Меню

Қашқадарё

31.01.2020 1771

ИСЛОМ КАРИМОВ ХОТИРАСИГА ЭҲТИРОМ

Қалбимизда мангу барҳаёт

Мустақиллигимиз асосчиси, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотираси қалбларимизда абадий яшайди. Бинобарин, Буюк Йўлбошчининг улкан хизматлари натижасида тинч ва осойишта Ватан, фаровон турмуш, юксалиш ва ютуқлар қўлга киритилди. Бу инсон халқимизни нафақат мустақилликка олиб чиқди, балки уни мустаҳкамлаш йўлида бутун борлиғини бахшида қилди.

30 январь - Ислом Каримов таваллудининг 82 йиллиги муносабати билан Қарши шаҳри марказида ўрнатилган ёдгорлик қошида давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари, фан, маданият, адабиёт ва санъат намояндалари, ёшлар жам бўлди.

Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги жамоатчилик вакиллари Биринчи Президент ҳайкали пойига гуллар қўйди, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Қайд этиш лозим, Ислом Каримов Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти сифатида мамлакатимизни жаҳонда ўз ўрнига эга бўлган, мустақил ва мустаҳкам давлатга айлантирди.

У Қашқадарё вилоятининг иқтисодиётини кўтариш, одамларни рози қилиш йўлида ҳам тиним билмай меҳнат қилди.

Ҳеч кимга сир эмас, Ислом Каримов Қашқадарё элини айрича яхши кўрарди. Ўз навбатида воҳа аҳли ҳам уни аввало раҳбар, айни пайтда ҳамфикру ҳаммаслак, элнинг корига ярайдиган, кўпнинг дардига қайишадиган мард ўғлон сифатида ҳурматларди, иззат қиларди.

- Ислом Каримов номи Ватанимиз тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилади, хотираси халқимиз қалбидан ҳеч қачон ўчмайди, - дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шарапова. - Истиқлолнинг чорак асрида эришилган барча ютуқ ва натижалар у киши номи ва фаолияти билан бевосита боғлиқ эканини барча бирдек эътироф этади.

Шу куни Ислом Каримов ҳайкали пойи гулларга бурканди.

Биринчи Президент хотирасига бағишлаб, Қарши шаҳридаги Мурувват уйи, Қамаши туманидаги Меҳрибонлик уйи ҳамда Китоб туманидаги Меҳрибонлик ва гўдаклар уйида эҳсон ошлари ташкил этилиб, болаларга совғалар улашилди.

Буюк Йўлбошчини хотирлаш тадбирлари давом этмоқда.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!