Меню

Қашқадарё

21.04.2018 2591

ИСПАН МУТАХАССИСИ ҚАРШИДА ИШ БОШЛАДИ

Эндиликда Кико Қашқадарё билан бир қаторда, Сурхондарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларидаги футбол мактаблари фаолиятини ривожлантириш,  машғулотлар олиб бориш, мураббийлар малакасини ошириш каби ишлар билан шуғулланади. Бундан ташқари, ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларининг бош мураббийларига ҳудуддаги селекционер мураббий сифатида ҳам ўз ёрдамини беради ва ЎФА томонидан ўтказиладиган ўқув семинарларида ўз дастурлари билан чиқиш қилиб боради.

- Мен аввало ҳудудларни ўрганиб чиқишим керак, - дейди мутахассис. - Болаларнинг футболга талпинаётганликларини кўриб турибман. Ўзбекистонга шунчаки ишлагани келмадим. Агар терма жамоангиз Қатарда бўлиб ўтадиган мундиал йўлланмасини қўлга киритса, мен ҳам шу лойиҳада иштирок этган киши сифатида ишимдан қаноат ҳосил қилган бўламан. Акс ҳолда ўз ишимни қониқарсиз баҳолайман. Воҳада ишга киришдим. Бироз вақт ўтгач ўз дастуримни амалга оширишни бошлайман.

Кико Зунига 1962 йил Испанияда таваллуд топган. Футболчи сифатида "Реал Сосьедад" клуби сафида тўп суриб, "Copa del Rey" совринини қўлга киритган. Мураббийлик фаолияти давомида эса Мадриднинг "Атлетико" клуби U-13 ва U-14 жамоаларини бошқарган. Шунингдек, Кико Зунига Мадриднинг "Реал" жамоаси қошидаги Хитой академиясида ҳам фаолият юритган.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!