Меню
Қашқадарё
ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲА, ЯНГИ ТЕХНОЛОГИЯ ВА РАҚОБАТБАРДОШ МАҲСУЛОТ
Ишлаб чиқариш
Аҳолини доимий иш билан таъминлаш, ҳудудларда хизмат кўрсатиш ва сервисни ривожлантиришда чекка ҳудудларда ташкил этилаётган ишлаб чиқариш корхоналари муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шундай корхоналардан бири Шаҳрисабз туманининг Ўртақўрғон маҳалласида барпо этилди. Тадбиркор Хуршидабону Ҳасанова раҳбарлик қилаётган "Firdavs produktion" масъулияти чекланган жамияти томонидан ишга туширилган мазкур корхонада замонавий мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
- Бугун замонавий ва сифатли мебель маҳсулотларига бўлган талаб юқори, - дейди Хуршидабону Ҳасанова. - Шу билан биргаликда, соҳада каттагина рақобат мавжуд. Боиси, юртдошларимизнинг турмуш тарзи, диди, талаби ўсиб бормоқда. Уларнинг ишончини қозониш учун маҳсулотингиз сифат, дизайн ва нарх борасида ҳам бозор рақобатига дош бера олиши зарур. Бунинг учун эса ихтиёрингизда замонавий ва тежамкор технологиялар бўлиши керак. Шу боис Хитойдан мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш саноатида қўлланиладиган энг сўнгги русумдаги техникаларни харид қилганмиз. Унда ёғочни кесиш, силлиқлаш, пресслаш, турли шакллар бериш, гул босиш ва шу каби барча ишлар компьютерлашган тизимда, ўта аниқ ўлчамда бажарилади.
Айни пайтда корхонада 10 турдан ошиқ мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Тайёр маҳсулот пешма-пеш ички бозорга етказиб берилаяпти. Бу фаолият ортидан эса 7 кишининг доимий иш билан бандлиги таъминланган.
Собир НАРЗИЕВ
Муаллиф олган суратлар.