Меню
Қашқадарё
ИСТЕЪДОД ВА МАҲОРАТ НАМОЙИШИ
Фестиваль Қаршида уч жойда – вилоят мусиқали драма театри, Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳамда Эски шаҳар ҳудудидаги яшил хиёбонда ташкил этилди.
- Фестивалда Қарши маданият ва туризм коллежи, Қарши санъат коллежи ҳамда Қарши шаҳридаги 1-болалар мусиқа ва санъат мактабининг рассомчилик ва халқ амалий санъати йўналишларида маҳорат ошираётган ўқувчилар иштирок этди, - дейди Ўзбекистон бадиий академияси вилоят бўлими раҳбари Азамат Сатторов. – Улар рангтасвир, графика, либос дизайни ва халқ амалий санъати турлари бўйича ўз маҳоратларини намойиш этишди. Фестиваль ҳамма учун очиқ тарзда ўтказилди ва барча қизиқувчилар ёш иштирокчиларнинг амалий ишларини кузатиб борди.
Шунингдек, фестиваль давомида тажрибали рассомлар, дизайнерлар, ҳайкалтарошлар ёш истеъдод эгаларига ўз маслаҳатларини берди.
- Фестивалда Одина масжидини ташқи томондан тасвирлашга ҳаракат қилдим, - дейди Қарши маданият ва туризм коллежи 1-босқич ўқувчиси Меҳринисо Пардаева. – Ёшлигимдан тасвирий санъатга қизиқаман. Қарши шаҳридаги 1-болалар мусиқа ва санъат мактабини тамомлаб, айни вақтда коллежда ҳам шу йўналишда таҳсил олаяпман. Бир қанча танловларда ўз ишларим билан иштирок этганман. Ўтказилган фестиваль ҳам маҳоратимни яна бир бор синовдан ўтказишда муҳим роль ўйнади.
Фестиваль якунида рангтасвир, графика, либос дизайни ва халқ амалий санъати йўналишлари бўйича энг яхши иш муаллифлари ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ж.БОЙМУРОДОВ
Суратларда: фестивалдан лавҳалар.
С.НАРЗИЕВ олган суратлар.