Меню

Қашқадарё

31.08.2017 1897

ИСТИҚБОЛГА ЙЎЛ ОЧГАН ИСТИҚЛОЛ

БИЗ ЎҚИГАН МАКТАБНИ БУГУН БИЛИШМАЙДИ

Мустақиллигимизнинг биринчи куни, яъни 1991 йилнинг 1 сентябрида илк маротаба мактабга қадам қўйганман. Ўшанда мактабимизнинг иккита биноси бор эди. Уларнинг бирини эски мактаб, иккинчисини эса янги мактаб, деб атардик. Янги мактаб деганимиз 1977 йилда қурилган, 6 хонадан иборат бино бўлиб, унда юқори синфлар икки сменага бўлиниб ўқишарди. Биз бошланғич синфлар эса эски мактаб - ҳашар йўли билан чимдан кўтарилган, лойсувоқ бинода таҳсил олардик.

Бугун мен ва тенгдошларим остонасини ҳатлаб кирган ўша эски мактабнинг нишони ҳам йўқ. Унинг ўрнида кенг ва ёруғ синфхоналарига, спорт залига, компьютер, лаборатория хоналарига эга, замонавий типдаги мактаб қад ростлаган. Бу мактабда укаларимиз, фарзандларимиз, бир сўз билан айтганда, мустақил мамлакатнинг бахтиёр ёшлари таҳсил олишмоқда. Улар бор-йўғи 26 йил аввал бу ерда қандай мактаб бўлганини тасаввур ҳам қила олишмаса керак. Чунки чим ёки пахса деворли мактабларни бугун ҳеч қаерда учратмайсиз. Ўтган йиллар давомида юртимизнинг барча ҳудудларида шинам ва замонавий мактаблар қад ростлади, айримлари тубдан қайта таъмирланиб, янгича чирой касб этди. Биргина вилоятимиз мисолида оладиган бўлсак, 2017 йилнинг 1 январь ҳолатида 162 та мактаб янги қурилгани, 614 та мактаб мукаммал, 832 таси капитал таъмирлангани бунинг яққол ифодасидир.

ТЎҚЧИЛИКДАН ЭМАС, ЙЎҚЧИЛИКДАН ЭДИ

Эсимда, болалигимда уйимизга узоқроқ жойдан бирорта меҳмон келиб қолса, отам албатта, қассобни чақириб, қўй сўйдирарди. Қишлоқдаги бошқа қўшниларимиз ҳам худди шундай қилишарди. Ҳозир бу нарса унутилиб кетган. Бир куни отам билан шу ҳақда суҳбатлашиб ўтириб, ўша вақтлардаги меҳмонга ҳурмат, одамлардаги қўли очиқлик йўқолиб бормаяптимикан, дея сўрадим. Жавоб эса умуман ўзгача бўлди.

- У вақтлар қийин замонлар эди-да, - дея эслайди отам. - Уйга меҳмон келадиган бўлса, жонингда ҳаловат қолмасди. Чўнтагингда пул бор, лекин ҳеч қаердан ҳеч нарса тополмасдинг. Икки кило гўшт оламан десанг, олтмиш километр йўл босиб, туман марказига бориб келишинг керак эди. Хуллас, иккита меҳмон учун ҳам қўрангда битта қўйинг бўлса-да, сўйишдан бошқа чора бўлмасди. Шунда ҳам дастурхонга таомдан ўзга нарса топилмас, меҳмонни хижолат бўлиб кузатардик.

Бугун эса қишлоқда тўртта қассобхона бор. Магазинларнинг-ку саноғини ҳам билмайман. Уларда ҳамма нарса муҳайё. Шошилинчроқ меҳмон келса, чойхонага телефон қилсангиз, тайёр овқатни ҳам келтириб беришади. Хуллас, қишлоқнинг ҳам шаҳардан қолишадиган жойи йўқ.

Бу, албатта, истиқлол йилларида аҳолининг фаровон турмушини таъминлашга қаратилган эътибор, маиший хизмат кўрсатиш тизимида амалга оширилган туб ислоҳотлар, тадбиркорларга берилган кенг имкониятлар самарасидир. Бугунги кунда вилоятимизда фақатгина аҳолига савдо ва умумий овқатланиш хизматини кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари беш ярим мингга яқинни ташкил этади. Айрим тадбиркорларнинг ўндан ошиқ шохобчаларни ишга туширганини инобатга олсак, бир маҳаллада бир  нечталаб ана шундай тармоқлар мавжудлигини тушуниш қийин эмас.  

