Меню
Қашқадарё
ИСТЕЪМОЛЧИЛАР ҲУҚУҚИНИ ТАЪМИНЛАШДА МАҲАЛЛАНИНГ ЎРНИ БОРМИ?
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши ҳамда вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари бирлашмаси томонидан ташкил этилган кўрик-танловда шаҳар ва туманлар босқичида ғолибликни қўлга киритган 15 та маҳалла фуқаролар йиғинининг жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссиялари уч шарт асосида беллашдилар.
- Ушбу тадбир Ўзбекистон истеъмолчиларни ҳимоя қилиш ижтимоий ҳаракатини ҳар томонлама ривожлантириш орқали аҳолининг истеъмол маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган, - дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши бош мутахассиси Алишер Аҳмедов. – Шунингдек, инсон соғлиғи учун хавф туғдирувчи сифатсиз товар ва хизматлар ички истеъмол бозорида бўлишининг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқарувчи (хизмат кўрсатувчи)лар масъулиятини ошириш бўйича жамоатчилик назоратини таъминлашга эътибор берилмоқда.
Қизиқарли ва баҳсларга бой бўлган кўрик-танлов якунларига кўра, Шаҳрисабз тумани Хўжахуросон фуқаролар йиғинининг тегишли комиссияси биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўринни эса Китоб тумани Нурафшон жамоаси қўлга киритди. Қамаши тумани Қизилтепа маҳалласининг жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссиясига учинчи ўрин насиб этди.
- Бугунги танловда истеъмол соҳасидаги мурожаатлар билан ишлаш бўйича фаолиятимиз юқори баҳоланди, - дейди Хўжахуросон фуқаролар йиғини комиссия раиси Мухлис Турдиев. – Шунингдек, маҳалламизда кўрсатилган хизматлар учун тўлов интизомини мустаҳкамлаш ва тадбиркорлик соҳасидаги жамоатчилик назорати самарали ташкил этилгани ҳам эътироф этилди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Шоҳиста БОЗОРОВА
Суратда: танлов ғолиблари.