Меню

Қашқадарё

06.09.2016 2289

ИСТИҚЛОЛ ҚАЙТАРГАН МУЛКДОРЛИК ҲИССИ

Устоз-шогирд анъанаси мева бермоқда

Қарши туманилик Моҳигул Қиёмованинг чиройли ҳунари бор. У - моҳир тикувчи. Айни шу ҳунари сабаб тадбиркорликка қўл урди. Аввалига қўни-қўшни, маҳалла аҳлига буюртма асосида либос тикиш билан шуғулланган ишбилармон аёл фаолиятини кенгайтиришга қарор қилди. 2015 йилнинг ноябрь ойида якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтди. Мирмирон массивидаги бинони фойдаланишга олиб, зарур ускуналар билан жиҳозлади. Шу тариқа тадбиркорнинг саъй-ҳаракати билан ҳудудда бир неча турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги тикувчилик цехи иш бошлади.

- Тан олиш керак, бугун тадбиркорнинг ошиғи олчи, унинг бизнеси ривожи учун барча шароит, имконият муҳайё, - дейди Моҳигул Қиёмова. – Бундай қулайлик ва имтиёзлардан мен ҳам унумли фойдаланишга ҳаракат қилаяпман. Цехимизда турли пардалар, аёллар кийимлари, кўрпа-тўшак, махсус иш  кийимлари тикилаяпти. 3 та замонавий дастгоҳимиз бор. Ишчиларнинг бари ёшлар. Ишлаб чиқаришдан ташқари шогирд тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор бераяпман. Ўқув курси ташкил қилганмиз. Яқинда 5 нафар қиз курсимизда таҳсил олиб, ўз мустақил ишини бошлаб юборди. Ушбу ютуқлар билан чекланмоқчи эмасман. Ниятларим   бисёр. Келгусида янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни мақсад қилганман.

Хизмат турлари кўпаяди

Статистика маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятимиз миқёсида тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми аввалги йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоизга ошган. Ҳозирги вақтга келиб, ялпи ҳудудий маҳсулотда соҳанинг улуши 33 фоизни ташкил этмоқда. Ўз навбатида бу вилоятимизда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси сифат ва салмоқ жиҳатидан жадал юксалиб бораётганидан далолат беради.

Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда янгидан фаолият бошлаётган хизмат кўрсатиш субъектларининг асосий қисми қишлоқ жойлар ҳиссасига тўғри келади. Аҳоли талаби ва эҳтиёжидан келиб чиқиб янги хизмат турлари таклиф этилмоқда. Миришкорлик якка тартибдаги тадбиркор Баҳром Файзиев ҳам кўпдан бери шу соҳада меҳнат қилади. Ишбилармон автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, уларни ювиш каби хизматларни йўлга қўйган.

- Ортаётган даромадимиз ҳисобидан янги бир йўналиш бўйича иш бошламоқчимиз, - дейди Баҳром Файзиев. – Қишлоқ жойда умумий овқатланиш маскани барпо этишни мўлжаллаяпмиз. Яхши бир жойдан бино танладик. Таъмирлаш ишларини бошлаганмиз. Бизнес-режамизни амалга ошириш учун ўз маблағимиз ва тижорат банки кредитини йўналтирамиз. Лойиҳа қиймати 50 миллион сўмдан кўпроққа баҳоланган. Ёшларни иш билан таъминлаймиз. Қолаверса, сифатли хизмат кўрсатишни ташкил этиш асосий мақсадимиздир.

Ишлаб чиқаришга замонавий технология

Сир эмаски, юртимизда қонун доирасида меҳнат қилаётган тадбиркорга ҳеч бир тўсиқ йўқ, унинг фаолиятига ҳеч ким асоссиз аралаша олмайди. Бу эса ишбилармонлар сафи тобора кенгайишига сабаб бўлаяпти. Китоблик якка тартибдаги тадбиркор Ислом Баҳромовнинг ҳам соҳада ўзини синаб кўрганига унча кўп бўлгани йўқ. Ишбилармон эришган натижа эса кутилганидан-да аъло.

- Аҳолига асосан чилангарлик маҳсулотларини таклиф этаяпмиз, - дейди у. – Темир панжара, ўриндиқ, стол-стул, дарвоза каби металл конструкцияларни ясаймиз. 3 нафар кишини ишга олганман. Маҳсулотларимиз мижозларга манзур бўлаяпти. Талаб эса ўсиб бораяпти. Галдаги асосий мақсадимиз – ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этишдир. Янги ускуна харид қилмоқчимиз. Режамиз амалга ошса, маҳсулот тури ортиши баробарида сифат кўрсаткичлари ҳам анча яхшиланади.

Оила паррандачиликдан даромад олмоқда

Бугун вилоятимизда тадбиркорликка қўл урган оилалар сони тобора ошмоқда. Афзаллик ва имтиёзларнинг бисёрлиги кишиларни бизнес юритишнинг шу шаклини танлашга ундамоқда. Айни пайтда оилавий тадбиркорлар томонидан харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқарилаяпти.

Миришкор туманида яшовчи Жаҳоншоҳ Қодиров ҳам қариндошлари билан келишиб яқинда оилавий корхона ташкил этишга қарор қилди. Фаолият йўналиши аниқ белгилаб олинди.

- Парранда боқишга иштиёқим ва уқувим кўпроқ, - дейди оилавий корхона бошлиғи Жаҳоншоҳ Қодиров. – Имкониятимизни чамалаб, ишни бошлаб юбордик. Ҳозир 3 мингта жўжа парваришлаяпмиз. Уларни асосан гўшти учун боқамиз. Керакли вазнга эга бўлгач, ушбу парҳез маҳсулотни бозорга чиқарамиз. Муҳими, бугун оиламизнинг барча аъзоси иш билан банд этилган.

Дарҳақиқат, истиқлол бизга қайтариб берган неъматларни санаб адо этиб бўлмайди. Бугун хусусий мулкдорлик, ишбилармонлик ортидан юртимиз одамлари қандай даромад топишни яхши билади. Кичик сармоя эвазига аҳамияти жиҳатидан катта лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этаётган ишбилармонлар талайгина. Улар нафақат ички бозорда харидоргир, импорт ўрнини боса оладиган маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда, мўмай фойда кўрмоқда. Бу эса иқтисодиётимиз ривожига, юрт равнақига, бозорлар тўкинлигига хизмат қилмоқда.

М.ЖЎРАЕВ

Суратларда: тадбиркорлар фаолиятидан лавҳалар.

Собир Нарзиев олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!