Меню

Қашқадарё

11.02.2022 1951

Истеъмолга яроқсиз пахта ёғи “Ерқўрғон”га қаердан келди?

“Sulton tex group” МЧЖ раҳбари Нурбек Эргашев Қарши шаҳридаги “Ерқўрғон” деҳқон бозорида аниқланган ўз корхонаси “Oq yog' Sulton” ёрлиғи билан ишлаб чиқарадиган пахта ёғига айнан ўхшаш қилиб қадоқланган “Oq yog' Fayz” маҳсулоти ҳалол рақобат меъёрларига қанчалик мослиги юзасидан ўрганиш ўтказишни сўраб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармасига мурожаат қилди.

Бу ҳақда таҳририятга Ўзагроинспекция вилоят бошқармасининг меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология бўлими бош инспектори Нодир Салимов маълум қилди. Унинг баён қилишича, тадбиркор мурожаатида савдодаги 2 литр ҳажмли “Oq yog' Fayz” маҳсулоти “Sulton tex group” ишлаб чиқараётган 1,8 килограммлик “Oq yog' Sulton” пахта ёғига айнан ўхшаш елим идишда, ёрлиғи ҳам деярли фарқ қилмайдиган тарзда қадоқланган ҳолда савдога чиқарилгани таъкидланган.      

- Ана шу маълумотлар асосида ўтказилган ўрганиш жараёнида ҳар иккала маҳсулот туридан намуна олиниб, истеъмолга яроқлилиги таҳлили учун Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вилоят бошқармасига тақдим қилинди, - дейди  Нодир Салимов. - “Oq yog' Fayz” пахта ёғи қадоғидаги ёрлиқда ишлаб чиқарувчи, корхона манзили ва бошқа шу каби зарур маълумотлар кўрсатилмагани бизда шубҳа уйғотди.   

Шубҳа ўринли экан. Мутахассислар ўтказган таҳлил натижалари “Oq yog' Sulton” маҳсулотидан фарқли ўлароқ, “Oq yog' Fayz” истеъмолга яроқсиз эканлиги тасдиқланди. Боз устига “Ўзтест” маркази Қашқадарё филиалида  “Oq yog' Fayz” пахта ёғи учун мувофиқлик сертификати расмийлаштирилмагани аниқланган.

Агроинспекция томонидан тадбиркор Нурбек Эргашев мурожаати асосида ўтказилган ўрганиш асосида тўпланган ҳужжатлар истеъмолга яроқсиз пахта ёғини ноқонуний тайёрлаб, савдога чиқарган субъектни аниқлаш ва қонуний чора кўриш учун Бош Прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармасига юборилган.

Ўз мухбиримиз

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!