Меню
Қашқадарё
Иссиқхонада балиқ боқишнинг қандай афзаллиги бор?
Излаган имкон топади, дейдилар. Имкон топган эса яхши яшашга ҳақли. Аҳамиятлиси, юртимизда ишбилармонлар учун яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, яхши яшашга интилаётганлар сони талайгина.
Хусусан, ғузорлик Фарид Эшдавлатов иссиқхонада балиқ парваришлашни йўлга қўйиб, айни пайтда ички бозорни шу турдаги маҳсулотлар билан бойитишга ҳисса қўшаётгани фикримизга далил.
– Иссиқхонада балиқ етиштиришнинг афзал жиҳатлари жуда кўп, – дейди тадбиркор. – Қиш пайтида сув ҳарорати 18 даражадан пасайганда, балиқлар озиқланмай қўяди. Натижада улар то баҳорга қадар, сув илигунча ўсишдан ва етилишдан тўхтайди. Қиш ойларида балиқ етиштиришни кўпайтириш мақсадида иссиқхонада, сувни меъёрдаги даражада илитиб, балиқ етиштираяпмиз. Ҳозирги кунда 15х7 метр сиғимдаги ҳовузда парваришланаётган Африка лаққа балиқлари қишда ҳам озиқланиб, вазни ошиб бормоқда. Иссиқхона ичида 3 та ҳовуз барпо қилиб, сувни илитиш, тозалаш ва ҳароратини меъёрда ушлаб туриш ускуналари ўрнатилган.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси вилоят кенгаши вакиллари иссиқхона фаолияти билан танишибди. Айтишларича, тадбиркор томонидан жорий йилда ички бозорга 2,5 тонна балиқ етказиб берилган бўлса, қишки мавсумда 1,5 тонна балиқ сотиш мўлжалланмоқда.
Шу вақтгача балиқ чавоқлари Тошкентдан олиб келинган бўлса, эндиликда шу ернинг ўзида инкубация цехи қуриб, балиқ чавоқларини етиштириш мўлжалланаяпти. Икра олинадиган балиқлар эса алоҳида парваришланаётир.