"My taxi.uz" ҚИШЛОҚДА ҲАМ ИШЛАЯПТИ

Болалик хотирамда қолган воқеалардан яна бири, амакимнинг Қарши шаҳрида ўқиши эди. Чунки ҳар ойда бир марта уйга келадиган амакимни қайта кузатиш анчагина машаққат бўларди. Ўша куни тонгда бобом отга миниб, унинг сумкаларини олар ва ўзини эргаштириб, уйимиздан беш чақирим узоқликдаги катта йўлга чиқариб қўярди. Сўнг уйга қайтиб келиб, кечга яқин яна хабарлашгани борарди. Ишонсангиз, баъзида кун бўйи ўтириб, силласи қуриган амакимни қайтариб олиб келарди. Самарқанд-Қарши йўлидан ўша пайтда бир кунда тўрт-бешта автобус ўтар, одам тўла бўлгани учун уларнинг ҳам тўхташи даргумон эди.

Бугун эса қишлоқдан шаҳарга чиқиш учун қайсидир "таксист"нинг телефон рақамини билсангиз бўлди, қолганини уларга қўйиб бераверинг.

Ўтган йили бир қишлоқдан тўйдан қайтаётиб, машинамиз бузилиб қолди. Ярим тун, бий-баёв чўл. Ҳаммамиз хавотирга тушиб, таниш-билишларнинг телефон рақамини қидира бошладик.

- Тўхтанглар, - деди шу ерлик шеригимиз телефонини олиб. - Ҳозир "my taxi.uz"га телефон қиламан, ҳаммамизни элтиб қўяди.

Айтганидек, зум ўтмай сариқ рангли машина етиб келди. Кейин билсак, шу қишлоқлик уч ака-ука лицензия олиб, такси хизматини йўлга қўйибди. Ҳар доим хизматингизга ҳозиру нозир бўлгани учун қишлоқ аҳли уларни ардоқлаб, машҳур такси хизмати номига нисбат бериб аташар экан.

Бугун мамлакатимиз бўйлаб йўловчиларни ташиш учун ташкил этилган йўналишлар сони 4,5 мингдан ортиқни ташкил этади. Уларнинг 998 таси шаҳар, 2749 таси шаҳар атрофи ва 604 таси шаҳарлараро йўналишлардир. Шундай экан, юртимизнинг қайси ҳудудига борманг, йўлда машина кутиб қолиб кетишни хаёлга келтирмаса ҳам бўлади.

СУРАТЛАРДАГИ МАНЗАРА ЙЎҚ

9-синфдан сўнг ўқишни Қарши шаҳридаги лицейлардан бирида давом эттирдим. Дарсдан бўш вақт топган пайтларимда дўстларим билан шаҳар айланишни яхши кўрардим. Шаҳримизнинг деярли барча диққатга сазовор жойларида суратга тушганман.

Яқинда суратларни томоша қилаётиб, бир нарсага гувоҳ бўлдим. Қўлимда бир талай сурат, уларнинг ҳар бирида шаҳарнинг ўша пайтдаги диққатга сазовор жойлари, бинолари акс этган. Аммо бугун уларнинг ҳеч бирини таний олмайсиз. Биз ҳар куни кўчага чиқамиз, қаерда нимадир қурилаётганининг, бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари олиб борилаётганининг гувоҳи бўламиз. Бу биз учун одатий ҳол бўлиб туюлади. Аслида эса шаҳар бутунлай ўзгариб кетибди.

Сўнгги йилларда Қарши шаҳрида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон, Мустақиллик, Амир Темур, Алишер Навоий, Насаф, Хонобод, Буюк Турон кўчалари атрофидаги эски иморатлар ўрнида уч ҳамда тўрт қаватли муҳташам турар жойлар, корхона ва муассасалар бинолари, маиший хизмат объектлари қад ростлади. Йўл бўйларига ноёб дарахт ва гул кўчатлари ўтқазилди. Мусиқали фавворалар, сайилгоҳлар шаҳар қиёфасига янада жозиба бахш этмоқда. Уч-тўрт йил давомида Қаршини кўрмаган киши бугун ҳайратини яшира олмаслиги тайин.

Хуллас, истиқлол бизга берган имкониятлар, халқимизнинг осуда ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида амалга оширилган ислоҳотларнинг санаб адоғига етиш қийин. Бу фақат қурилиш, бунёдкорлик соҳасига эмас, балки барча соҳаларга тегишли ўзгаришлар. Ҳатто, бу ўзаришлар одамларимизнинг кайфиятида, дунёқарашида, мақсад ва муддаоларида ҳам намоён бўлмоқда. Бугун ким билан суҳбатлашманг, қандайдир режаларни, ишларни амалга ошириш ташвишида юрганига гувоҳ бўласиз. Уларнинг кўзларида бугунидан мамнунлик, келажакка ишонч ҳисси акс этиб турибди.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!