Меню
Қашқадарё
ИСТЕЪМОЛЧИ ҲАМИША ҲАҚ
Шу нуқтаи назардан мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. Хусусан, Асосий қонунимизнинг 53-моддасида истеъмолчилар ҳуқуқлари устунлиги принципи ўз ифодасини топган. Унга асосланиб айтиш мумкинки, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ва истеъмолчи манфаатлари бир-бирига зид келганда устунлик истеъмолчи томонида бўлади. Бошқача айтганда, истеъмолчи ҳар доим ҳақ.
Истеъмолчи манфаатлари, шунингдек, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун билан муҳофаза этилади. Унга биноан, ҳар бир фуқаро товар (иш, хизмат), ишлаб чиқарувчи (сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, истеъмолчи унга таклиф этилаётган товар (иш, хизмат)ни эркин танлайди ҳамда у тегишли даражада сифатли бўлиши лозим. У, яъни истеъмолчи ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш, хизмат), шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланиши, бузилган ҳуқуқлари ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб судга, бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат этиш ҳуқуқига эгадир.
Мазкур қонун ижросини таъминлашда истеъмолчиларнинг ҳуқуқий ҳимояси билан шуғулланувчи жамоат ташкилотлари муҳим ўрин тутади. Шу боис бундай тузилмалар фаолиятини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, бунда Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 ноябрда қабул қилинган “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Шу асосда юртимизда истеъмолчилар ва маҳсулот ишлаб чиқарувчилар, турли хизматлар кўрсатадиган ижрочилар ўртасидаги кўп қиррали ўзаро муносабатларга доир қонунчилик актлари ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ишлаб чиқилиши истеъмолчилар ҳуқуқларига оид мукаммал қонунчилик шаклланишида муҳим аҳамият касб этди.
Мамлакатимиз Президенти Ислом Каримовнинг 2012 йил 13 ноябрдаги фармонига асосан ташкил этилган Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси ҳам истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим роль ўйнаяпти.
Жумладан, қўмитанинг ҳудудий бошқармасида истеъмолчиларнинг мурожаатлари мавжуд қонунларда белгиланган тартибда ва ўз вақтида ўрганилаяпти. Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш давомида қонунбузарлик аломатлари қайд этилса, мазкур мурожаат махсус комиссия муҳокамасига қўйилаяпти.
Айтиш керакки, 2015 йил давомида ҳудудий бошқармага истеъмолчилар томонидан 58 та ёзма ариза ва шикоят билан мурожаат қилинган бўлса, уларнинг 46 таси коммунал, 11 таси савдо ва умумий овқатланиш, 1 таси транспорт, алоқа ва коммуникация соҳаларига тегишлидир.
Шунингдек, ўтган давр мобайнида ҳудудий бошқарманинг “ишонч телефони” орқали истеъмолчилардан 38 мурожаат қабул қилинган. Уларнинг 31 таси коммунал соҳага тегишли ва мазкур мурожаатлар ҳудудий бошқарма мутахассислари томонидан ваколат доирасида ўрганиб чиқилди.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлайдиган қонунчилик базаси мавжудлигига қарамасдан, ҳозиргача сифати паст товарларни сотиш, талабга жавоб бермайдиган хизматларни кўрсатиш каби ҳолатлар учраяпти.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитасининг вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунни кенг тарғиб қилиш, ёш авлоднинг ҳуқуқий билимини ва истеъмол маданиятини юксалтириш мақсадида таълим масканларида, маҳалла ва қишлоқларда кўплаб тадбирлар ўтказилаяпти. Мавзуга оид долзарб муаммолар, янгиликлар тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар қилинаяпти.
Хўш, истеъмолчи ўз ҳуқуқлари бузилган тақдирда нима қилиши лозим? Авваламбор, дарҳол оғзаки ёки ёзма, шу жумладан, электрон шаклда корхонанинг мансабдор шахсига эътироз билан мурожаат қилиши керак. Шунда ҳам ҳуқуқлари тикланмаса, у истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга оширадиган ваколатли давлат тузилмалари, маҳаллий ҳокимият органлари ёки бевосита судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Мухтасар айтганда, бугун мамлакатимизда истеъмолчи ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қила олади. Бу борада уларни қўллаб-қувватловчи давлат тузилмалари ҳамда жамоат ташкилотлари бор. Бу эса ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуришнинг муҳим шарти.
Ҳамдам ЧОРИЕВ,
Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси масъул ходими.