда, аҳилликда мардонавор енгиб ўтди.

Ҳа, халқимиз бу дориламон кунларга шунчаки етиб келмаган. Бу кунлар ўзбекнинг матонати, шижоати, ёруғ кунларга бўлган юксак ишончининг маҳсулидир.

Баҳодир ҲАЛИМОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!