Меню

Қашқадарё

27.01.2024 5920

Истеъмолчиларнинг ичимлик суви ва канализация хизматлари учун қарздорлиги 82 миллиард сўмдан ортиқ

Жорий йил 1 январь ҳолатида вилоятимизда истеъмолчиларнинг фойдаланилган ичимлик суви ва кўрсатилган канализация хизматлари учун тўловлари бўйича қарздорлиги 82,3 миллиард сўм, шу жумладан, аҳолининг қарзи 76,5 миллиард сўм, улгуржи истеъмолчиларники эса 5,8 миллиард сўмни ташкил этади.

Ушбу рақамлар Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида “Қашқадарё сув таъминоти” акциядорлик жамияти масъуллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида ошкор қилинди.

Акциядорлик жамияти директори Бекзод Шойимов ва унинг ўринбосарлари қатнашган анжуманда таъкидланганидек, дебиторлик қарздорликни ундириш учун 2023 йил давомида судларга 2864 та 7,3 миллиард сўмлик даъво аризалари киритилган. Шундан, 875,8 миллион сўмлик қарздорликлар ундирилган, қолганлари бўйича Мажбурий ижро бюроси томонидан ундириш ишлари давом этмоқда.

Умуман олганда, тадбирда журналист ва блогерларга вилоятда 2023 йил давомида ичимлик суви ва оқова сув тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш, истеъмолчиларнинг тўлов маданияти, жамият моддий-техник базасини янада яхшилаш ҳамда ишчи-ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги ишлар, 2024 йилги режалар хусусида батафсил маълумот берилди.

Масъулларнинг тушунтиришича, Қашқадарёда марказлашган ичимлик суви таъминоти тизими асосан Китоб-Шаҳрисабз-Яккабоғ ер ости сув манбалари ва Талимаржон очиқ сув ҳавзаси, Оқсув дарёси ҳамда 7 та тумандаги сув ишлаб чиқариш (скважина) иншоотларидан иборат. Аҳолига ичимлик суви 484 та сув иншооти, 312 та сув олиш қудуғи ҳамда 9307 километр узунликдаги қувур ва тармоқлар орқали етказиб берилади. Аммо бугунги кунда мавжуд сув иншоотларидан 71 таси ёки 15 фоизи ва ичимлик суви тармоқларининг 3,2 минг километри ёки 34,4 фоизи таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Ҳар йили мазкур тизимда кенг миқёсда таъмирлаш-тиклаш ва янги қурилиш ишлари олиб борилса-да, истеъмолчиларнинг фойдаланилган ичимлик суви ва кўрсатилган канализация хизматлари учун тўловлари бўйича жуда катта ҳажмдаги қарздорликнинг мавжудлиги тармоқни барқарор ривожлантиришда муайян қийинчиликлар туғдирмоқда.

Ўз мухбиримиз

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!